Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб Россияни SWIFT’дан узиш масаласини кенг муҳокама қилмоқда. SWIFT нима ўзи? Унинг аҳамияти қанчалик юқори? Телеграмдаги MacroBS канали шу ҳақда ёзди.

SWIFT дунё бўйича 11 мингдан ортиқ молиявий институтларни бирлаштирувчи ахборот алмашиш тизими ҳисобланади. Бельгияда жойлашган ва Европа Иттифоқи қонуни бўйича фаолият юритади.

Алоҳида айтиш керакки, SWIFT тўлов тизими эмас, балки ахборот алмашиш воситаси. Оддийроқ айтганда, ўз аъзоларига хабарлар юбориш имконини берувчи чат ёки телеграмдаги катта бир гуруҳга ўхшатиш мумкин. 

Унинг кўлами шу даражада каттаки, мазкур коммуникация ёрдамида кунига миллиардлаб давлатлараро транзакциялар амалга оширилади.

SWIFT’дан у ёки бу давлатни узиш одатда АҚШ ёки Европа давлатлари ўз душманларини қаттиқроқ жазоламоқчи бўлган пайт кўтарилади.

Аслида сиёсий бўлмаган бу тизим шунинг учун ҳам кўп танқидга учрайди. Яъни бу тизим Ғарб манфаатларига ён босади деб қаралади*. 

Россия қанчалик бу тизимга боғлиқ?

SWIFT аҳамияти шундаки, бу тизим Россиянинг 30 фоиз экспортини ташкил этувчи нефть маҳсулотлари учун тўловлар келиб тушишини таъминлайди. 

Ҳисоб китобларга кўра, SWIFT’га уланган Россиянинг 291 аъзосининг пул оқимлари жами пул оқимларининг 1,5 фоизини ташкил этади. Мазкур тизимда юборилувчи хабарлар сони бўйича Россия дунёда 6-ўринда туради. 

Бу жуда катта рақам – Россиянинг йиллик ўтказма ҳажми 800 млрд долларга етиши мумкин. Бу Россия Ялпи ички маҳсулотининг ярмидан бироз кўп дегани.

SWIFT муқобили мавжудми?

Назарий жиҳатдан – ҳа бор. Бироқ агар тез, ишончли ва осон пул ўтказишни хоҳласанг, унда йўқ. 

Нима учун бошқа шундай тизимда бунинг имкони паст? Бу АҚШ долларининг кучи билан боғлиқ. 

Глобал тўловларнинг ярми, халқаро савдонинг 90 фоизи АҚШ долларида амалга оширилади. SWIFT орқали юборилган хабар бўйича доллардаги тўловлар одатда бир-бири билан ўзаро ҳисобрақамга эга бўлмаган банклар ўртасида амалга оширилади. Бунинг учун одатда АҚШ тўлов тизимига уланган маълум бир корреспондент банк иштирок этади.