Ўзбекистон | 09:00 / 18.03.2022
8343
6 дақиқада ўқилади

Назарий билимлар ҳаёт ва амалиёт билан боғланмоқда - Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали мисолида

Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 сентябрдаги қарори билан ташкил этилганди. Қарорда қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежайдиган илғор технологияларни қўллаш, «Ақлли қишлоқ хўжалиги» (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Бугунги кунда филиалда таълимнинг кредит-модул тизими жорий этилган. Талабаларга таълим-тарбия бераётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти 49,3 фоиз, профессор-ўқитувчиларнинг ўртача ёши 36 ёшни ташкил этиб, шундан 25 фоизи хорижда таҳсил олиб келган. Филиалда талабаларга ривожланган хорижий мамлакатлар университетларида фаолият юритаётган 6 нафар хорижлик ватандошлар таҳсил бериб келмоқда. Улар Германиянинг IAMO (Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш) ИТИ, Ҳумболт ва Кассел университетларининг профессор-ўқитувчиларидир. Магистрантларнинг илмий тадқиқот ва стажировкалари Ўзбекистон илмий-тадқиқот институтлари ва илғор корхоналарда, шунингдек улардан 32 нафари Германиянинг хмел етиштирувчи ва қайта ишловчи қишлоқ хўжалиги компаниясида амалиёт ўташлари йўлга қўйилган.

Филиалда ёшларни илмга жалб қилиш, соҳада илмий-тадқиқот ишларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан “Самарқанд вилояти ёшларининг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастури”нинг 2-тўлқинида 1 та - ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш орқали сифатли ва органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган “Фойдали энтомофаглардан фойдаланиш ҳамда экин турига қараб уларни кўпайтириш” мавзусидаги лойиҳа ғолиб топилиб, 79,2 млн сўмга молиялаштирилди. Дастурнинг 3-тўлқинида филиал томонидан 22 та лойиҳа топширилди ҳамда охирги натижаларга кўра, 9 та лойиҳа сўнгги босқичга етиб келди. Шундан 5 таси илмий ўрганилганлиги ва ҳозирги кундаги долзарб мавзуларни қамраб олганлиги сабабли экспертлар томонидан ғолиб топилди ва умумий қиймати 640 млн сўмга молиялаштирилди. Хусусан, ноанъанавий экинларни кўпайтириш ва қайта ишлашга бағишланган “Антиоксидантларга бой батат уни ишлаб чиқариш”, доривор ҳамда тўйимли озуқабоп экинларни етиштиришга бағишланган “Амарат - ХХI аср ўсимлиги”, доривор Артишок ўсимлигини вилоятимизда етиштириш ва уни қайта ишлашни йўлга қўйишга қаратилган “Fitobar super-power”, буғдой экстрактидан тўйимли ва энергияга бой ичимлик ҳамда кукун ишлаб чиқаришга қаратилган “Wheatgrass истеъмол қилинг - саломат бўлинг”, “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи 20 та оилага ресурс-тежамкор ва йил давомида фойдаланиш мумкин бўлган ёпиқ майдон қуриб бериш ва бу орқали камбағалликни камайтиришга қаратилган “Инновацион ресурс-тежамкор кичик ёпиқ майдон” мавзуларидаги стартап лойиҳалари шулар жумласига киради.

Юқоридаги қайд этилган 6 та стартап лойиҳа билан бир қаторда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 1,3 млрд сўмлик 2 та буғдойдан бўшаган жойларга кам иш кучи ва ресурс сарфлаб, юқори самарадорликка эришувчи технологияларни жорий қилишга бағишланган “Комбинациялашган қурилмани яратиш” мавзусида, қишлоқ хўжалигига “Smart agriculture”, яъни сув режими ва ўсимлик касалликларини масофадан мониторинг қилишни жорий этишга қаратилган амалий лойиҳалар фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек,  Европа иттифоқининг Финландия, Латвия ва Литва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда BioEcUz дастури доирасида яшил иқтисодиёт масалаларини ҳал қилиш ва Ўзбекистонда 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб янги “Биоиқтисодиёт” магистратура мутахассислигини жорий этишга қаратилган 70,2 минг евролик халқаро лойиҳа бажарилмоқда.

Филиалда илмий салоҳиятни мунтазам ошириб бориш мақсадида мутахассислик кафедралари қошида 5 та йўналиш бўйича «Докторантлар мактаби»да илмий семинарлар курси ташкил этилган. Ушбу мактаб тадқиқотчилар ва магистрантларнинг илмий-тадқиқот ишларини олиб боришлари учун илмий тажриба майдони бўлиб хизмат қилади. 2022 йилдан бошлаб филиалда Олий таълимдан кейинги таълим институти очилиб, 3 та ихтисослик бўйича таянч докторантлар қабул қилинди. 2021-2022 ўқув йилида 3 та тадқиқотчи диссертация ҳимоя қилиб, PhD илмий даражасини олди.

Профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчиларнинг халқаро рейтингларда кўрсаткичларини ошириб бориш мақсадида Google scholar, Research Gate, Scopus/Wos базаларида профиллари шакллантирилди. Илмий тадқиқотларни тижоратлаштириш, Extension center, ўқитиш курслари ва хўжалик шартномалари ҳисобидан 241 млн сўм маблағ филиалнинг ривожлантириш фондига туширилиб, бу маблағлар филиалда илмий-инновацион фаолиятнинг ривожланишига йўналтирилмоқда.

Соҳада “Ақлли қишлоқ хўжалиги”ни жорий этиш мақсадида 6,5 га мевали боғ барпо этилди ва масофадан бошқарилувчи томчилатиб суғориш тизими ишга туширилди. Шу билан бирга, АҚШнинг Valmont irrigation корхонаси ҳомийлигида 10 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Айтиш мумкинки, бажарилаётган лойиҳа ижрочиларининг 55 фоизи талабалардир. Бу уларнинг илмга рағбатини оширибгина қолмай, ҳозирданоқ назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитиб боришларини таъминлайди. 2022 йилда филиалда бажарилиши режалаштирилган лойиҳаларда 50 га яқин талаба магистрантларни жалб қилиш кўзда тутилган. Зеро, талаба-ёшлар бўш вақтини бекор ўтказмасдан илм-фанга бағишласа, соҳанинг етук ва малакали мутахассиси бўлиб етишади. Қўшимча даромад олиш ва жамият ривожига ҳам ўз муносиб ҳиссасини қўшиш имкониятига эга бўлади.

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали Ⓣ

Мавзуга оид