Ўзбекистон | 20:16 / 11.02.2022
19901
3 дақиқада ўқилади

13–15 февраль кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида кучли шамол бўлиб, чанг тўзони кузатилади

Дам олиш кунлари ҳаво совиб, Ўзбекистон бўйлаб қор ва ёмғир ёғиши кузатилади. Янги ҳафта бошида эса мамлакат ҳудудига жанубий Урал ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши, кечалари ҳаво ҳарорати -7 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

«Ўзгидромет» 13–15 февраль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Ғарбий Қозоғистон орқали жанубий Урал ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилаётганини маълум қилди.

Хабар қилинишича, 13–14 февралда республика бўйича баъзи жойларда шамол кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда чанг тўзон кузатилади. Жумладан, 13 февралда Қорақалпоғистон Республикасида шамол 17–22 метр/секундгача кучаяди, 25–28 метр/секундгача ҳам кучайиши мумкин.

14 февралда республика бўйича баъзи жойларда 17–22 метр/секундгача, Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Фарғона вилоятларининг айрим ҳудудларида 25–28 метр/секундгача кучайиши мумкин.

13 февраль куни Қорақалпоғистонда ва 14 февраль республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор), тоғли ҳудудларда қор ёғиш кучли бўлиши мумкин.

15–17 февралда кечаси ҳарорат -4–7 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кузатилади

«Ўзгидромет» дам олиш кунлари қандай об-ҳаво билан ўтиши ҳақида ҳам маълумот берган.

Қайд этилишича, жума куни Шимолий Кавказ ҳудудларидан республиканинг шимолий ҳудудларига кириб келган нам ва салқин ҳаво массаси шанба куни мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади.

Республика бўйича баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кутилмоқда, фақат шимолий ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси ва кундузи 2-7 даража илиқни ташкил этади. Шунингдек, Қорақалпоғистонда ва Хоразм, Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда шамол 17-22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда чанг тўзон кузатилади.

Якшанба куни фақат Қорақалпоғистоннинг баъзи жойларида бироз қор ёғиши мумкин, қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси 2 даража совуқ 3 даража илиқни атрофида, кундуз куни 5-10 даража илиқни ташкил этади. Шимолда шамол 17-22 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда, баъзи жойларда эса 25-28 метр/секундгача кучайиши мумкин.

Баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

12 февралда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик, баъзи жойларда кучли бўлади. 13 февралгача республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид