Ўзи нима гап?

Ўзбекистонда банкларга рубл айирбошлашни тўхтатиб қўймаслик, сотиб олиш ва сотиш курси ўртасидаги фарқни “мақбул даражада” сақлаб туриш “тавсия этилди”. Бу ҳақда Марказий банк расмий баёнот эълон қилди. Иқтисодчилар бу қарорни “рублдаги барча рискларни сўмга юклаш” деб таърифлаб, Ўзбекистонга “вагонларда рубл кириб, вагонлаб доллар чиқиб кетиши”дан огоҳлантирди.

Kun.uz масала атрофидаги саволлар юзасидан иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев ва “Агробанк”нинг бошқарув раиси ўринбосари Эркин Қаҳҳоров билан интервю ташкил қилди.

—  Рубл курси бўйича “коридор” нимани англатади?

Нодир Жумаев: Россия ва Украина ўртасидаги можаро натижасида бу давлатларнинг иқтисодиётида маълум маънода беқарорлик кузатилди. Эътибор қилган бўлсангиз, Россия асосий ставкани 8 фоиздан 20 фоизгача кўтарди. Кўплаб ўзгаришлар бўлди ва Ўзбекистонда нима учун рубл бўйича коридор қўйилгани саволларни туғдирмоқда. Тавсиявий характерга эга бўлган кўп нарсалар бор, бутун дунёда банкларни назорат қилиш бўйича “Базел- 1,2,3” шартларига қарайдиган бўлсак, рискка тортадиган банк активи капитали 8-10 фоиз бўлсин деган ҳолатлар бор, чунки тавсия характерига эга бўлишга сабаб банк молия тизимининг барқарорлиги бутун иқтисодиёт барқарорлигига жавоб беради. Агар тизимда қандайдир узилишлар, беқарорлик бўладиган бўлса, у рисклар ошишига, занжир реакция орқали дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ошиб кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун тавсиявий характерга эга бўлди дегани аниқ буни бажарсин дегани эмас, балки бевосита шу ҳолатда операция амалга ошириш учун регулятор сифатида Марказий банк томонидан тавсия қилинган бўлиши мумкин.

Нодир Жумаев

Марказий банк маълумотлари рублни сотиш ва сотиб олиш ўртасидаги тафовутни эълон қилди. Мен рублни жисмоний шахслар томонидан банкка сотиш кўп бўлади деб ўйлагандим, лекин банклар томонидан сотиш 10 баробар кўплиги ҳам кўпгина хавф-хатарнинг олди олингани ва бизнинг ташқи савдомизда муҳим аҳамиятга эга РФ ва Украина экани бу соҳадаги котировкаларни жорий қилишни кун тартибига қўйди. Ҳар бир валюта котировкасини амалга ошириш (рублдами, евродами) етакчи валюталарда котировка амалга ошиши банк тизимида барқарорлик ва маълум даражада операциялар кенгаяётганини кўрсатади.