ЖСТ урушнинг жаҳон иқтисодиёти учун оқибатлари ҳақида огоҳлантирди
Жаҳон савдо ташкилоти Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари дунё учун қандай иқтисодий оқибатларни келтириб чиқаришини маълум қилди. Улар орасида озиқ-овқат ва энергияташувчилар нархининг кўтарилиши, шунингдек, яримўтказгичлар инқирози бор.
Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можаро жорий йилда жаҳон иқтисодиёти ўсишини 1,3 фоизга камайтириши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) томонидан ўтказилган урушнинг савдога таъсири таҳлилида айтилган. Тадқиқот 12 апрель, сешанба куни Жаҳон савдо ташкилотининг глобал савдо ўсиши бўйича йиллик прогнози тақдимоти олдидан чоп этилди.
Модель ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) атиги 3,1-3,7 фоизга ўсади. Ташкилотда кўрсатилишича, сабаблар орасида озиқ-овқат ва энергияташувчилар нархининг ошиши, шунингдек, Россия ва Украинадан экспорт ҳажмининг пасайиши бор.
«Камбағал давлатлар уруш туфайли кўпроқ хавф остида бўлади, чунки улар бой мамлакатларга қараганда ўз даромадларини озиқ-овқатга кўпроқ сарфлайди. Бу сиёсий барқарорликка таъсир қилиши мумкин», - дейилади баёнотда.
Ўтган йилнинг октябрь ойида ЖСТ жаҳон савдосининг 4,7 фоизга ўсишини башорат қилган эди. Янги ҳисоб-китобларга кўра, ҳозир бу кўрсаткич деярли ярмига қисқарди.
Гап фақат Россия ва Украинадан энергия ресурслари, дон ва кунгабоқар ёғи экспортининг қисқаргани ҳақида кетаётгани йўқ, дея қайд этилган тадқиқотда: Россия автомобиллардан чиқувчи газларни бартараф этишда ишлатилувчи каталитик конверторлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган палладий ва родийнинг асосий етказиб берувчиларидан биридир. Украина, ўз навбатида, яримўтказгичлар саноатини неон билан таъминлайди.
«Европа Россия ва Украина экспорт товарларининг асосий харидори сифатида урушнинг иқтисодий оқибатларини энг катта даражада ҳис қилади», — дейилади ЖСТ хабарида.
Ташкилот, агар жаҳон иқтисодиёти савдо блокларига бўлиниб кетса ва давлатлар яна ўз ишлаб чиқаришига кўпроқ таянишни бошласа, салбий таъсирлар келиб чиқишдан огоҳлантирди. Бу рақобатни камайтиради ва ривожланаётган ҳамда ўтиш давридаги иқтисодиётлар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, дейилади тадқиқотда.
Мавзуга оид
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
10:20 / 19.10.2024
Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши янада оширилади
17:43 / 18.10.2024