Ўзбекистон | 09:57 / 23.03.2022
2165
1 дақиқада ўқилади

Хоразмда ўзбек-ҳинд ҳарбий ўқув-машғулотлари бошланмоқда 

Хоразм вилояти, Янгиариқ туманидаги умумқўшин полигонида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбийлари ҳамкорлигида «Дўстлик-2022» ўқув-машғулотлари ўтказилади.

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида имзоланган ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ, ҳиндистонлик бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар «Дўстлик-2022» ўқув-машғулотларида иштирок этиш учун Хоразм вилоятига етиб келишди. 

Меҳмонлар Шимоли-ғарбий ҳарбий округ (ШҒҲО) қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан Урганч халқаро аэропортида кутиб олинди. 

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбийларининг ҳамкорликдаги илк ўқув-машғулотлари 2019 йилнинг ноябрь ойида Тошкент ҳарбий округига қарашли «Чирчиқ» умумқўшин полигонида ўтказилган эди.

Иккинчи бор бундай машғулотлар 2021 йилнинг март ойида Ҳиндистоннинг Утаранчал штати, Раникхет провинцияси ҳудудида жойлашган «Чаубатия» ўқув марказида ташкил этилди.

Мамлакатимизга ҳарбий соҳада ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда ўқув-жанговар вазифаларни бажариш мақсадида келган меҳмонлар «Янгиариқ» умумқўшин полигонига жойлаштирилди.

Ўқув-машғулот йиғини давомида икки давлат вакиллари ўқув-жанговар топшириқлардан ташқари маданий-ҳордиқ тадбирларида ҳам иштирок этишади.

Мавзуга оид