Шаҳарлараро йўналишларда қўшимча автобус қатновлари йўлга қўйилди
Наврўз байрами арафасида Тошкент шаҳридан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига мунтазам автобус йўналишлари орқали ўз манзилига етиб олишни режалаштирган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент автовокзалидан амалдаги қатновларга қўшимча равишда ҳар куни шаҳарлараро йўналишларда ўртача 10 дан ортиқ автобус қатновлари ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.
Хусусан, 17 март куни амалдаги мавжуд 22 та қатновдан ташқари, Тошкент—Самарқанд, Тошкент—Хива йўналишларида биттадан, Тошкент—Денов, Тошкент—Термиз йўналишларида иккитадан жами 6 та қўшимча қатновлар амалга оширилган.
18 март куни Тошкент—Зармитан, Тошкент—Навоий, Тошкент—Самарқанд, Тошкент—Қоракўл йўналишларида қўшимча биттадан, Тошкент—Денов, Тошкент—Хива йўналишларида қўшимча иккитадан, Тошкент—Термиз йўналишида эса қўшимча тўртта, жами 12 та қўшимча автобус қатнови амалга оширилган.
19 март куни Тошкент—Зармитан, Тошкент—Жўш, Тошкент—Самарқанд, Тошкент—Қоракўл, Тошкент—Денов, Тошкент—Урганч йўналишларида қўшимча биттадан, Тошкент—Хива, Тошкент—Термиз йўналишларида қўшимча иккитадан, Тошкент—Навоий йўналишида қўшимча тўртта, жами 14 та қўшимча автобус қатновлари ташкил этилди.
Вазирлик йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда қўшимча қатновларни ташкиллаштириш давом этишини маълум қилган.
«Шу ўринда йўловчилардан турли фирибгарлар ҳамда йўлкира нархини сунъий равишда оширган автовокзал атрофидаги ноқонуний такси ҳайдовчиларига тўғри келиб қолмаслиги учун чипталарни Тошкент автовокзали кассасидан харид қилишни сўраймиз», — дейилади вазирлик хабарида.