Жаҳон | 16:38 / 27.02.2022
13418
3 дақиқада ўқилади

Тайвандаги компания Россияга яримўтказгич етказиб беришни тўхтатди

Яримўтказгичларнинг дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчиси бўлмиш Тайваннинг TSMC компанияси АҚШ томонидан қўлланган санкциялар туфайли Россияга маҳсулот етказиб беришни тўхтатган.

Фото: Reuters

Компьютер чипларининг дунё индустрияси, жумладан Тайваннинг йирик TSMC компанияси Россияга яримўтказгичларни етказиб беришни тўхтатди.  Украинага бостириб кириши оқибатида АҚШ томонидан Россияга нисбатан қўлланилган санкциялардан кейин компания шундай қарорга келган.

TSMC санкция қоидаларини ўрганиб чиққунга қадар Россияга, шунингдек, бу мамлакатга маҳсулот етказиб берадиган учинчи давлатларга ҳам микрочип экспортини тўхтатган. Компания «экспорт назорати бўйича жорий этилган янги қоидаларга амал қилишга тўлиқ мойиллигини» билдирган.

Мальтанинг GlobalFoundries компанияси, шунингдек, Американинг Intel компанияси ҳам «янги экспорт қоидалари ва санкцияларига амал қилишини», Россияга нисбатан қўлланган янги экспорт назоратига бўйсунишини билдирган.

Россия иқтисодиёти яримўтказгичлар экспортига қаттиқ боғланган, чунки маиший электроника ёки юқори технологик товарлар учун мўлжалланган  микрочипларни ишлаб чиқармайди. Бу соҳада Тайвань, Жанубий Корея, АҚШ, Европа ва Япония етакчилик қилади.

TSMC компанияси Россиянинг «Эльбрус» яримўтказгичларини ҳам ишлаб чиқариш ва етказиб беришни тўхтатган. Ушбу микрочиплар россиялик ҳарбийлар ва хавфсизлик хизматлари томонидан баъзи техникаларда қўлланилади. Шунингдек, Россия ҳукумати йирик маҳаллий компаниялар ва банкларни ўз компьютерларида «Эльбрус» чипларидан фойдаланишга ундаб келмоқда.

Электроника бўйича Janes эксперти Костас Тигкос сўзларига кўра,  TSMC билан ҳамкорликнинг тўхтатилиши Россия иқтисодиёти учун «вайронкор» бўлиши, завод ва фабрикаларнинг тўхтаб қолишига, ишсизлар сонининг ўсишига олиб келиши мумкин. 

АҚШ савдо вазирининг саноат ва хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Теа Д. Розман Кендлер сўзларига кўра, экспорт назорати Россиянинг ҳарбий салоҳиятини пасайтиришга қаратилган.

«Ушбу экспорт назорати орқали иттифоқдошларимиз ва ҳамкорларимиз билан Россияни технологик жиҳатдан яккалаб, ҳарбий салоҳиятини пасайтирамиз. 

Россиянинг АҚШ ва ҳамкор мамлакатлар илғор технологияларидан фойдаланиш имкониятини чеклаймиз. Натижада унинг ҳарбий-саноат мажмуаси, ҳарбийлари ва разведка хизматлари ғарбда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг кўп қисмини харид қила олмайди», деди у.

Мавзуга оид