Кинога кўчган ҳаёт: АҚШдаги машҳур қалбаки чек ясовчи нега ФҚБ ҳамда банкларга ёрдам берганди?
2002 йилда Ҳолливудда «Тутқич бермас фирибгар» филми суратга олинади. Филмда АҚШдаги машҳур қалбаки чек ясовчи Кичик Фрэнк Абигнейлнинг ҳаёти тасвирланган. Ушбу шахс аввалига жиноий ишлар билан шуғулланади. Қамалиб чиққач ўз иқтидорини тўғри ишларга йўналтиради ва катта муваффақиятларга эришади.
Бутун дунёда бўлгани каби АҚШда ҳам қалбаки пуллар ҳамда чеклар ясалган ва муомалага киритилган. Шу сабабли ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари уларни ясаб муомалага киритувчиларга қарши жиддий кураш олиб боради. Кимдир бу ишни осон пул топиш учун қилса, кимдир ёшлик қилиб шу жиноятга қўл уради. Кичик Фрэнк Абигнейл ҳам улардан бири эди.
Фрэнк Абигнейл илк қалбаки чекларни ясаганида 16 ёшда бўлган. Ўз иқтидорини жиноий ишларга сарфлаб юрган Фрэнк қамалиб чиққач, аввалига ФҚБга қимматли қоғозларни қалбакилаштираётган шахсларни аниқлашда ёрдам беради. Сўнг банклар билан ҳамкорлик қилиб кирим қилинаётган пуллар ва чеклар орасидан қалбакиларини аниқлашда ёрдам беради. Кейинчалик ҳимоя қатламига эга қоғоз чиқаришни йўлга қўйиб миллионер бўлиб кетади.
Кичик Фрэнк Абигнейл
1970-йилларда ФҚБ ходимларига АҚШнинг турли шаҳарларида қалбаки чеклар тарқатилаётгани ҳақида маълумот келиб тушади. Текшириб кўрилганда қалбаки чеклар усталик билан ясалгани маълум бўлади. Шундан сўнг ФҚБ ходимлари жиноятчини қидира бошлайди. Орадан бироз ўтиб у 16 ёшли Фрэнк Абигнейл экани маълум бўлади ва унинг ортига тушишади. Аммо йигит анча вақт тутқич бермайди.
Кичик Фрэнк Абигнейл 1948 йилда Нью-Йорк штатидаги Бронксвилл шаҳарчасида тадбиркор Фрэнк Абигнейл ва Полетт Абигнейл оиласида туғилади. У 16 ёшга кирганда ота-онаси ажрашиб кетишади ва Фрэнк отаси билан бирга қолади. Ана шу пайтда Фрэнк назоратсиз қолади ва фирибгарлик кўчасига киради.
Унинг илк «қурбони» отаси бўлади. Айни балоғат ёшида Фрэнк кўча санғий бошлайди ва бу учун унга пул керак эди. У машинасига ёнилғи қуйиш учун отасининг кредит картасини сўраб олади. Сўнг АЁҚШ ходимлари билан тил бириктиради. Улар кредит картадан ҳар сафар керагидан кўпроқ пул ечиб олишади ва маълум ҳақ эвазига ошиқча ечиб олинган пулни Фрэнкга беришади.
Картадан ечиб олинган ошиқча пул миқдори 3 400 долларга етганда банкдан Фрэнкнинг отасига хабарнома келади ва у ўғлининг фириби ҳақида билиб қолади. Унгача келган хабарномаларни эса Фрэнк отасига кўрсатмасдан йўқ қилиб юборади.
Қалбаки чеклар ясаш
Шундан сўнг Фрэнк жиддийроқ ишлар билан шуғулланишни мақсад қилади ва ўз ҳисобидаги чекларни қалбакилаштиради. Ҳаммаси силлиқ кечаётганини кўриб у энди доимий равишда сохта чеклар ясай бошлайди. Фрэнк қўлга тушиб қолмаслик учун сохта чекларни турли банкларда нақд пулларга алмаштиради.
Орадан бироз ўтиб у сохта депозит ҳисобварақаларини банкларнинг маълумот базасига киритиб қўя бошлайди. Бу айрим мижозларнинг банкларда сақланаётган пуллари Фрэнкнинг ҳисобрақамига тушишига имкон беради. Шу тариқа у банклар мижозларига тегишли пуллар номаълум ҳисобрақамига ўтиб кетаётганини билиб қолишгунча 40 минг доллардан кўпроқ маблағни ўзлаштиришга муваффақ бўлади. У ўзини қидирувга беришгунча ўзлаштирган пулларини банкдан ечиб олиб, исм-шарифини ўзгартиришга улгуради.
