Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Сурхондарё ҲЭТК”: вилоятда кейинги беш йилда 303,8 мингдан ортиқ истеъмолчининг электр таъминоти яхшиланади
Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳудудда соҳани ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш борасида сўнгги йилларда сезиларли ўзгаришлар қилди.
Айниқса, паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини реконструкция ва янгидан қуриш бўйича охирги беш йил давомида жадаллик билан иш олиб борилди. Таққослаш учун айтиш мумкин, ўтган 1991-2016 йиллар давомида 490 км электр тармоқ ва 316 дона трансформатор пунктларида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган бўлиб, бунга 36,3 млрд сўм маблағ ажратилган. 2017-2021 йилнинг ҳозирги кунига қадар 1252,6 км тармоқ (ўтган даврларга нисбатан 2,5 баробар кўп), 600 дона (ўтган даврларга нисбатан деярли 2 баробар кўп) трансформатор пунктлари янгидан ўрнатилди ва реконструкция қилинди. Ушбу тадбирларни амалга оширишда 112,5 млрд сўм ёки ўтган даврга нисбатан 3 баробар кўп соҳа маблағлари сарфланди.
Шунингдек, Шеробод туманидаги жамиятга қарашли Темир-бетон таянч ишлаб чиқариш заводининг ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш мақсадида қўшимча қолиплар ўрнатилиши натижасида ўтган даврга нисбатан бир кунлик ишлаб чиқариш қуввати 3 баробарга ортди. Яъни ушбу заводда бир кунда 88 дона темир-бетон таянчлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Истеъмолчи ва таъминотчи корхоналар ўртасида электр энергияси сарфи ҳисоб-китоби бўйича шаффофликка эришиш мақсадида, АСКУЭ тизими доирасида ҳам жадаллик билан ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда жами 522 675 дона бир ва уч фазали электр ҳисоблагичлар ўрнатилиб, ушбу ўрнатилган электр ҳисоблагичлар босқичма-босқич биллинг тизимига уланмоқда.
Сурхондарё вилоятида бир қатор йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилди.
Хусусан, Сариосиё туманидаги 110/35/10 кВ “Шарғун” нимстанциясида юклама билан ишлаётган қуввати 16000 кВА бўлган Т-1 куч трансформатори катта қувватлисига, яъни янги 40000 кВА куч трансформаторига алмаштирилди.
Бундан ташқари, Жарқўрғон туманидаги 110/35/10 кВ “Жарқўрғон” нимстанциясида юклама билан ишлаётган қуввати 16000 кВА бўлган Т-2 куч трансформатори янги, 25000 кВА куч трансформаторига алмаштирилди. Термиз шаҳридаги 6 кВли РП-2 тақсимлаш қурилмаси жисмонан эскиргани учун, ушбу тақсимлаш қурилмасини реконструкция қилиш мақсадида янги КРУН-6-1 ва КРУН-6-2 лар монтаж қилиниб, ҳозирги кунда ишлар давом эттирилмоқда.
Ходимларнинг меҳнат ва иш шароитини яхшилаш мақсадида Денов шаҳри, Ангор, Шеробод ва Олтинсой туман электр таъминоти корхоналарининг маъмурий бинолари мукаммал таъмирланди. 8 дона “Газель”, битта УАЗ русумли енгил хизмат бригада автомашиналари ҳамда қўшимча тўртта “Ямабур” махсус техникалари харид қилинди.
Электр таъминоти корхоналарининг моддий-техник базасини яхшилаш учун 2022 йилда 2 дона автокран (25 тн ва 50 тн), битта 35 кВ га мўлжалланган лаборатория махсус техникаси, 1 дона манипулятор, 1 дона экскаватор, 1 дона тягач ҳамда 7 дона “Газель” бригада автомашиналари харид қилиниши режалаштирилди.
Сурхондарё вилоятида 2022-2026 йилларда аҳоли истеъмолчилари ва тадбиркорлик субъектларининг электр таъминотини яхшилаш юзасидан 1 011,2 млрд сўм соҳа маблағлари эвазига 5608,8 км 0,4-6-10-35-110 кВ кучланишли электр тармоқлари ва 1473 дона 6-10/0,4 кВ трансформатор пунктларини ҳамда 16 дона 35-110 кВ кучланишли подстанцияларни янгидан қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.
Натижада 524 та маҳалладаги 303,8 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг электр таъминоти яхшиланади.
Жумладан, биргина 2022 йилда 178 млрд сўм соҳа маблағлари эвазига 1099,3 км 0,4-6-10-35-110 кВ кучланишли электр тармоқлари ва 293 дона 6-10/0,4 кВ трансформатор пунктлари ҳамда 5 дона 35-110 кВ подстанцияларни янгидан қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.
Натижада 334 та МФЙдаги 58,7 мингдан ортиқ истеъмолчиларнинг электр таъминоти яхшиланади.
Бир сўз билан айтганда, электр энергиясини етказиб беришда сифат босқичига ўтилди. Соҳа ходимлари ҳам тизимга берилаётган эътибор ва биринчи навбатда халқимиз эҳтиёжи, розилигини инобатга олган ҳолда меҳнат қилмоқда.
Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси матбуот хизмати Ⓣ