Ўзбекистон | 19:58 / 07.04.2022
17150
5 дақиқада ўқилади

Бюджет тақсимоти одамларнинг ўзига қўйиб берилганда...

“Очиқ бюджет” платформаси, “Ташаббусли бюджет” каби атамалар шу кунларда кўп қўлланиляпти. Умуман, бу ибораларни халқимиз қандай тушуняпти ва ушбу янгилик одамларга нима бермоқда?

Содда қилиб айтганда, бу лойиҳа йиллар давомида қаровсиз қолган кўчангиз, таъмирталаб мактаб-у боғчалар, икки авлодни кўрган трансформатор-у симёғочлар, умуман, мавжуд муаммоларни ҳал этишга ҳукуматдан пул олиш имконияти демакдир.

Самарқанд вилоятида “Очиқ бюджет” учун овоз йиғиш жараёнлари қандай ўтгани билан қизиқиб, қишлоқларни оралашга қарор қилдик.

Масалан, Жомбой туманидаги Журият маҳалласида сўнгги йилларда аҳоли кўпайиши, қолаверса, трансформаторлар аллақачон муддатини ўтаб бўлгани сабабли тез-тез авария ҳолати келиб чиқаверади.

Бу ҳолатдан зада бўлган аҳоли маҳалладаги тўртта трансформаторни юқори кучланишдаги трансформаторга алмаштириш ташаббусини платформага киритишди ва энг юқори овоз тўплаб, лойиҳа ғолиби бўлишди.

Абдувоҳид Дилмуродовнинг айтишича, маҳалладошлар бир овоздан юқоридаги ташаббусни қўллаб-қувватлаган. У ҳар бир хонадонга кирилгани, “Ташаббусли бюджет” ҳақида тушунча берилганини айтади.

Маълум бўлишича, журиятликлар ижтимоий тармоқларда гуруҳлар ташкил қилиб, овоз йиғишган. Натижада жами 1486 та овоз тўпланиб, Журият маҳалласи ғолиб бўлган. Энди ушбу маҳаллага сўралган юқори кучланишли тўртта трансформатор ўрнатиб берилади.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасига Жомбой тумани бўйича етмишга яқин таклиф билдирилган ва шундан олтитаси ғолиб бўлган. Хусусан, Эски Жомбой маҳалласидаги 28-умумтаълим мактаби учун филиал қуриш таклифи ҳам юқори овоз тўплаган.

Ушбу мактабга филиал қуриш таклифи билан чиққан директор Мавжуда Қурбонованинг айтишича, мактаб қамрови 380 нафарни ташкил этган ҳолда амалда 980 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Шу сабабли бир неча йиллар аввал фаолияти тўхтаб қолган филиал фаолиятини тиклаш таклифини икки маҳалла – Эски Жомбой ва Найман маҳалласи аҳли бирдек қўллаб-қувватлаган. Натижада 28-мактабнинг Найман маҳалласидаги филиалини қуриш бўйича билдирилган 620 миллион сўмлик лойиҳа ғолиб бўлган.

Дарҳақиқат, биз филиал биносини ҳам бориб кўрдик. Ҳудудда аҳоли анча тиғиз жойлашган бўлиб, ўқувчилар 2-8 километргача бўлган масофага бориб таълим олаётган экан. Бу аҳолига моддий томондан ҳам бир қатор қийинчиликлар келтириб чиқарган.

Маҳалла фаоли Мамлакат Ибрагимованинг айтишича, мактабнинг мавжуд филиали ҳашар йўли билан қурилган. 2018 йилга қадар бошланғич синф ўқувчилари шу ерда таълим-тарбия олган. Бино таъмирталаб бўлиб қолгач, бир неча марта масъул ташкилотларга мурожаат қилинган ва натижа бўлмаган. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига қўйилганидан сўнг, маҳалла аҳли хонадонма хонадон юриб, овоз тўплашган.

Ушбу лойиҳа бўйича Паст Дарғом туманида ҳам 14 ташаббус юқори овоз тўплаб, ғолиб бўлган. Эътиборли жиҳати шундаки, тумандаги Бешбола маҳалласи ҳудудидаги фермерлар сувсизлик сабаб жуда оғир вазиятга тушиб қолган. Сўнгги йилларда фермерлар фойда олмаган, фақат зарарга ишлаган. Айнан юқори овоз тўплаб ғолиб бўлган лойиҳалар ичида Бешбола маҳалласидаги сув насос станциясини ишга тушириб, аҳолини сув билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бешбола маҳалласи раиси Акбар Абдуллаевнинг айтишича, бундан 30-40 йиллар аввал насос ёрдамида зах сув юқорига тортиб берилган. Ўша пайтларда ҳосилдорлик ҳам юқори бўлиб, бу одамларнинг турмуш тарзига ҳам ижобий таъсир қилган. Ҳозирги вақтда нафақат фермерлар, балки аҳоли томорқасига ҳам сув етиб бормаётган экан.

“Бешбола” фермер хўжалиги бошлиғи Вафоқул Каримов сўнгги уч йилда сувсизлик сабаб, хўжалик оғир вазиятга тушиб қолганини билдирди. Ушбу ташаббус нафақат ўзи каби деҳқонлар, балки аҳоли томонидан ҳам илиқ кутиб олингани ва барча бирдек қўллаб-қувватлаганини маълум қилди.

Ушбу лойиҳа ишга туширилгач, мингдан ортиқ аҳолининг сувга бўлган эҳтиёжи қисман қопланиши, 400 гектардан ортиқ фермер хўжалиги ерларига сув етиб бориши мумкин экан.

Бу янги лойиҳа. Қайсидир ҳудудларда бу ташаббусни ўз вақтида илғаган, имкониятдан самарали фойдаланганлар натижага эришди. Ҳатто республика бўйлаб бу ғолибликни ҳақиқий байрамга айлантириб юборганлар бўлди.

Аслида ҳам аксарият ҳудудлардаги муаммоларни аҳолининг ўзидан кўпроқ ҳеч ким яхши билмайди, улар ўзлари тўлаётган солиқлар биринчи навбатда қайси эҳтиёжлари учун ишлатилиши кераклигини теранроқ ҳис этадилар.

Ушбу лойиҳа орқали халқимиз ҳудудларда орттирилган бюджетнинг маълум миқдорини ўзлари истаган ва энг кўп қийнаган лойиҳаларга қаратиш, муаммоларини ҳал этиш имкониятига эга бўлмоқда.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид