Жамият | 15:49 / 18.02.2022
1760
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ЙПХ ходимига пора бермоқчи бўлган ҳайдовчи ушланди

Маст ҳолда машина бошқарган ҳайдовчи 3 миллион сўм эвазига ўзи содир этган қоидабузарликни енгилроқ жазо турига алмаштириб беришни сўраган.

Фото: Fotolia

Маълум қилинишича, 2022 йил 11 февраль куни соат 21:00 ларда Термиз туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан Isuzu юк машинаси тўхтатилиб, ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилган. Ўзаро мулоқот чоғида ЙПХ ходими ҳайдовчи Н.Қ.нинг оғзидан спиртли ичимлик ҳиди келаётганини пайқаган ва уни текширувдан ўтишга таклиф қилган.

Нарколог шифокорнинг текширув хулосасига кўра, ҳайдовчи маст ҳолда бўлгани тасдиқланган. ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 131-моддаси тартибида баённома расмийлаштирилиб, юк машинаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.

Орадан 5 кун ўтиб, 2022 йил 16 февраль куни ҳайдовчи маъмурий амалиёт ходими ёнига келиб, 3 миллион сўм эвазига ҳуқуқбузарлигини енгилроғига алмаштириб беришини илтимос қилган.

Шундан сўнг ходим вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган фуқарога нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ҳолат юзасидан 16 февраль куни соат 20:00 ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Н.Қ. ЙПХ ходимига 200 доллар ҳамда 1,8 миллион сўм пулларни пора тариқасида бераётган вақтида қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид