07:35 / 15.02.2022
7211

Аукцион орқали 7 млрд сўмлик авторақамлар сотилди

Ўтган ҳафта давомида, 7 – 13 февраль кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг барча савдо платформаларида 2,3 трлн сўмлик товарлар сотилди, бу аввалги ҳафтага нисбатан 16,4 фоизга кўп.

Фото: Kun.uz

Сотувларнинг 88,6 фоизи биржа савдолари, 0,1 фоизи кўргазма-ярмарка савдолари, 10,9 фоизи электрон давлат харидлари ва 0,3 фоизи авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 3 530 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 7 млрд сўмни ташкил қилди. 

Савдолар натижасида битимларнинг 5,6 фоизи биринчи тоифадаги авторақамларга, 9,6 фоизи иккинчи, 8,7 фоизи учинчи, 11,9 фоизи тўртинчи, 23,2 фоизи бешинчи ва 41 фоизи олтинчи тоифа авторақамларга тегишли бўлди.

Аввалроқ, 2021 йилда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил қилгани хабар берилганди.

2021 йилда Ўзбекистон бўйича биржа орқали 139,4 мингдан зиёд авторақам 298,8 млрд сўмга сотилган. Авторақамлар avtoraqam.uzex.uz сайтида шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилган бўлиб, чиройли авторақамларнинг сотуви 2020 йилга нисбатан сон жиҳатдан 40 фоизга, ҳажми бўйича – 21 фоизга ўсган.

Ҳудудлар кесимида сотилган энг кўп «чиройли» авторақамлар Тошкент шаҳри вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу ҳудудларда сотилган авторақамлардан 142 млрд сўмдан зиёд пул тушган.

Top