Ўзбекистон | 17:18 / 23.02.2022
20689
5 дақиқада ўқилади

Гурлан тумани ҳокими кооперативларга уюшмоқчи бўлган фермерларга “статялар” билан таҳдид қилди

Оёғида мустаҳкам турадиган тадбиркор-деҳқонлар синфи “иссиқхона ичида” ёки ҳокимлар чизган чизиқ бўйича юриб шаклланмайди. Энди шаклланаётган мазкур синф эркинликнинг паст-баландини ўз тажрибасида синаши керак, бошқача қилиб айтганда, уларга “хато қилиш ҳуқуқи” берилиши лозим.

Хоразм вилояти, Гурлан тумани ҳокими Муроджон Ачилов иштирокида ўтган йиғилишда (19.02.2022) ҳоким кооперативларга уюшиш истагида бўлган фермерларга қарата эскича – авваллари кўпчилик ҳокимлар фермерларга қилиб келган муносабат услубида, яъни менсимасдан, “тепадан пастга” қараб, қўпол оҳангда, сенлаб мурожаат қилди.

Ўз сўзида ҳоким фермерлар иштирокидаги ҳамкорлик шакли – кооперацияни “бўладиган нарсамас” деб атади, шу билан бирга “кооперацияни ўша вақтда бизлар ўйлаб топганмиз, аммо бу “пустой” нарса” дея, маҳаллий кластер билан шартнома тузишга фермерларни қатъий оҳангда чорлаб: “Эртага ёмонотлиқ бўлганинг қолади, ерингдан ажраганинг қолади”, “Бошқа-бошқа статялар чиқиб келади” деди.

Шуни таъкидлаш керакки, биринчидан, Фуқаролик кодексининг 354-моддасига мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндир. Яъни ҳеч кимнинг кимнидир мажбурий равишда, шу жумладан, фермерларга ҳам шартнома туздиришга ҳаққи йўқ.

Иккинчидан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасига асосан, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари деҳқон ва фермер хўжаликларининг тадбиркорлик фаолиятига, шу жумладан ушбу хўжаликларнинг агротехника усулларини, етиштириладиган маҳсулот турини танлашига, бу маҳсулотнинг баҳосини ҳамда реализация қилиш йўналишини белгилашига аралашишга ҳақли эмас.

Учинчидан, Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармонига асосан, фермер хўжаликларига ўз вилоятидаги исталган пахта-тўқимачилик кластерлари билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқи бор.

Тўртинчидан, Фуқаролик кодексининг 123-моддасига кўра, зўрлик, қўрқитиш, бир тараф вакилининг иккинчи тараф билан ёмон ниятда келишиши таъсирида тузилган битим, шунингдек фуқаро оғир ҳолатлар юз бериши туфайли ўзи учун ўта ноқулай шартлар билан тузишга мажбур бўлган, иккинчи тараф эса бундан фойдаланиб қолган битим (асоратли битим) жабрланувчининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги 383-сонли қарори билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги низом талабига асосан, тайёрлов ташкилоти (кластер) агротехника чора-тадбирларини амалга оширишдан бир ой олдин шартнома тузиш учун фермер хўжалиги жойлашган худудга ўзининг ваколатли вакилини юбориши керак.

Фермер хўжалиги шартнома лойиҳаси тайёрлов ташкилоти (кластер) вакилидан олинган вақтдан бошлаб 7 кун мобайнида уни кўриб чиқади ва эътирозлари бўлмаган тақдирда лойиҳани имзолайди. Шартнома лойиҳаси шартлари бўйича эътирозлар пайдо бўлган тақдирда фермер хўжалиги 7 кун муддатда келишмовчиликлар тўғрисида протокол тузиб, уни тайёрлов (кластер) ташкилотига жўнатади. Бунга учинчи шахснинг аралашишига ҳаққи йўқ.

“Кооперация тўғрисида”ги қонун, “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 22.06.2020 йилдаги “Пахта ҳом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 398-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан, фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперациялари тузилади.

Кооперация мутлақ эркин равишда пахта хомашёсини етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш ишларини амалга оширади.

Туман ҳокимларига кооперациялар фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, агротехник тадбирларни ўз муддатида ва сифатли амалга оширишга кўмаклашади ҳамда кооперациялар ва пахта хомашёсини етиштирувчи фермер хўжаликларини уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминлаш чораларини кўриш юклатилган.

Қишлоқ хўжалиги субъектлари фақат ва фақат эркин бўлсаларгина соҳадаги ишлар самарали бўлади (сайтимиз бу мавзуда кўплаб асосли илмий, публицистик материаллар тайёрлаган). Аммо бунга етишиш учун деҳқонлар эркинликнинг паст-баландини ўз тажрибаларида синаши, бошқача қилиб айтганда, уларга хато қилиш ҳуқуқи берилиши лозим. Қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишнинг бошқа йўли йўқ – тадбиркор-деҳқонлар синфи “иссиқхона ичида” ёки ҳокимлар чизган чизиқ бўйича юрса шаклланмайди.

Қайд қилиш жоизки, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ҳокимлар фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими йўлга қўйилган ва Гурлан тумани ҳокими Муроджон Ачилов 205 ҳоким ичида юқори ўнталикка кириб, 8-ўринни эгаллаган эди.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид