Ўзбекистон | 11:28 / 18.03.2022
5840
4 дақиқада ўқилади

Олис ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорлар иш ҳақига 2 млн сўмдан қўшимча устама тўланади 

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича 7 та муҳим йўналишда чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Фото: Kun.uz

“Ҳар бир банд бўйича аниқ молиявий манбалар, техник ечимлар ва амалий механизмлар белгиланди.

Биринчи йўналиш – мурожаатларнинг 55 фоизи, бирламчи тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш ва уларнинг тармоғини кенгайтириш билан боғлиқ (14 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган).

Мисол учун, Каттақўрғон туманидаги Жизмон маҳалласи аҳолиси тиббий хизматлар учун 48 километр масофани босиб, туман марказига боришга мажбур бўлмоқда, Вобкентдаги 3 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Бозор жойи маҳалласида оилавий поликлиника мавжуд эмас. 

Олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси оилавий шифокор пунктларида врачлар етишмаслиги сабабли, зарур тиббий хизматлар олиш имконияти йўқлиги ҳақида шикоят қилган (1,5 мингта мурожаат). Ҳақиқатан ҳам, 56 та тумандаги 243 та олис ва чекка маҳаллада 562 та шифокор лавозими вакант бўлиб турибди.

Мингбулоқ туманидаги 4 та оилавий шифокор пункти ходимлари ҳар ҳафтада 10 километрдан узоқ масофада жойлашган 15 та маҳалладаги 750 нафар беморни уйига бориб, кўрикдан ўтказишга мажбур бўлмоқда. 

Ҳолбуки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, бирламчи тиббий хизмат пункти 3 километр узоқликда ёки пиёда боришда 20 дақиқалик масофани ташкил этиши керак.

Шу боис, жойларда фуқароларимизга тез, қулай ва сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича алоҳида манзилли  чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Бунинг натижасида, 85 фоиз муаммоларни бирламчи тиббиёт муассасаларида ҳал қиладиган тизим яратилади. Авваламбор, жойларда поликлиникалар тармоғи янада кенгайтирилади.

Жумладан, 2022 йилда 136 та ва 2023 йилда яна 140 та янги поликлиника фаолияти йўлга қўйилади, 2023 йилдан бошлаб, жойлардаги поликлиника филиаллари негизида, 1 минг 100 та оилавий шифокор пунктлари ташкил этилади.

Шу тариқа қарийб 1 миллион нафар аҳоли тиббий хизмат билан қамраб олинади. Шунингдек, 2 мингдан зиёд олис ва чекка маҳаллаларда тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Улар орқали олис ва чекка ҳудудлардаги 4 миллион нафар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Хабарингиз бор, 2021 йилдан бошлаб, бошқа жойдан олис ва чекка ҳудудларга камида уч йил ишлаб бериш учун келган шифокорларга 30 миллион сўм миқдорида бир марталик рағбат пули тўлаш, уларни хизмат уйи билан таъминлаш ёки ижара тўловини (ойига 540 минг сўм) бюджетдан қоплаб бериш тизимини жорий этган эдик.

Энди, “Қишлоқ шифокори” дастури янада такомиллаштирилади ва 2022 йил 1 майдан бошлаб: олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади; ушбу шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб берилади; бундан буён, олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор, клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади.

Яна бир масала – хабарингиз бор, иқлим ва аҳолининг турмуш тарзи ўзгариши (камҳаракатлик, нотўғри овқатланиш) оқибатида дунёда асаб тизими, юрак-қон томир, диабет касалликлари тобора кўпайиб бормоқда.

Мамлакатимизда ҳам ҳар йили шундай касалликларга учраган юз минглаб беморлар қайд этилмоқда. Лекин туман касалхоналарида бундай касалликлар бўйича ётиб даволанадиган бўлимлар йўқлиги сабабли беморлар вилоят ва республика шифохоналарига боришга мажбур бўлмоқда. 

Энди ана шу касалликлар бўйича, аҳолининг ўзи яшаётган жойида ихтисослашган тиббий ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилади. Жумладан, 2022 йилда туман марказий шифохоналаридаги ўринларнинг 10 фоизи неврология, эндокринология, кардиология касалликлари учун ажратилиб, бюджетдан молиялаштирилади. Бу кўрсаткич 2023 йилда 20 фоизга етказилади”, деди президент.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид