Ўзбекистон | 20:55 / 26.03.2022
12933
7 дақиқада ўқилади

Тошкент инвестфоруми: Марказий Осиё делегатлари ўз нутқларида нималарга урғу берди?

Тошкент инвестиция форумининг иккинчи кунида Марказий Осиёнинг инвестицион салоҳияти борасида панел мунозараси бўлиб ўтди. Минтақавий ва халқаро ҳамкорлар инвестицияларни ошириш бўйича нималар қилмоқчилиги ҳақида чиқиш қилди.

Фото: KUN.UZ

Халқаро молия корпорацияси катта вице президенти Стефани фон Фридебург ўз нутқида эркин иқтисодий зоналарни кенгайтириш заруратини тилга олди.

“Ҳозир  Марказий Осиёнинг инвестицион салоҳиятини очишда биз учун асосий нарса эркин иқтисодий зоналардир. Шунингдек, транспорт коридорларини яратиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, 400 миллионлик аҳолини боғлаш иқтисодий ўсишга ёрдам беради”, деди у.

Япония халқаро ҳамкорлик банки раиси ўринбосари Нобумитсу Хаяши делегатларни “яшил” водородга эътибор қаратишга чақирди.

“Ўзбекистон Япония ҳамкорлик банки инвестиция киритишга тайёр бўлган давлатга айланмоқда. Япония тадбиркор ва бизнес учун Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр. Яқинда Ўзбекистонга Япониянинг Куден компанияси кирмоқчи, бу муваффақиятли компаниялардан биридир. Сизлар Япония инвестиция киритиш масаласида секин қарор қилади, деб ўйлайсизлар, лекин қарор қабул қилингандан кейин қандай ишлашимизни кўрасиз.

Кооперация – ресурслар ва телекоммуникацияларни киритиш жуда муҳим масала. Япония яқинда Ўзбекистоннинг АКТ вазирлиги билан шу масалада мулоқот қилди.

Углеродни камайтириш ҳам жуда муҳим масала. Биз ишлаб чиқаришда чиқиндиларни камайтирмоқчимиз. Эътиборни “яшил” водородга қаратиш керак”, – деди япониялик меҳмон.

Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Қайрбек Ускенбаевга кўра, транспорт йўлакларини кенгайтириш – асосий масалалардан.

“Интеграциянинг қатор муваффақиятли ҳикоялари бор, яъни Хитой ва Марказий Осиё йўлини айтмоқчиман. Биз келажакда шу йўлни кенгайтирмоқчимиз. Ҳозир биз тор йўлакларни кенгайтириш, Транс-Касбий транспорт йўлининг имкониятларини ошириш устида ишлаяпмиз. Бу йўл Қозоғистон, Грузия Туркия ва Озарбойжонни ўз ичига олади.

Юк ташиш ҳажмларини рақамлаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳам амалга оширилиши лозим бўлган муҳим мақсадлар. Биз бу борада ишларни давом эттиряпмиз. Ўзбекистон билан транспорт йўлаклари бўйича тезюрар темирйўли – Тошкент–Шимкент–Туркистон йўлини қуриш устида ишлаяпмиз. Бу келажакда мамлакатимиздан бошқа учинчи мамлакатлар билан транспорт алоқаларини кенгроқ амалга ошириш имконини беради. 7 млн тонна юк ташишни режа қилганмиз, шундан 4 миллионини транспорт йўлаклари орқали амалга оширмоқчимиз”.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Азиз Алиев ҳам ўз чиқишида минтақавий транспорт йўлаклари ҳақида тўхталди.

“Мамлакатларимиз рақиб эмас, бир-бирини тўлдириб туради. Қирғиз Республикаси ҳам қатор ташаббуслар билан чиққан. Кара дастурини амалга ошириш учун Осиё Тараққиёт Банки молиялаштиришнинг барча мақсадларини қамраб олмоқда. Зарур бўлса, минтақавий ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиқишга тайёрмиз. Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой йўли жуда муҳим. Бу лойиҳа бир неча минг километрлик йўлни янада қисқартириш орқали имконини беради”.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов расмий Тошкент тезроқ амалий ҳаракатларга ўтиш тарафдори эканини билдирди.

