Иқтисодий чораларнинг энг оғири Россия банк тизимини халқаро SWIFT тўлов тизимидан узиб қўйиш таҳдиди ҳисобланган ва бу ҳар доим энг охирги чора сифатида кўриб келинган. Украинага босқин ортидан халқаро санкцияларга тушган Россия банклари SWIFT'дан узилади, заруратга қараб бошқа банклар ҳам тизимдан узилиши мумкин. Хўш, бу Россия иқтисодиётига қанчалик аянчли таъсир ўтказади? 

SWIFT нима?

SWIFT (Society for Worldwide Interbank Financial Telecommunication) – банклараро маълумот алмашиш ва тўловларни амалга ошириш тизими бўлиб, унга дунёнинг деярли барча мамлакатларидаги 11 мингдан ортиқ йирик ташкилотлар уланган.

Ушбу тизим бутун дунё бўйлаб молия институтларига операциялар тўғрисидаги маълумотларни хавфсиз, стандартлаштирилган ва ишончли тарзда юбориш ва қабул қилиш имконини беради. SWIFT орқали кунига ўртача 42 млн маълумот алмашилади ва глобал миқёсдаги тўловларнинг ярмига яқини ушу платформа орқали амалга оширилган.

SWIFT тизимига ўхшаш қуйидаги муқобиллар мавжуд:

  • CIPS – Хитойнинг клиринг банклари билан Хитой валютасида савдога оид битимлар учун мўлжалланган;
  • SFMS – Ҳиндистон ҳомийлигида ташкил этилган;
  • SPFS – Россия томонидан ташкил этилган, асосан рус банклари ички ўтказмаларда фойдаланишади;
  • INSTEX – Эрон SWIFT тизимидан узиб қўйилганидан кейин Европа Иттифоқи томонидан ташкил этилган ва АҚШ долларидан ташқари операцияларда фойдаланиш учун мўлжалланган, бироқ деярли фойдаланилмаган ва ўз самарасини бермаган.

SWIFT’ни содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, қайси мамлакат тизимдан чиқарилса, бу давлатда халқаро пул оқимининг кириши ва чиқиб кетишида жиддий муаммолар пайдо бўла бошлайди. Хусусан, Россиядан Ўзбекистонга қилинадиган транзакциялар ҳам  SWIFT орқали амалга оширилган.

SWIFT’дан узилиш Россия учун қанчалик ҳалокатли?

Россия Миллий SWIFT ассоциацияси маълумотларига кўра, мамлакатнинг 300 га яқин етакчи банк ва ташкилотлари маълумот алмашишда айнан ушбу тизимни ишлатишади ва платформадан фойдаланувчилар сони бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туришади. Ҳисоб-китобларга кўра, SWIFT’да юборилувчи хабарлар сони бўйича Россия дунёда 6-ўринда туради. Россиянинг йиллик ўтказма ҳажми 800 млрд долларга етиши мумкин. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ярмидан бироз кўп. Энди нима бўлади?