Коррупцияга қарши кураш бўйича мутахассис, фалсафа адъюнкт-профессори Қодир Қулиев Ўзбекистонда олиб борилаётган антикоррупцион сиёсат самарадорлиги мавзусида Kun.uz билан суҳбатда шу ва бошқа фикрларни билдириб ўтди.

Қодир Қулиев БМТ ҳузуридаги Халқаро коррупцияга қарши курашиш академиясининг битирувчиси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши аъзоси ҳисобланади.

— Халқаро эксперт сифатида Ўзбекистонда олиб борилаётган коррупцияга қарши кураш ҳолатини бирдан ўнгача шкалада нечага баҳолаш мумкин?

— Коррупция ҳар бир давлатда ўзининг элементларига қараб турли хил бўлади. Баъзилар айтади, коррупцияни таг-туби билан йўқ қилиш керак, деб. Катта халқаро экспертлар коррупция доим бор бўлишини, уни ҳеч қачон бутунлай йўқотиб бўлмаслигини исботлаб беришган. Фақат коррупция даражасини минимумгача пасайтиришни назорат қилиш мумкин.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш ҳиссиёти яхши томонга ўзгаряпти, бунга сиёсий ирода бор. Коррупцияга қарши кураш оддий халқнинг ҳаётида ўз аксини топиши керак. Кимдир давлат идорасига борса коррупциясиз ишини битира олиши керак. Ҳозир бу нарсада оқсаш бор бизда. Лекин тизимда ўзгаришлар учун албатта вақт керак. Шкалада баҳоласак, 10 балл беролмайман, лекин албатта 5 дан юқори.

— Коррупцияга қарши курашда миллий менталитет ва бу асосидаги тарбиянинг ўрни қандай?

— Албатта, бола туғилганидан бошлаб унга ишонч, алдамаслик ва катталарга ҳурмат каби тушунчалар сингдирилиши керак. Афсуски, ҳозирги кунда меҳмондўстлик, таниш-билиш ва катта ҳурмат каби одатларимиз суиистеъмол қилиняпти, коррупция учун ниқоб бўляпти.

Масалан, давлат ташкилотларида бошлиғингиз ёши катта бўлса, унга ҳақиқатни айта олмайсиз, гапирсангиз сизни каттага беҳурматлик қилишда айблайди.

Ҳозир биздаги коррупцион ҳолат фойда-зарар таҳлили билан боғлиқ. Масалан, бирор мансабдор коррупция содир қилишдан аввал унинг ортидан нималар келишини ўйлаб солиштириб кўради. Қўлга тушсам нима бўлади, тушмасам қанча фойда кўраман дейишади. Лекин ҳеч ким бу ишидан айбдорлик ҳиссини туймайди. Мансабдорларда айбдорлик ҳисси нолга тенг.

Қачонки, мансабдор монопол кучга эга бўлса, унинг ваколатлари жуда катта бўлса ва бунинг етарлича назорати бўлмаса, албатта коррупция топилади.