“Чиройли гаплардан амалиётга ўтиш керак. Биз, президент Шавкат Мирзиёев жамоаси амалиёт тарафдоримиз. 27 йил муҳокама қилдик, энди амалий ишга киришдик. Ҳали (иқтисодий соҳа) сифат жиҳатдан муаммоларга тўла. Шу муаммоларга тайёр бўлиб, ўзимизнинг айни бир қолипдаги фикрлаш доирамиздан чиқишимиз керак.

Бошқа мамлакатларга зарар етказиб ютишдан воз кечиш керак. Бугун ютқазамиз, эртага нимадирдан ютамиз. 2016 йилда Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан алоқаларида, хусусан, чегара масалаларида анча саволлар бор эди.

Биз Афғонистон орқали тизимли тарзда Покистон билан савдомизни амалга оширишни илгари ким тасаввур қила олар эди?! Юклар Карачига 4 кунда етиб бормоқда. Ҳиндистон билан ҳам шу йўлакдан фойдаланишга келишилди. Сиёсий ирода бўлса, барчасига эришамиз. Барчани ушбу форумни натижадор ўтказишга чақираман”.

Тожикистон президентининг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчиси Неъматулло Ҳикматуллозода рақамли бўшликни тўлдириш ва экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришга урғу берди.

“Олдимизда турган муаммолар катта ва улар дунёнинг ривожланишига таъсир ўтказмай қолмайди. Ҳозирги вазиятда бирлашиб бирга барқарор ривожланишга эришиш мумкин. Тожикистон Марказий Осиё энергетика, қазилма бойликлари, металлургия, қишлоқ хўжалиги, логистика, туризм соҳаларида икки томонлама савдони янада ривожланишнинг устувор йўналишлари деб ҳисоблайди. Савдо ҳамкорларимизни диверсификация қилиш ҳам жуда муҳим мақсадлардан биридир. Рақамлаштириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни алоҳида таъкидлаш керак.

Пандемия бизга рақамли иқтисодиёт муҳимлигини кўрсатди. Бунда, албатта, ҳамма мамлакатда ҳам бирдек интернетга кириш имконияти йўқ, яъни чекка ҳудудларда рақамли бўшлиқ бор. Барча аҳолига интернет тарқатиш каналини кенг ёйиш, интернетга кириш имкониятини яратиш керак, деб ўйлайман.

Рақамли инфратузилмани олис қишлоқларгача олиб бориш керак. Ҳукуматлар буни қўллаб-қувватламаса бўлмайди. Янги бизнес моделларини ўрганиш керак.

Хорижий инвестицияларни экологик тоза ва углерод чиқиндилари энг кам бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали жалб қилиш лозим. Европа маҳсулотларни углерод изига қараб бож ва солиққа тортишни йўлга қўймоқда. Иқтисодий жиҳатдан атроф-муҳитга зарар етказадиган корхоналарга келажакда зарар етиши мумкин.

Саноат корхоналарининг харажатларини камайтириш керак. Бизда гидроэнергетика салоҳияти улкан. 90 фоиз энергиямиз ГЭС орқали олинади. Лекин салоҳиятимизнинг 10 фоизинигина ишга солганмиз. Экологик тоза маҳсулотларни ишлаб чиқишга имкон бор. Шу йўналишларга инвестицияларни жалб қилиш керак”.

Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Багдад Амреев молия ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига инвестицияларни ошириш лозимлигини қайд этди.

“Марказий Осиё мамлакатлари – катта бозор. Ўзбекистон бизнинг ташкилотга тўла қўшилгач, ҳамкорлик 4-5 баробар ошди. Ўзбекистон интеграция жараёнларига катта ҳисса қўшди. Бирга инфраструктурани ривожлантириш учун қонунчилик устида ишлаш керак бўлади, бу товарлар ҳаракатини янада кенгроқ йўлга қўйишга ёрдам беради.

Инвестицион соҳалар диверсификацияси. Инвестициялар асосан, ишлаб чиқаришга киритилса, бор-йўғи 10 фоизи молия ва қишлоқ хўжалигига киради. Бу борада ҳукуматлар иш олиб бормоқда”.

Мавзуга оид