Жамият | 12:58 / 17.10.2024
3012
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда 1-синф ўқувчиси игна санчиш билан жазоланаётгани айтилмоқда

Маълумотларга кўра, Сирдарё туманининг 27-мактабида ўқувчи қизга ўқитувчиси игна санчиб, ҳожатхонага чиқармасдан руҳий тазйиқ ўтказган. Бу ҳақда Андижонда яшовчи шахс Болалар омбудсманига мурожаат қилган. Вилоят ИИБга кўра, синфнинг қолган ўқувчилари бундай вазият бўлганини рад этган, ҳолат тасдиғини топмаган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Болалар омбудсманининг хабарига кўра, шу йилнинг 14 октябрь куни Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи фуқаро ИИБга мурожаат қилиб, Сирдарё туманидаги 27 мактабда таҳсил олувчи 1-синф қизи ўқитувчиси томонидан номақбул тарзда жазоланаётганини билдирган.

Эркак қизалоқнинг қўлига игна санчилиб, ҳожатхонага чиқармасдан руҳий тазйиқ ўтказилганини айтган.

Қайд этилишича, ҳозирда туман ИИБ томонидан ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жароҳат даражасини аниқлаш учун қизга нисбатан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Бу борада қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.

Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБнинг изоҳ беришича, терговгача текширув ҳаракатлари олиб борилган. Суриштирувда ушбу синфнинг 28 нафар ўқувчиси ҳамда уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказилган. Ўқувчилар устози томонидан ҳеч қандай қўполлик қилинмагани, қизалоқнинг қўлига игна санчилмаганини билдиришган, ҳолат ўз тасдиғини топмаган. Ота-оналар томонидан эса ўқитувчи ижобий тавсифланган.

"Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда. Вояга етмаган Ғ.О. нинг тан жароҳати юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган",– дейилади муносабатда.

Аввалроқ Болалар омбудсмани таълимдаги тартиб-қоидалардан четга чиқиб, ўқувчиларга нисбатан турли жазолаш усулларини қўллаш ҳамда болани оммавий изза қилиш унинг шаъни ва қадр-қимматини поймол этишини, бу боланинг конституциявий ҳуқуқларини бузиш билан тенглигини айтиб ўтганди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июлда вазир буйруғи билан “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари” тасдиқланган.

Ҳужжатга кўра, ўқитувчилар жамоа аъзолари ва бошқаларнинг шахсияти, қадр-қиммати камситилиши, ўқувчиларни дарс машғулотларидан асоссиз чиқариб юбориш ёки киритмаслиги ҳамда чиқиш қўнғироғи чалингандан кейин ўқувчиларни синфхонада ушлаб ўтириши ҳам мумкин эмас.

Ўқувчилар ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирда уларнинг қоғоз ёки электрон кундалигига танбеҳ ёзиши, қоида бузилиш ҳолатлари такроран кузатилганда эса ўқувчини мактаб ички назорат рўйхатига олиш ва якка тартибда шуғулланиш, бу ҳам фойда бермаса, қоида бузган ўқувчини бошқа синфга ўтказиш, синф жамоаси орасида муҳокама қилиш, ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)ни мактабга таклиф қилиш белгиланган.

Мавзуга оид