Авиакомпания учувчиси
Фрэнк сохта ҳужжатлар тайёрлаб, улар орқали авиакомпаниялардан бирига ишга киришга қарор қилади. Кейинчалик бу ҳақда унинг ўзидан сўрашганда саёҳат қилишга жуда қизиққани, бундан ташқари сохта ҳужжатлар ясаб уларни синаб кўриш иштиёқи жуда кучли бўлгани ҳақида гапирганди.
У бепул саёҳат қилиш учун ўша пайтда АҚШдаги машҳур авиакомпанияларидан бири бўлган Pan American’ни танлайди. Фрэнк авиакомпанияга учувчи бўлиб ишга кириш тартибларини ва бу учун қандай ҳужжатлар керак бўлишини билмасди.
У энг аввал авиакомпаниянинг Нью-Йоркдаги бош идорасига бориб ўзини газеталардан бирининг мухбири сифатида таништиради ва интервью баҳонасида ўзига керакли барча маълумотларни олади.
Фрэнк Роберт Блэк номига барча ҳужжатларнинг сохтасини ясайди ва авиакомпания учувчилари киядиган махсус форма тиктиради. Сўнг авиакомпанияга иш сўраб бормайди, балки захирадаги учувчига тегишли қалбаки ҳужжатлар билан самолётга чиқиб текин парвоз қила бошлайди.
У 16 ёшидан 18 ёшигача авиакомпания самолётларида жами 250 марта парвоз қилади ва 1 миллион мил масофани учиб ўтади. Фрэнк икки йил давомида дунёнинг 26 мамлакатига бориб келади. У авиакомпания ходими сифатида кўплаб бепул хизматлардан фойдаланади, меҳмонхоналарда текинга тунаб қолади.
Фрэнк Pan American’да текинга учиб юрган пайтида ҳам қалбаки чек ясашни тўхтатмайди. Энди у авиакомпания логотипи туширилган чекларни ясай бошлайди ва уларни учиб борган шаҳарларида нақд пулга алмаштириб олаверади.
Бу пайтга келиб ФҚБ ходимлари қалбаки чекларни Фрэнк Абигнейл ясаб тарқатганини билишган ва унинг изига тушишган эди. Улар Фрэнкнинг Pan American авикомпаниясининг заҳира учувчиси сифатида парвоз қилиб юрганини билиб қолишади ва мамлакатдаги барча аэропортларга ФҚБ ходимларини жойлаштириб чиқишади. Шундан сўнг Фрэнк қўлга тушиб қолмаслик учун учувчиликдан воз кечади.
Университет домласи, врач ва ҳуқуқшунос
Pan American авикомпаниясидан қочганидан сўнг Фрэнк ФҚБ ходимларини чалғитиш ва изни йўқотиш учун исм-шарифини Фрэнк Адамс деб ўзгартиради. Сўнг мамлакатдаги нуфузли Колумбия университетини битиргани ҳақида диплом тайёрлайди ва Юта штатидаги Бригам Янг университетида ўқитувчи бўлиб ишга киради.
Етарлича билим ҳамда дарс бериш уқуви бўлмагани учун Фрэнк университетда узоқ қолмайди ва кунлардан бирида у ердан изсиз ғойиб бўлади. Сўнг Жоржия штатига бориб Фрэнк Коннерс номига сохта ҳужжатлар тайёрлайди. У Жоржияда ижарага уй олаётганда ўзини врач деб таништиради. Тасодифан қўшниларидан бири врач бўлиб чиқади ва Фрэнкнинг касалхоналардан бирига ишга жойлашишига ёрдамлашади. У касалхонада бироз муддат ишлайди ва у ердан ҳам қочиб қолади.
Фрэнк Pan American’да ишлаб юрганида стюардессалардан бирига ўзини Ҳарвард университетини битирган ҳуқуқшунос деб таништирганди. Жоржиядан қочгач у ўша қизни қидириб боради. Қиз Фрэнкни ҳуқуқшунос дўсти билан таништиради. У эса Фрэнкни адвокатлик бюросига ишга олиш учун синовга чақиради.
Шундан сўнг Фрэнк саккиз ҳафта давомида ҳуқуқшуносликдан дарс олиш учун курсларга қатнайди ва синовдан муваффақиятли ўтади. Уни Луизиана штати прокурори ёрдамчиси лавозимига ишга таклиф этишади. Фрэнк бу ерда саккиз ой ишлайди эплай олмагани учун уни ишдан бўшатишади.
Тузоққа тушиши
Прокуратурадан ҳайдалган Фрэнк она юрти Францияга бориб у ерда қалбаки чеклар ясайди ва уларни Европанинг турли давлатларида нақд пулга алмаштира бошлайди. 1969 йилда Европадаги турли банклар АҚШ фуқароси қалбаки чекларни нақд пулга алмаштириб кетаётганини ФҚБга хабар қилишади.
ФҚБ ходимлари Фрэнкнинг онаси Франциядан эканини билиб уни энг аввал шу давлатдан қидиришади. Франция ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Фрэнк қўлга тушади. Уни қалбаки чек чиқараётган жойда ушлашади.
Шундан сўнг дунёнинг 12 давлатида унга қарши даъво аризалари очилади. Франция уни АҚШга топширишни рад этади ва суд қилиб, 1 йилга қамайди. Бироз ўтиб муддат олти ойга қисқартирилади ва у Швецияга экстрадиция қилинади. Фрэнк бу давлатда ҳам олти ойга қамалади.
Швеция қамоқхонасида ўтирганда Италия ҳам уни беришни талаб қилади. Аммо АҚШ Швеция билан келишиб Фрэнкни ватанига қайтаришга муваффақ бўлади. 1971 йил апрел ойида Виржиния суди унга 12 йиллик қамоқ жазоси беради. Фрэнк қамоқда 4 йил ўтиргач негадир уни озод қилишади.
ФҚБ билан ҳамкорлик
АҚШдаги энг устаси фаранг қалбаки чек ясовчи қамалгани билан бу давлатда қалбаки чеклар ва банкнотлар ясаш тўхтамаганди. ФҚБга ҳар куни мамлакатнинг турли бурчакларидан қалбаки чеклар ва пуллар аниқланаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушарди.
Ана шундай ҳолатда ФҚБ қалбаки чек ва пул ясовчиларга қарши курашишда Фрэнкдан фойдаланишга қарор қилади. 12 йиллик қамоқнинг бор-йўғи 4 йилини ўтказган Фрэнкга ФҚБ билан ҳамкорлик эвазига қамоқдан озод бўлиш таклиф қилинади, у рози бўлади. Ана шу ҳамкорлик натижасида Фрэнк ФҚБга кўплаб қалбаки чек ва пул ясовчиларни тутиб беради.
Банклар билан ҳамкорлик ва муваффақият
ФҚБ билан ҳамкорликдан сўнг Фрэнк бир қанча жойда ишлайди. Аксарият ҳолларда у ишга кираётганида қамалиб чиққанини яширишга мажбур бўлади. Иш берувчилар бундан хабар топган заҳоти уни дарҳол ишдан бўшатишади.
Шундан сўнг Фрэнк банк бўлимларидан бирига бориб ўз хизматини таклиф этади. Таклифга кўра банк бўлими Фрэнкга синов муддати беради. Шу муддатда Фрэнкнинг нафи тегмаса унга маош тўланмайди. Агар Фрэнк натижа кўрсатса унга 500 доллар тўланади ва бошқа банкларга унинг хизмати тавсия этилади. Банк бўлими унинг таклифига рози бўлади.
Фрэнк тез орада банк бўлими қабул қилиб олаётган пуллар ва чеклар орасидан бир қанча қалбакиларини аниқлаб беради. Шундан сўнг банк Фрэнкни қўйиб юбормайди ва уни хавфсизлик бўйича консультант вазифасига ишга қабул қилишади.
Орадан бироз ўтиб Фрэнк Abagnale & Associates номи остида ўз компаниясини ташкил этади. Аста-секинлик билан Фрэнкнинг компаниясига тобора кўпроқ банклар қалбаки чек ва пулларни аниқлашда ёрдам сўраб мурожаат қила бошлашади. Шу тариқа унинг фаолияти кенгаяди, даромади ошиб боради. Ҳозирги кунда унинг компанияси АҚШда жуда машҳур ҳисобланади. Мамлакатдаги кўплаб банклар унинг компанияси билан ҳамкорлик қилишади.
Бундан ташқари Фрэнкнинг компанияси Frank W Signature Watermark Safety Paper номи остида махсус қоғоз яратади. Ушбу қоғоз жуда кучли ҳимояга эга бўлиб, ундан турли қимматбаҳо қоғозлар, чеклар, билетлар ва бошқа ҳужжатлар тайёрланади. Бу бизнес ҳам Фрэнкга салмоқли фойда келтиради.
1980 йилда Фрэнк автобиографик асар ёзиб чоп эттиради. 2002 йилда мазкур асар асосида Ҳолливуднинг машҳур режиссёри Стивен Спилберг томонидан филм суратга олинади. Ҳолливуд юлдузлари Леонардо ди Каприо ва Том Ҳенкс бош ролларни ижро этган мазкур филм иккита Оскар мукофотини қўлга киритади. Автобиографик асардан ташқари Фрэнк яна учта асар ёзиб чоп эттиради.
Фрэнкнинг фаолияти ҳақида шубҳалар
Фрэнк 1980 йилда китоби чоп этилгунча ҳам АҚШда машҳур эди. Уни мамлакатдаги энг иқтидорли қалбаки чек ясовчи сифатида билишарди. Аммо айримлар унинг прокурор ёрдамчиси, ўқитувчи ва шифокор бўлиб ишлагани ҳақида бирмунча шубҳалар билдиришган.
Жумладан, Фрэнк ўз асарида прокурор ёрдамчиси бўлиб ишлаганини ёзганда Луизиана штати прокурори ўринбосари у барчани алдаётганини таъкидлаган. Прокурор ёрдамчиси Луизиана штати прокуруратурасида Фрэнк умуман ишламаганини айтиб мухбирлар кўз ўнгида Фрэнкка бир нечта савол беради. Фрэнк унинг саволларига жавоб бера олмайди.
2006 йилда журналист Скотт Хоут Фрэнк ўқитувчи бўлиб ишлаганини айтган университетга бориб суриштирув ўтказганда архивдан бу ҳақда маълумотлар чиқмайди.
Фрэнк ўз асарида Pan American’нинг сохта ҳужжатлари билан дунёнинг 26 та давлатига учгани ва ўшанда авиакомпания логотипи туширилган қалбаки чеклар орқали 2,5 миллион доллар ишлагани ҳақида ёзган. Авиакомпания ҳақиқатан Фрэнк сохта ҳужжатлар билан Pan American’да учганини тан олган. Аммо авиакомпания Фрэнк Pan American логотипи туширилган қалбаки чеклар ясаб 2,5 миллион доллар ишлаганини инкор қилган.
Шундай бўлса ҳам аксарият одамлар Фрэнкнинг барча фирибгарликларни қилганига ишонишади. Чунки Фрэнкда қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш ва одамларни ишонтириш иқтидори кучли бўлган. Шу сабабли, университет, шифохона, штат прокуратураси ўз обрўйини сақлаш учун Фрэнкнинг ўша жойларда ишлаганини яширган, деган тахминлар ҳам бор.
Биргина Pan American Фрэнк сохта ҳужжатлар билан авиакомпания самолётларида учганини қисман тан олган. АҚШда турли ташкилотлар ва компанияларда обрў биринчи даражали масала экани инобатга олинса, улар қандайдир фирибгарнинг қалбаки ҳужжатлар билан ўзларида ишлаганини яширишлари табиий.
Фрэнкнинг ФҚБ билан ҳамкорлик қилгани ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Фрэнк қамоқдан чиққач ўзини Францияда тутишда асосий ролни бажарган ФҚБ ходими билан яқин дўст бўлиб кетади. Шунингдек, унинг 12 йилга қамалиб, қамоқда бор-йўғи тўрт йил ўтириши, кейинчалик ўғлининг айнан ФҚБга ишга кириши ҳам тасодиф эмасди.
Хулоса
Энг муҳими Фрэнк кейинчалик ўз иқтидорини жиноий ишларга эмас, ўзи ва жамият учун фойдали бўлган ишларга йўналтира олади. Бир пайтлар қалбаки чеклар ясаб фирибгарлик қилиб юрган Фрэнкнинг ҳисобрақамида бугун миллионлаб доллар маблағ бор. У бутун дунёга иқтидорни жиноят ва ноқонуний ишларга эмас, балки тўғри йўлда ишлатиб ҳам муваффақиятга эришиш мумкинлигини исботлади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Мавзуга оид
22:07
АҚШ Россия ядро сиёсатининг ўзгариши муносабати билан ўз ядро доктринасини ўзгартирмайди
20:58
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15