Элёржон Жумаев, Жанубий Кореянинг Сежонг университети

Элёржон Жумаев ҳозир Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Янги Ўзбекистон университети проректори вазифасида ишлайди. Яқинда унинг “Юқори даражада мустаҳкамлик ва эгилувчанликка эга никел асосли янги суперқотишмалар” ихтироси халқаро миқёсда патентга лойиқ топилди. Бу ихтиро аэрокосмик ва автомобилсозлик соҳалари учун муҳим янгилик бўлди. Янги суперқотишма енгил бўлиши билан бирга, жуда юқори ҳароратга бардошли ҳисобланади.

“Болалигимдан электромобиллар ва аэрокосмик кемаларга қизиққанман”

— Болалигимда автомобилсозлик, айниқса, аэрокосмик кемаларга жуда қизиқардим. Шу соҳада қандайдир янгилик қилиш фикри менга тинчлик бермасди. Шу истак ортидан Тошкент техника университетининг материал технологияси йўналишига ўқишга кирдим. У пайтлар электромобиллар энди чиқаётган эди. Шуларга қизиққанман ва 2014 йилда бакалаврни битириб, Германия қўшма корхонасида ҳам қисқа вақт муҳандис бўлиб ишладим. 2014 йил охиридан Кореяда Сежонг университети нанотехнологиялар ва илғор материаллар технологияси йўналишига магистратурани бошлаб, 2016 йил охирида битирдим. 2017 йилдан докторантурада ўқиганман ва 2021 йилда техника фанлари доктори унвонини олдим.

Кореядаги фаолияти, Hyundai Motors ва НАСА лойиҳаларидаги иштироки ҳақида

— Кореяда таҳсилим давомида Samsung Electronics’да телефонлар вазнини пасайтириш бўйича янги турдаги наноматериалларни ишлаб чиқариш лойиҳасида ҳам 2 йил фаолият юритдим. Ва яна Hyundai Motors, НАСА лойиҳаларида қатнашдим. Батарея қувватини сақлаш бўйича Tesla'дан кейинги ўринда турувчи Ioniq 5 электромобиллари бўйича таклифлар ишлаб чиққанман.

НАСА билан ишлаган лойиҳам ҳақида маълумот беролмайман, чунки бу касб сири ҳисобланади. НАСА билан ҳамкорлигим ҳозир ҳам давом этяпти.

Элёржон Жумаев, Жанубий Кореянинг Сежонг университети

Магистратура давомида менда учёқлама ўйлаш қобилияти шакллана бошлаган. Бажараётган тажрибамни 3 томонлама тасаввур қилишни ўрганганман. Замонавий илмда ҳам учёқлама ўйлаш жуда катта рол ўйнайди. Буни сўзда ифодалаш қийин. Бунда бажараётган ишингизни ҳис қилиш ҳам муҳим. Шунинг учун Кореядаги илмий раҳбарим мени Ўзбекистонга қўйиб юбориши қийин бўлган.