Ўзбекистон | 20:50 / 18.03.2022
40748
14 дақиқада ўқилади

“Солиқчилардан навбатдаги жазолаш механизми” — эксперт ДСҚнинг янги таклифи ҳақида

Давлат солиқ қўмитаси ишлаб чиққан қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда товар ва хизматлар нархи бозор қийматидан паст ёки юқори бўлган тақдирда қўшимча солиқ ундирилиши кўзда тутилмоқда. Kun.uz билан суҳбатда солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов қарор лойиҳаси юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Мурод Муҳаммаджонов

Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат муҳитини яратиш ва инсофли солиқ тўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳа яратувчиси – Давлат солиқ қўмитаси.

Ҳеч бир ваколатли орган бозор нархини белгилаши керак эмас

Ҳозирги кундаги солиқ қонунчилигидаги тўхтовсиз ўзгаришлар ва янгиликларни тадбиркорлар ҳазм қила олмасидан ушбу низомнинг муҳокамага қўйилиши, фикримизча, яна нимадир янгилик қилиш мақсадида бироз шошма-шошарлик қилинган. Тўғри, Солиқ кодексининг трансферт ва бозор нархлари масалаларини тартибга солувчи моддалари 2022 йилнинг 1 январидан амалга киритилиши кўзда тутилган. Лекин солиқ маъмурчилиги масаласида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва бу ўзгаришларга нафақат тадбиркорлар мослаша олмаётгани, балки солиқ органи томонидан тайёрланган дастурлар ҳам омма учун хатолик билан ишлаб келаётган бир пайтда бозор нархлари бўйича қўшимча солиқлар ҳисоблаш тартиби амалга киритилиши ортиқча.

Низомнинг номига эътибор беринг: Солиқ солиш мақсадида товар (хизмат)ларнинг бозор нархини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом. Айнан “бозор нархларини” аниқлаш, “белгиланган нархлар” эмас. Низомда эса бозор нархини аниқлашда товар (хизмат)лар бозорида талаб ва таклиф асосида шаклланадиган нархдан ташқари, ваколатли органлар ва баҳолаш ташкилотлари томонидан аниқланадиган ва (ёки) белгиланадиган нарх ҳам бозор баҳоси дейилиши кўзда тутилган.

Бозор нархи бозор талаб ва таклифи асосида шаклланадиган нархлиги тушунарли, бу иқтисодий термин ва ҳақиқатан шундай бўлиши керак. Лекин иккинчи қисмига эътибор беринг: “ваколатли органлар” томонидан аниқланадиган нарх, дейилмоқда. Бозор нархини кимдир эмас, айнан талаб ва таклиф белгилайди. Гап бозор нархи ҳақида кетар экан, ҳеч қайси органнинг ваколати йўқки, уни белгилашга. Низомнинг хатоси шу жойнинг ўзида.

Ҳозир бензиннинг нархи қаердадир 6 минг сўмга етмаса, қаердадир 8 минг сўм. Лекин бу қарор чиққач, унга асосланиб: “Ваколатли орган мана бу нархда сот, деган эди, сен бу нархда сотмаяпсан”, дея қўшимча солиқ солиш бошланмаслигига кафолат борми? Биринчи хато ва солиқ тўловчи билан тушунмовчилик шу ерда бошланади.

Тушунтириш учун мисоллар

Бундан ташқари, низом лойиҳасида бозор нархини аниқлашда нималарга эътибор берилиши ҳақида ҳам сўз юритилган. Товар ва хизматларга талаб ва таклифнинг ўзгариши деган қисми бор. Демак, бу ерда бозор нархида солиқ ҳисоблаш учун хизматлар ҳам бор-да. Хизматга бозор нархининг қўйилиши ақлга сиғмайдиган нарса.

Оддий мисол: интернет-нашрларда ўзининг реклама хизматлари бор. Дейлик, ҳамма жойда реклама чиқариш бир миллион сўм эди. Бозорда 100 та харидор бўлса, 100 та харидорга 100 та таклиф берувчи бор. Демак, ҳар биттасига биттадан тўғри келади. Ўртача бозор нархи – бир миллион сўм. Айтайлик, нашрлардан бирида етарли манбалари бор ва у денпинг сиёсатини қўллаб, харидорларига 100 минг сўмдан реклама қилиб бераман, деб катта реклама берувчилар оқимини ўзига тортиб кетди. Шунда бозор нархи бир миллион сўм, нимага сен 100 минг сўмдан қилиб бердинг, деб унга қўшимча солиқ тўлатиши адолатдан бўладими?!

