Президент йиғилишида «бошқа ҳудуддан бемор қабул қилинмаслиги» ҳолатларига эътибор қаратилди
Давлат шифохоналари ва хусусий тиббиёт ташкилотлари учун ягона тарифларни тасдиқлаш, хусусий клиникаларда ҳам йўлланма асосида тиббий хизмат кўрсатишни кенгайтириш вазифаси белгиланди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 март куни соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказганди. Унда айтилган муаммо ва таклифлар бўйича 24 март куни президент фармойиши қабул қилиниб, еттита йўналишда вазифа ва масъуллар белгиланди.
Йиғилишда шу борада бошланган ишлар ва ойлик режалар кўриб чиқилди. Аввало, апрель ойида 1 миллион нафар хавф гуруҳига кирувчи аҳоли, 700 минг нафар бола ва 100 минг нафар ҳомиладор аёлларни мақсадли скринингдан ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Ҳар бир оилавий поликлиникада кундузги стационар, 400 та маҳаллада оилавий шифокорлик пункти, олис ҳудудларда контейнерлардан 1 минг 700 та тиббиёт пункти ташкил этишнинг аҳамияти таъкидлаб ўтилди.
Маҳаллабай тизимда ишлаб, сифатли тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, одамларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш асосий вазифа қилиб қўйилди. Тўғри овқатланиш, жисмоний машқлар, касалликлар профилактикаси бўйича қўлланмалар ишлаб чиқиб, оилаларга тарқатиш муҳимлиги қайд этилди.
Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, олис ҳудудларда қўшимча бригадалар тузиш, бу тизимдаги анестезиолог ва реаниматологлар ойлик иш ҳақига устама бериш бўйича белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилда инвестиция дастури доирасида тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишларига бюджетдан 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга қурилиш ишларини жадаллаштириш, тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Очиқ мулоқотда республика ихтисослашган тиббиёт марказлари янги, юқори технологик даволаш усулларини йўлга қўйиши зарурлиги айтилган эди. Мисол учун, ҳар йили «оққон» касаллиги бўйича 200 нафаргача бемор илик кўчириш операциясига муҳтож. Гематология ва қон қуйиш илмий-амалий тиббиёт марказида замонавий шароит яратиш орқали ушбу амалиётни йўлга қўйиш мумкинлиги таъкидланди. Бундай ишларни барча тиббиёт марказларида ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда қайси шифохона ва лабораторияда қандай жиҳоз соз ёки носозлиги бўйича аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Вилоят ҳокимларига 25 апрелга қадар барча бирламчи муассасаларни хатловдан ўтказиб уларга зарур бўлган ва таъмирталаб жиҳозлар рўйхатини шакллантириш топшириғи берилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт асбоб-ускуналарига техник хизмат кўрсатиш тизимини яратиш бўйича таклиф киритадиган бўлди.
22 та республика маркази йил якунига қадар Ўзбекистонда илгари бажарилмаган камида 100 та юқори технологик даволаш усулларини йўлга қўйиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мисол учун, Гематология марказида махсус операцион комплексни ташкил этиш ҳисобига оққон касаллигига чалинган беморлар учун илик кўчириш амалиётини йўлга қўйиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга бу борада тегишли топшириқлар берилди.
«Яқинда «ордер» тизими ислоҳ қилинди, бу борада хусусий сектор иштироки учун ҳам имконият яратилди.
Лекин, барча талаблар аниқ белгилангани билан ўтган 6 ой давомида бирорта хусусий шифохонага беморлар учун йўлланма берилмаган.
Ёки, республика марказларининг айрим филиалларида юқори технологик даволаш йўлга қўйилган бўлса-да, бошқа ҳудуддан бемор қабул қилинмаяпти», деди давлат раҳбари.
Шу боис, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига икки ҳафта муддатда давлат ва хусусий шифохоналар учун касалликларни даволаш бўйича ягона тарифларни тасдиқлаш топширилди.
Очиқ танлов эълон қилиб, 15 майга қадар йўлланма асосида тиббий хизматлар кўрсатадиган хусусий клиникалар рўйхатини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар бошқа ҳудуддаги давлат шифохоналари учун ҳам берилади.
Йиғилишда соҳа мутасаддилари, шифокорлар, ҳокимлар очиқ мулоқотда белгиланган вазифалар ижроси бўйича ахборот берди.
Мавзуга оид
13:18 / 13.08.2024
Солиқ қўмитаси йирик корхоналарнинг маҳаллий бюджетга тўловларини ҳисобга олиш тартибини жорий қилади
18:00 / 12.08.2024
Қувватидан тўлиқ фойдаланилмаётган ўқув бинолари ёшларни ўқитиш шарти билан тадбиркорларга ижарага берилади
17:13 / 12.08.2024
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди
16:34 / 12.08.2024