Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистондаги олийгоҳлардан бирига Волгоград давлат аграр университети делегацияси ташриф буюрди
Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикасининг қатор етакчи олий таълим муассасалари ташшабуси билан илк маротаба “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилмоқда. Шу муносабат билан Тошкент давлат аграр университетига ҳам 17 октябрь куни Волгоград давлат аграр университетининг ректори А.С.Овчинников, Илмий-тадқиқот ишлари бўйича проректори В.С.Бочарников, Ўқув ишлари бўйича проректори А.А.Шатохинлар ташриф буюришди.
Волгоград давлат аграр университети ҳамда Тошкент давлат аграр университети ўртасида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Шунингдек, икки олий таълим муассасаси ўртасида жорий ўқув йилидан “Манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш”, “Ўсимликларни ҳимоя қилиш” бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари доирасида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилгани таъкидланди.

Учрашувда икки олий таълим муассасасида факультет ва кафедраларнинг филиалларини ташкил этиш, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, талабаларнинг илмий инновацион форумларини ўтказиш, ҳамкорлик ўқув ва илмий адабиётлар яратиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш каби масалалар келишиб олинди.
Йиғилиш давомида Волгоград давлат аграр университети ректори А.С.Овчинниковга университетнинг фахрий профессори унвони топширилди.

Ташриф сўнгида Волгоград давлат аграр университетида Тошкент давлат аграр университетининг “Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш илмий тадқиқот маркази”нинг филиалини ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиниши, стажировкалар ўташи, бакалавриат ва магистратура талабаларининг ушбу марказда ишлаб чиқариш амалиётларини ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.