Паркентда ўқитувчи ва ўқувчилар ҳокимлик Telegram-каналларига обуна бўлишга мажбурланмоқда
Ҳоким ўринбосари Бахтиёр Соатовнинг талаби бўйича ўқитувчи ва ўқувчилар ўзларидан ташқари яна биттадан қариндошини ҳам каналларга аъзо қилиши керак. “Буни ҳар соатда шахсан туман ҳокимининг ўзи кузатиб боради”.
Ижтимоий тармоқларда Паркент ҳокими ўринбосари Бахтиёр Соатовнинг тумандаги ўқитувчилар билан zoom платформаси орқали ўтказган йиғилиши видеоси тарқалди. Унда ҳоким ўринбосарининг ўқитувчиларга турли Telegram-каналларга мажбуран обуна қилиш бўйича топшириқ бераётганини кўриш мумкин.
«Учта каналимиз бор. Биринчиси, Паркент ҳокимиятининг Telegram-канали, иккинчиси «Паркент тонги» Telegram-канали (туман газетаси канали) ва учинчиси Шоҳрух Шоаҳмедовнинг Facebook канали (Шоҳрух Шоаҳмедов Паркент туман ҳокими – таҳр).
Мана, мана шу учтага обуна бўлиб берасизлар, 100 фоиз мактаб ўқитувчилари. Тўғри, 100 фоиз мактаб ўқитувчиларида боя Зокир акам айтганидек (туман ХТБ раҳбари Зокир Нуров назарда тутилмоқда – таҳр), Telegram ёки Facebook бўлмаслиги мумкин, лекин қолган ҳаммасида 100 фоиз телефон бор.
Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари зиммасига юклатиладики, 14 ёшдан катта ўқувчилар биттадан ўзининг қариндошини қўшиб (отаси ёки онаси) обуна бўлади.
Кейингиси, 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўқувчилар, агар уларда телефон ёки телеграми бўлса, буларниям жалб қилишинглар мумкин. Майли, ўқувчиларники шошилинч эмас. Уларнинг муддати душанба кунгача (шу жойида Бахтиёр Соатов туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ботир Шоғуломовдан “тўғрими?” дея сўрайди).
Ўқитувчиларники эса бугун, 100 фоиз ҳаммаси”, – дея топшириқнинг қатъийлигини такрор эслатади у.
Ҳоким ўринбосарига кўра, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг айтилган каналларга аъзо бўлиш жараёнини шахсан туман ҳокими ҳам исмма-исм назорат қилиб бормоқда.
“Ҳоким ҳар соатда кириб, “подписаться” (аъзолик) бўлганлар сони ва кимлар “подписаться” бўлганини кўриб ўтирибди. Рўйхатини қиласизлар ва халқ таълими бўлимига берасизлар.
Яна битта нарсани айтиб қўйишим керак, “подписаться” қилдим, дея кўрсатиб, рўйхатини бериб, кетидан “покинут” (чиқиб кетиш) қилиб чиқиб кетишнинг кераги йўқ. “Покинут” қилганларнинг рўйхатларини «Паркент тонги» билан ахборот хизмати Ботирдан оламиз ва яна ўзларингга ташлаб берамиз. Қайта-қайта барибир “подписаться” қилишимиз керак.
Сизлар ўйлашларингиз мумкин, булар туманнинг каналига “подписчик” кўпайтириш учун қиляпти, дея. Йўқ, бунинг ҳаммаси туманда олиб борилаётган ишларни кўрсатиш учун», – дейди у.
Видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўларкан, Kun.uz мухбири Паркент тумани ҳокими ўринбосари Бахтиёр Соатов билан боғланиб, ҳолат юзасидан изоҳ сўради.
“Йўқ, бу ерда ҳеч кимни мажбурлаш нияти бўлмаган. Бу ерда талаб қилиш ҳам, ҳеч кимни жазолаш мақсади ҳам йўқ эди. Шунчаки, ҳозир мактабларда “бешта ташаббус” олимпиадаси кетяпти. Мақсадимиз шуларни ижтимоий тармоқларда кенг ёйиш.
Ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг биттадан қариндоши обуна бўлса, шу тадбирларни улар ҳам кўради, деган мақсадда гапиргандик. Шунингдек, туманда қилинган ишлар, мактабларда ўтаётган тадбирларни ҳаммага кўрсатмоқчи эдик.
Ҳозир ҳар бир мактабнинг ўз Telegram-канали ҳам бор, лекин уни ўқитувчилардан бошқа ҳеч ким кўрмайди. Менимча, бу ерда кимгадир пиар керак бўлди”, – деди Бахтиёр Соатов мухбир саволларига жавобан.
Ҳоким ўринбосари шунингдек, каналларга бу тарзда одам тўплаш қанчалик тўғрилиги ҳамда туман ҳокимининг каналга аъзо бўлган ва чиқиб кетганларни санашдан бошқа иши йўқми, мазмунидаги саволларга ҳам жавоб берди.
“Балки бу нотўғри бўлгандир. Қандайдир хатолар ўтгандир. Лекин йиғилишда туман ҳокими кўриб турибди, дейилмаган, туман ҳокимлиги ахборот хизмати кўриб турибди, дейилган.
Ҳозирда ҳокимлик каналларига аъзо йиғиш ишлари тўхтатилган”, – деди у.
Маълумот учун, айни пайтга қадар Паркент туман ҳокимлиги Telegram-каналида 3 минг 544 нафар аъзо тўпланган.
Мавзуга оид
07:30 / 23.11.2024
Ўрта Чирчиқда 9-синф ўқувчиси синфдошлари томонидан калтакланди
13:56 / 22.11.2024
Ўзбекистонда ҳар етти ўқувчидан камида биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди, нега?
12:10 / 24.10.2024
Ўқувчилар ота-оналари қайси маҳсулот истеъмолига рухсат бермаслиги айтилди
12:58 / 17.10.2024