Хизматнинг ўзига бозор нархи белгиланиши хато. Ўзи аксарият хизматларнинг таннархи вақт ҳисобланади. Мана яна бир оддий мисол, менинг консалтинг хизматини кўрсатувчи фирмам бор. Апрел ойида солиқ аудити бўйича буюртма олиб қўйганман, унгача 15 кун бўшман. Дейлик, солиқ аудитининг бозор нархи – 25 миллион сўм. Лекин кимдир келиб менга 10 миллион сўмдан кўп тўлолмайман деса, апрелгача бўш ўтириш ўрнига 10 миллион сўмга ҳам солиқ аудитини ўтказиб бераман. У суммадан менга фойда қолмаса ҳам, зарарим қопланиши ва ишчиларни маош билан таъминлашим мумкинлиги учун бу нарх мени қониқтиради. Лекин Низомга асосан, бозор нархидан фарқ 20 фоиздан ошадиган бўлса, менинг хизматимга ҳам қўшимча солиқлар қўлланади.

Бу билан солиқ органи менинг хизматимга, бозоримга, фаолиятимга аралашиб кетмоқда. Энди 25 миллион бозор нархидан келиб чиқиб солиқ тўлашим керак бўлади. Бу эса мен ва мен каби кўплаб тадбиркорларнинг банкрот бўлишига олиб келади, холос.

“Жаҳон тажрибасида бор” – етарли сабаб эмас

Жаҳон амалиётида у бор, бу бор дейишади-ю, лекин ҳеч қанақа таҳлилсиз ёки 1, 2 фоизлик ишларни деб оммага татбиқ этиладиган қарорлар чиқарилмоқда. Ёки умуман амалиётда тадбиркорлик муҳитини бузиб қўядиган янги тартиблар ўйлаб топилмоқда.

Бозор нархи бўйича солиқ ҳисоблаш механизмининг йўлга қўйилишида балки ният яхшидир, лекин эртага ўтган йиллардагидек биров тўламаган ҚҚСни тўғри ишлаб келаётганлардан ундириб олингани каби “мана бунча ҳолатда бозордан паст нархда сотибсан”, деб яна минглаб тадбиркорлар миллиардлаб қўшимча солиқларга кўмиб ташланмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Бу масалада қайси чет эл тажрибаси ўрганилди? Уларда бозор нархи бўйича солиқ ҳисобланиши қандай экан? Бу қандай оқибатларга олиб келди? Ижобий ва салбий томонлари нимада? Буни қай даражада бизга татбиқ этса бўлади? Бу механизмни қўллашда салбий оқибатлар юзага келиб, иқтисодиётга, тадбиркорлик муҳитига зарар етиши олди олинганми? Мониторинг қилиб кўрилдими? Омматан татбиқ қилиб, ўзини оқламаса вазиятдан чиқиш учун айбдорини қидириб қолмаймизми?

Бу саволларга аниқ жавоб йўқ. Шунчаки “Чет эл тажрибасида бундай амалиёт бор, шунинг учун биз ҳам қўллаяпмиз” форматида иш юритмаяпмизми? Жаҳон амалиётида ўлим жазоси бор, биз буни қилмаяпмиз-ку, жаҳон амалиётида бор деб ҳамма нарсани олаверишимиз ҳам хато.

Арзимас фарқ: яна солиқ органи фараз ва тахминларни ишга солмоқчими?

Низом лойиҳасида товарларнинг бозор қийматини аниқлашда товарлардаги арзимас фарқлар инобатга олинмаслиги мумкин дейилган. Яна инсон омили аралашмоқда. Яна тадбиркорнинг тақдири у ёки бу инспектор кайфиятига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин.

Оддий бир стол мисолида олайлик. Сиз ҳам, мен ҳам мебел ишлаб чиқариб сотамиз. Сиз ишлаб чиқарган мебелнинг ёнида тортмаси бор, менда эса йўқ. Ёки сиз ишлаб чиқарган ширинликнинг қадоғи қоғозли, меникида эса полиэтиленли целлофан. Бу арзийдиган фарқми ёки арзимайдиган? Яна шахсий фикр ва фаразга асосланиш кўзланмоқда.

Арзимас фарқ деганда қанча фарқ кўзда тутилмоқда?! Бунинг аниқ ўлчови борми?! Тортмали столни қилиш учун каттароқ ускуна керакдир балки? Тортмали стол 1 млн сўм, тортмасиз стол 500 минг сўмдир? Чунки шу битта тортмани қилиш учун ҳам қўшимча харажатлар қилинади, қўшимча техникалардан фойдаланилади. Ширинлик қадоқларида ҳам шу масала. Булар арзирли фарқми ёки арзимас?! Нархида эса фарқ катта.

Солиқ органи янгилик яратаман деб югуряпти, тадбиркорлар эса унга ета олмаяпти. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик эса деярли ҳаммада

Низомда бозор нархини аниқлашда ўша товарларнинг биржа котировкасидаги ўртача тортилган нархи орқали аниқлаш деган тушунча бор. Оддий тадбиркорнинг рақобатли бозорда амаллаб сотадиган маҳсулотига биржа савдолари орқали аниқланган бозор нархидан келиб чиқиб солиқ солинади. Бу иш чақалоқдан югуришни талаб қилишга тенг ҳаракат. Биржада ишлайдиган тадбиркор билан биржада ишламайдиган тадбиркорнинг даражаси умуман бошқа бошқа.

Қонунни чиқариб ётибмиз, тадбиркорнинг ҳуқуқий саводхонлиги етадими-йўқми, умуман ишимиз бўлмаяпти. Калкуляторда ҳисоблаб кўриб, “ҳа бўларкан” деб қарор чиқариб бўлмайди. Жаҳон амалиётида бор экан деб юзлаб қонунчилик нормалари қабул қилинмоқда-ку, лекин негадир халқ буни ҳазм қила оляптими-йўқми – ҳеч кимнинг иши бўлмаяпти. Мана қонун, бажармасанг, жазолайман. Солиқ органи билан солиқ тўловчи ўртасидаги ҳар қандай ҳуқуқий муносабат аксарият тадбиркорни жазолаш билан якун топмоқда.

Бир неча йил олдин Европа солиқ маслаҳатчилар конфедерацияси йиғилишида бўлганимизда йиғилишга раислик қилувчи бизга қараб “98 фоиз солиқ текширувларида ҳуқуқбузарлик аниқланган экан, сизлар солиқ тўловчилар билан ишламайсизларми, нимага улар солиқ қонунчилигидан норози?” деганди. Халқ қонунлардан норози бўлса ҳам сизлар ишламаяпсизлар, деган мазмунда савол берганди у.

Солиқ қўмитасида ўтирган мутахассислар янги тадбиркорнинг ҳам солиқ бўйича малака даражасини ўзининг даражасида деб кўришмоқда ва тўхтамасдан янги чиқаётган нормаларни талаб қилиб, эплолмаса жазолашмоқда.

Мутахасисларнинг солиқ бўйича малакаси билан тадбиркорларнинг даражасини солиштирсак, тадбиркорларнинг салкам 90 фоизи “4-синф”дан уёғига ўта олмаяти. 4-синф боласига олий математикани юз марталаб такрорланг, бефойда.

Бизда қонун чиқарилиб огоҳлантириляпти, лекин ҳуқуқбузарлик камаймаяпти, чунки тадбиркорнинг малакаси қонунчиликдаги бунчалик ўзгаришни ҳазм қилишга улгурмаяпти.

Ачинарли томони, солиқ органи ходимининг ёки дастурининг хатоси билан тадбиркорга зарар етса, ҳеч ким жавоб бермаяпти. Масалан “қизил”га тушмаган, “яшил”даги тадбиркорнинг ҚҚС калити блоклаб қўйиляпти. Тадбиркор “яшил”да эканман, деб ишлаб келяпти. Илгари бизга “қизил”га тушган тадбиркорлар шикоят қилаётганди, энди “яшил”да туриб ҚҚС калити блокланган тадбиркорлар мурожаат қиляпти. Калит блоклаб қўйилган даврга ундан нарса сотиб олган ҳамма ҚҚСни ҳисобга ололмаяпти; солиқ органига борса: “Узр, дастур хатоси экан” билан қутулишмоқда.

ҚҚС калитини нофаол статусга тушириб қўйилганда ҚҚСни ҳисобга олмаслик тўғрисидаги норманинг ўзи Солиқ кодексига очиқчасига зид келади. Бу норма бўйича тадбиркорларга миллиардлаб зарар етяпти, бунинг учун ҳеч ким жавоб бераётгани йўқ. Дастурлардаги хатолар эса тадбиркорлик муҳитини бузмоқда.

“Солиқларни тўла ва хотиржам ухла” афоризми энди бизнинг тадбиркорларга бегона

Солиқ кодексида бозор баҳоси бўйича назорат қилинадиган битимлар деган жойи бор. Унда бозор нархлари бўйича назорат қилинадиган битимлар деган алоҳида банд бор, у оддий камерал ёки солиқ аудити билан текширилмайди, алоҳида назорат қилинадиган битимлар доирасида текширув амалга оширилади. Бу яна бир текширув тури ҳисобланади. Бу текширувнинг муддати 6 ойдан бир йилгача қилиб белгиланган.

Ҳаммамиз ёмон кўрган “5 йил олдин” тадбиркор жуда бўлмаса қачон текширилишини биларди. Ҳозир солиқ органи хоҳлаган пайт хоҳлаганини текшира олади, энди солиқларни тўлаб ҳам хотиржам ухлаб бўлмайди. “Солиқларни тўла ва хотиржам ухла” афоризми энди бизнинг тадбиркорларга бегона. Чунки исталган пайт бозор баҳоси бўйича қўшимча солиқ чиқиб келиши мумкин. Бу билан солиқ органи тадбиркорни фақатгина назорат қилмаяпти, балки фаолиятига аралашиб кетяпти. Солиқ маъмурчилигидаги кўплаб янгиликлар умуман бизнес муҳитини тушунмаган ҳолда йўлга қўйилмоқда.

Тадбиркордан идеал ишлаш талаб қилинмоқда, лекин идеал ишлаш учун идеал соғлом муҳит борми?

Солиқ қўмитаси халқдан идеал ишлашини талаб қилмоқда, лекин идеал ишлаш учун соғлом муҳит яратиб берилганми? Айрим корхоналарга берилган алоҳида имтиёзлар борлигини ҳамма билса-да, ҳеч ким лом-мим дея олмайди.

Келинг, оддий маиший техникани оламиз. Шунақа ҳолатлар борки, битта оддий корхона четдан телевизор импорт қилиб сотадиган бўлса, унинг божхонадан олиб киришдаги базавий қиймати – 300 доллар, ҳақиқий қиймати ҳам 300 доллар. Нима учун корхоналар 300 долларлик нарсани шартномада 100 доллар қилиб олиб киради? Агар маҳсулот таннархини 300 доллар қилиб олиб кирса, бож ва ҚҚС билан жами 114 доллар қўшимча харажат қилади. Бунда товарнинг энг кам сотиш нархи 414 долларга айланади.

Худди шу товарни 100 доллар қилиб олиб кирганда бож ва ҚҚС билан яна 38 доллар харажат қилади ва 300 долларлик товарнинг энг кам сотиш нархи 338 долларга айланади.

Алоҳида имтиёзли корхоналар худди шу нарсани 30 ёки 40 долларга олиб киради. Бож ва ҚҚС билан жами харажат 12 доллар атрофида бўлади. Ҳар қандай ҳолатда алоҳида имтиёз берилган карго компаниялари орқали маҳсулот олиб кирган тадбиркор, қонуний йўл билан товар олиб киргандан кўра кўпроқ фойда билан чиқади, табиийки рақобат бўлмаган жойда биринчи ҳолатдаги тадбиркорнинг бозори ўлади. Бу эса тадбиркорларнинг маҳсулотларини асл нархидан паст нархда олиб киришга ва сотилганида ҳам ҳақиқий нархидан пасайтириб кўрсатишига мажбур қилади.

Эълон қилинган қарор лойиҳасига кўра, солиқ органи бозор нархи бўйича товар ва хизматларни баҳолаб ҳаммага ҚҚС ва фойда солиғини ҳисоблаб бераман, демоқда. Бозорда тенг имконият яратилмасдан бозор нархини талаб қилиш ўринсиз.

Ҳамма идеал ишлаши учун алоҳида имтиёзлар берилмаслиги, алоҳида преференциялар, устунликлар тақдим этилмаслиги керак бўлади.

Ваҳоланки, солиқ қонунчилигида алоҳида имтиёзлар берилмасин, дейилган. Алоҳида имтиёзлар бор экан, бошқалардан бозорда тенгликни талаб қилиш нотўғри.

Солиқ органини доимий танқид қилишдан йироқмиз. Ҳозир амалиётда бўлаётган ҳолатларга муносабатимиз ўзимизнинг тандиқидимиз эмас, балки солиқ тўловчилардан бизга тушаётган шикоятларидан, тадбиркорларнинг дардларидан келиб чиқмоқда.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид