Жамият | 11:03 / 04.04.2022
3676
2 дақиқада ўқилади

Сариосиёда “Янги Ўзбекистон” замонавий ёшлар боғи барпо этилди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида сенатор Абдуғани Сангинов ташаббуси билан умумий 3.0 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” замонавий ёшлар боғи барпо этилди.

Ёшлар боғи таркибидан:

  • болалар ўйингоҳи;
  • 50 ўринли кинотеатр;
  • замонавий мусиқали фаввора;
  • ахборот кутубхона маркази;
  • сунъий кўл;
  • 2 та кафе (овқатланиш мажмуалари);
  • автотураргоҳ ўрин олган.

Боғнинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими ва вилоят секторлар раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, нуронийлар, фаоллар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими сўзга чиқиб, туман аҳлини кўркам боғ очилиши билан табриклади ҳамда ташаббускорларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ёшлар боғининг 18 000 кв метр ер майдонида Президентимиз ташаббусига асосан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган кенг кўламли амалий ишларга монанд равишда Туркия давлатидан келтирилган 800 дан ортиқ манзарали дарахт ва 20 000 мингдан ортиқ анвойи гуллар кўчатлари экилиб, мўъжаз яшил ҳудуд ташкил этилди.

Ёшлар боғи марказида жойлашган кутубхонада 38 мингдан зиёд китоб, 52 мингдан ортиқ электрон китоб бўлиб, маърифат маскани замонавий ўқув зали, катта ҳажмдаги монитор ва бепул Интернет билан таъминланган. Замонавий кутубхона бир вақтнинг ўзида 120 нафардан ортиқ китобхонга тўлақонли хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Боғ лойиҳасидан ўрин олган кичик кинотеатр ёшлар ва ташриф буюрувчиларнинг ички дунёси, ҳис-туйғулари, маънавиятига ижобий таъсир этувчи омилдир. Ушбу кинотеатрда намойиш этилувчи фильмлар ғоявий-бадиий савияси, кўтарилаётган мавзунинг ҳаётийлиги томошабинларнинг аксарияти ёшлар эканидан келиб чиққан ҳолда танланиши кўзда тутилмоқда. Зеро, миллий кино санъати жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётида, жумладан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда стратегик манба сифатида муҳим аҳамиятга эгадир.

Лойиҳа доирасида 20 та янги иш ўрни ташкил этилди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ матбуот хизмати

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш