«2021 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси оилавий муаммолар туфайли содир этилган» – Пўлат Бобожонов
2021 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси – 37,1 фоизи, оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари оилавий муаммолар туфайли содир этилган. Бу ҳақда бугун, 19 март куни Сенат ялпи мажлисида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикасига оид 2021 йил якуни бўйича ахборот берган Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов маълум қилди.
Маълум қилинишича, 2021 йилда содир этилган жиноятлар умумий сони 84 100 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 321,4 тадан тўғри келмоқда.
«Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда», - дейилади вазирнинг ҳисоботида.
Хусусан, 2021 йилда қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси ёки 158 таси (37,1 фоизи), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 190 таси (14,4 фоизи) оилавий муаммолар туфайли содир этилган.
Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 минг 935 та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Уларнинг қарийб 60 фоизи (8 589 таси) Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.
Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги туфайли 2021 йилда 9 759 нафар хотин-қиз томонидан 9 053 та жиноят содир этилган.
Шунингдек, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 65,2 фоизи Фарғона, Тошкент, Наманган ва Бухоро вилоятларига тўғри келмоқда. Бундан ташқари, 14 мингдан ортиқ жиноят ишсизлар томонидан содир этилгани маълум қилинди.
Олий Мажлис Сенати бундан буён содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг доимий таҳлилини юритиш орқали бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш чораларига доир қарор қабул қилди.
Шунингдек, Сенат раиси Танзила Норбоева оила-турмуш муносабатлари доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларга бериладиган ҳимоя ордери муддати 1 ойдан 1 йилга чўзилаётганини маълум қилди.
«Бироқ қилинаётган ишлар етарли эмас, эътибор асосан аёллар ҳимоясигагина қаратилган. Яъни психолог ҳам, маҳалла-ю унинг нозирлари ҳам фақат аёллар билан ишламоқда. Унинг турмуш ўртоғи-чи? У билан ким ишлайди? У тарафдан келтириладиган важ ва сабабларни ким эшитади?» - деди Сенат раиси.
Мавзуга оид
21:47 / 15.11.2024
Қотил гиёҳванд бўлган: 3 ёшли болани ўлдирган эркак устидан суд бошланди
18:12 / 09.11.2024
Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти
19:18 / 02.11.2024
Арчазордан топилган одам боши – Қўштепадаги қотиллик тафсилоти
19:02 / 31.10.2024