12:12 / 14.03.2022
12578

Деновдаги маҳаллаларни қийнаётган масалалар: уларга биргаликда ечим излаш керак

Бугун Сурхондарё вилояти Денов туманидаги иккита маҳалла аҳлининг мурожаатини эътиборларингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Тумандаги Сурнайтепа маҳалласига бордик. Тўғриси, туман марказидан 4 км нарида жойлашган қишлоққа элтувчи йўллар анча абгор экан. Маҳаллада 320 ўринли янги мактаб ўтган йили қуриб, фойдаланишга топширилган экан.

Унгача, маҳалланинг болалари бироз наридаги қўшни қишлоқ мактабининг филиалида бошланғич синфда ўқишган.

Фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари натижасида 2021 йилда 70-мактаб қуриб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, мактабда спорт зали қурилмасдан қолган. Қишлоқнинг болалари, умуман қишлоқ аҳли бўш вақтида спорт билан шуғулланиши мумкин бўлган спортзал ёки спорт майдончаси йўқ. Улар эски мактабнинг тупроқли майдонида чангга ботиб тўп тепишади.

Қишлоқ оқсоқолларининг айтишларича, уларга октябрь ойида маҳаллада давлат ҳисобидан болалар боғчаси қурилиши ҳам ваъда қилиниб, ҳаттоки ер танланган. Бироқ, ҳанузгача қурилиш ишлари бошланмаган.

Ҳозир улар ноиложликдан ўз фарзандларини 3,5-4 км узоқликдаги Денов шаҳридаги боғчаларга олиб боришмоқда. Бироқ, юқорида таъкидлаганимиздек, Деновга элтадиган қишлоқ йўли ҳам жуда абгор ҳолатда.

Ҳаттоки Марзия Абраевага микрофон тутганимизда ҳам 80 ёшдан ошган онахон йўл ва боғча муаммоси бирламчи эканини айтиб ўтди.

Иккинчи мурожаат эса ҳозирча бирорта маҳалла фуқаролари йиғинига қўшилмаган янги участкадан келиб тушди. Денов туман ҳокимлиги томонидан 2016-17 йилларда уй-жойлари снос қилинган аҳолига 2 сотихдан ер ажратиб берилган. Ўтган 5 йил ичида бу ерда 25-30 га яқин хонадондан иборат маҳалла қад ростлаган.

Маҳаллада янги уйлар кўтарилган сари уларнинг ҳал этилиши керак бўлган муаммолари ҳам кенгая борган. Қурилган янги маҳалла Қўзичоқли маҳалласига қарашлими ёки Ибн Сино маҳалласига? Бу масалада ҳам якуний бир тўхтамга келинмаган.

Уларнинг ҳикоя қилиб беришларича, маҳалла аҳли фарзандлари учун нафақа пули чиқаришда аросатда қолишган.

Маҳалла аҳли, айниқса рўзғор бекалари асосан ичимлик сувидан қийналаётганини баён этишди. Сув нафақат истеъмол учун керак, ювиниш, идиш-товоқ ва кир-чир ювишда ҳам керак.

Шу ерда яшовчи келинчаклардан бири Кумуш Тошатованинг айтишича, у кунора ёш болаларининг кирларини йиғиб, нариги маҳаллада яшовчи ота-онасининг уйига қатнар экан.

Маҳалла аҳли шу ердаги чашмадан ҳам сув олиб ичишади. Булоқнинг суви истеъмолга яроқли эканлиги катта савол остида. Бироқ ноиложликдан халқ уни ичишга мажбур.

 

Аҳоли электр токини ҳам уйларига ўзлари қўлбола симёғочлар билан тортиб келишганини баён этишди.

Маҳаллага кирувчи йўл ҳам талабга жавоб бермайди. Улар ўзларини қийнаётган энг оғриқли муаммо – сув муаммосини тезроқ ҳал қилиш мумкинлигини айтиб ўтишди. Чунки водопровод тармоғи катта йўлнинг нариги четидаги Ибн Сино маҳалласига қарашли кўчага келган.

Деновда ҳал бўлиши фақатгина мутасадди ташкилотларнинг қўлида бўлган икки маҳалладаги муаммолар шулардан иборат. Ўйлаймизки, аҳолининг мазкур чиқишларидан сўнг раҳбарлар муаммони жойида бориб ўрганишади, унга ечим излашади ва барчамизга муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида хабар беришади.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Top