Россия Украинага «исталган» лаҳзада бостириб кириши мумкин, бу ҳақда 11 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден администрацияси вакили маълум қилди. «Биз босқин исталган вақтда, жумладан Олимпия ўйинлари давом этаётган вақтда бошланиши мумкин бўлган вақтда турибмиз», — деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масаласи бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия Украина чегаралари яқинида ушбу мамлакатга бостириб кириш учун етарли миқдорда қўшин тўплагани, аммо АҚШда Россия президенти Владимир Путин бостириб кириш бўйича якуний қарорга келгани ҳақида маълумот йўқлигини айтди.
Салливан Россия барибир Украинага бостириб кирадиган бўлса, ҳужум ҳаводан бомбардимон қилиш ва ракеталар йўллаш билан бошланиши мумкинлиги, россиялик ҳарбийлар Киевга ҳужум қилиши ҳам истисно этилмаслигини қўшимча қилди.
Politico нашрининг ёзишича, Жо Байден иттифоқчиларга босқин 16 февраль куни бошланиши мумкинлигини айтган. Der Spiegel маълумотига кўра, бу сана ҳақида Марказий разведка бошқармаси ва Америка армияси раҳбарияти томонидан АҚШ ҳукумати ва НАТО мамлакатлари хабардор қилинган. Der Spiegel хабарида, Берлиндагилар Вашингтоннинг хулосаси айнан қандай далилга асосланганини билмасликлари, шу билан бирга америкаликлар ҳисоботи жуда батафсил ва унда жуда кўп манбаларнинг маълумотлари келтирилгани қайд этилган. «Россияликлар босқини йўналишлари аниқ кўрсатилган, шунингдек русларнинг қайси ҳарбий қисмлари қандай вазифаларни зиммасига олгани баён этилган», — дея ёзади Der Spiegel немис ҳарбийлари дипломатик доираларидаги манбасига таяниб.
Европанинг баъзи давлатлари Россиянинг режалари борасидаги разведка баҳоларида АҚШ билан ҳамфикр эмас. Буюк Британия вакили мамлакат расмийлари 16 февраль куни содир бўлиши мумкин бўлган воқеалар бўйича разведка маълумотларини бошқача талқин этишаётганини таъкидлаган. Politico нашрининг ёзишича, икки европалик дипломат (улар қайси мамлакатлар вакиллари эканига аниқлик киритилмаган) бу маълумотга янада «скептик» ёндашмоқда. Хабарда айтилишича, улардан бири бунга ишончи камлиги, сабаби Путин бундай қўпол хатога йўл қўймаслигини таъкидлаган.
Россия Украинага бостириб кириш нияти йўқлигини такрорлади. АҚШнинг янги баёноти Россия ТИВ томонидан «истерика» деб аталди. «Англосаксларга уруш керак. Ҳар қандай йўл билан. Провокациялар, дезинформациялар ва таҳдидлар — уларнинг ўз муаммоларини ҳал қилишнинг севимли методи. Америка ҳарбий-сиёсий машинаси катоги (ғалтак машина) яна одамлар ҳаётини босиб ўтишга тайёр. Бутун дунё милитаризм ва империя амбициялари ўзини фош этаётганига гувоҳ бўлиб турибди», — дея ёзган Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова телеграмдаги каналида.



















