Жамият | 17:56 / 08.04.2022
59545
6 дақиқада ўқилади

Саҳарликка ухлаб қолса нима қилиш керак? — Рамазонга доир савол-жавоблар

Саҳарликка ухлаб қолган киши қандай йўл тутиши керак? Рўза тутишда тўғри ният қилиш қандай бўлади? Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими билан ҳамкорликда муборак Рамазон ойига доир саволларга жавобларни тақдим этишда давом этади.

Савол: Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши нима қилиши керак?

Жавоб: Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган одам, уйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам, ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин.

Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Аслам қабиласидан бир кишига буюрдилар: “Одамларга эълон қилгинки, ким (бугун таом) еган бўлса, куннинг қолган қисмида емай турсин. Ким ҳеч нарса емаган бўлса, рўза тутсин. Чунки бугун – Ашуро кунидир” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Рамазон рўзаси Ашуро кунига қиёс қилинган. Чунки Исломнинг аввалида Ашуро рўзаси фарз бўлган.

Имом Таҳовий: “Бу ҳадисда муайян бир кунда рўза тутиши керак бўлган киши, кечаси ният қилмаган бўлса, кундузи ният қилиши дурустлигига далил бор”, – деганлар.

“Заволгача ният қилиш, тонг отгандан кейин рўзани бузадиган амаллар бўлмаган бўлса, жоиз бўлади. Агар тонг отгандан кейин қасддан ёки унутиб еган, ичган ёки жинсий алоқа қилган бўлса, бундан кейин ўша кунги рўзани ният қилиши жоиз бўлмайди”.

Демак, Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши, уйғонгач, ҳеч нарса емай-ичмай рўза тутишни ният қилиши лозим бўлади.

Савол: Рўза тутишда қачон ва қандай ният қилиш керак?

Жавоб: Рўза ибодатдир. Кишининг ўз ихтиёри билан Аллоҳ таоло учун, Унинг амрига биноан, бажарадиган ҳар бир амали ибодат бўлади.

Ҳеч бир ибодат, жумладан рўза ҳам ниятсиз дуруст бўлмайди. Оддий, кундалик ишлар ҳам ният билан, уларни бажаришда Аллоҳ таоло розилигини ният қилиш билан ибодатга айланади.

Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Нияти бўлмаган кишининг амали (мақбул) бўлмайди” (Байҳақий, Ибн Абид Дунё).

Ният амални бошлаш олдидан бўлиши керак. Шунга асосан, рўза бошланадиган вақт, яъни тонг отиш вақти рўза ниятининг вақтидир. Аммо тонг отиш вақтини кутиб ўтириш машаққат бўлганидан ё тонг отиши пайтида уйқу ғалаба қилиши эҳтимоли борлигидан, ифторлик пайтида ё кечаси Рамазон рўзасига ният қилишга рухсат қилинган. Агар мазкур вақтларда Рамазон рўзасига ният қилиш ёддан кўтарилган бўлса, тонг отганидан сўнг катта чошгоҳгача, агар бу вақтгача рўзага зид ишларни қилмаган бўлса, (соат 11:00 гача) ният қилса бўлади. Бу ҳолда “тонг отишидан бошлаб рўзадорман”, деб ният қилиш лозим. Агар ният қилган вақтидан бошлаб масалан “соат 9:00 дан бошлаб рўза тутаман”, деб ният қилса тутадиган рўзаси рўза ҳисобланмайди.

Рамазон рўзасига тонг отмасидан олдин ният қилиш мустаҳабдир.

Ният қалб амалидир. Рўза тутишни (масалан Рамазон рўзасини тутишни) кўнглидан ўтказиш рўза нияти бўлади. Бизнинг мазҳабимизда Рамазон ойининг ҳар бир куни рўзаси учун ният қилиш лозим.

Рўза тутишни кўнглидан ўтказиш билан бирга тил билан айтиш суннат дейилган. Агар кечаси (ифтор пайтида) рўзага ният қилинадиган бўлса кўнглидан бу маънони ўтказиш ва тил билан айтиш керак:

“Навайту ан асума ғадин лиллаҳи таоло мин фарзи Рамазона” (Рамазоннинг фарз рўзасини эртага холис Аллоҳ таоло учун тутишни ният қилдим).

Агар тонг отгач рўзага ният қилинса кўнглидан бундай ўтказиш ва тил билан айтиш лозим:

“Навайту ан асума ҳазал явми лиллаҳи таоло мин фарзи Рамазона” (Рамазоннинг фарз рўзасини бугун холис Аллоҳ таоло учун тутишни ният қилдим).

Рўза тутишни кечаси ният қилгач, тонг отгунча еб-ичса ният бузилмайди.

Рамазон ойида саҳарлик қилиш Рамазон рўзаси нияти ўрнига ўтади. Шунингдек бошқа рўза (қазо, каффорат) учун ҳам саҳарлик қилиш ана шу рўза нияти ҳисобланади.

Рамазон рўзасининг қазоси, каффорат рўзалари учун тонг отмасидан олдин, кечаси ният қилиш лозим. Барча нафл рўзалар учун катта чошгоҳгача, агар бу пайтгача рўзага зид ишлар қилинмаган бўлса, ният қилиш мумкин.

Барча амаллар савоби ниятга боғлиқ. Барчамизга ниятни тўғри қилиш ва Рамазон рўзаси ажрига мушарраф бўлиш насиб этсин.

Мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосаси асосида чоп этилмоқда.

Мавзуга оид