Афғонистон ҳукуматига «Толибон» келганига ярим йил тўлди. Бу вақт ичида энг кўп тақиқларга учраган афғон хотин-қизлари бўлди. Улар орасида ҳарбий, ўқитувчи, шифокор, ҳуқуқшунос ва талаба бўлган 5 нафар аёл «Толибон»дан яшириб, бошдан кечирганларини ёзиб боришган. Аёллар мактубларини BBC’га жўнатади.

Фото: GHAZAL FARKHARI

15 август – “Қўрқинчли туш”

2021 йил 15 августда афғон армиясининг собиқ аскари, ҳукумат вазирликларидан бирида ишловчи Маари эрталаб 7:30да ишга жўнаётганди. Маари уйдан чиқар экан, одатдагидек тиғиз иш куни, учрашув ва конференциялар ҳақида ўйлаётганди. У дарвозадан чиқиши билан кўчада сирли сукунатни пайқайди ва шунга қарамай учрашувлар белгиланган тақвимини текшириб, ишга йўл олади.

Аёлни кўрган ҳамкасби унинг ишга келганидан ҳайратда қолади. Барча аёлларга ишхонани тарк этиш топшириғи берилади. Маарининг ёзишича, у ишхонада қолишни афзал кўрган.

“Эркак ҳамкасбларим шу ерда қолиб ишлаётган бир пайтда, мен ҳам улар билан қоламан”, – дейди у.

Маари оддий ходим эмас, ҳарбий рекорд қайд этган юқори мартабали расмий ҳам эди. «Толибон»нинг Кобулга кираётгани ҳақидаги хабарлар ҳамма жойда тарқай бошлагач, Маари ишлайдиган вазирлик беркитилиб, ходимларнинг бари уйига жўнатилади.

Худди шу пайтда Афғонистоннинг бошқа бир жойида Хатера исмли география ўқитувчиси 40 ўғил бола ўқийдиган синфда дарс бошлаётганди. Бирдан синфга қўлида телефон тутган ўқитувчилар «Толибон»нинг Кобулга киргани ҳақидаги хабарлар билан келишганди. Бу ерда ҳам ягона чора – ҳаммани уйига жўнатиш эди.

Фото: GHAZAL FARKHARI

Хатера автобус бекатига етганда кўча бўйлаб юклари ва боласини кўтарган одамларнинг турли томонга қараб кетаётганини кўради.

“Машиналар ҳаракати тўхтаб қолган, ҳамма саросимада, худди қиёмат бошланганга ўхшарди. Аввалига хавотирланмаётгандим. Лекин афғон аскарларининг сумкаларини орқасига осиб, аэропорт томон йўл олаётгани эсимни оғдирди. Юрагим тез уриб, югура бошладим. Бу қўрқинчли тушга ўхшарди”, – деб ёзади у.