Ўзбекистон | 08:57 / 20.04.2022
2318
6 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахсларга китоблар етказиш учун «библиоскутер»лар қатнови ташкил этилади

Фото: Kun.uz

Президентнинг “Кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган шахсларнинг ижтимоий-маданий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар ногиронлиги бўлган, кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган ҳамда босма ахборотни идрок этишда қобилияти чекланган шахслар учун ахборот-кутубхона хизматини сифат жиҳатидан ривожлантириш энг муҳим йўналишлари этиб белгиланади:

  • замонавий ахборот технологияларини жорий этиш асосида ногиронлиги бўлган шахслар илмий, таълим, ахборот ва маданий эҳтиёжларини қондириш;
  • кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган шахслар таълим олиши, муқобил шаклдаги ўқув материалларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш орқали билим савиясини ошириш;
  • ижтимоий мослашув ва реабилитация дастурлари доирасида ахборотдан фойдаланган ҳолда мустақил таълим олиш ва мулоқот доирасини кенгайтириш имкониятларини ошириш;
  • махсус материаллардан (Брайль шрифтидаги адабиётлар, босма, аудио, мультимедиа ва рақамли), интернетдан сифатли фойдаланиш имкониятини кенгайтириш;
  • анъанавий хизмат кўрсатиш усулидан ахборот-кутубхона хизмати замонавий услубларига ўтиш ҳамда кўчма кутубхоналар тизимини жорий қилиш;
  • ахборот-кутубхонанинг масофавий хизмат кўрсатиш замонавий тизимини ривожлантириш ва кенг татбиқ қилиш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг ахборот маданиятини, тарих ва миллий маданиятга қизиқишини шакллантириш ва кучайтириш, мутолаа маданиятини ошириш.

Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган шахслар билим олиши, муқобил шаклдаги ўқув материалларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш борасида 2022 йилда қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширади:

а) 2023 йил 1 июнга қадар кўзи ожиз, кўришда нуқсони бўлган ва босма ахборотни идрок этишда қобилияти чекланган барча ёшдаги шахслар учун муқобил материаллар турлари бўйича ягона каталогини тайёрлайди.

Бунда, каталог миллий ва хорижий адабиётлар, болалар адабиётлари, ўқув-методик материаллари, илмий, фундаментал ва амалий нашрлардан таркиб топади ҳамда ҳар йили янги материаллар билан тўлдириб борилади;

б) 2023 йил 1 августга қадар Брайль ёзувида ва муқобил адабиётларни чоп этишга мўлжалланган 7 та минитипографиялар харид қилинади ва ҳудудлараро кўзи ожизлар кутубхоналари жиҳозланиши таъминланади.

Бунда, минитипографиялар томонидан ягона каталогдаги материалларни бўртма матнлар, нота ёзувлари, шрифти катталаштирилган иллюстрацион материаллар, бўртма-график ва дидактик қўлланмалар асосида чоп этилиши ҳамда кўзи ожизлар кутубхоналарини мазкур турдаги материаллар билан бутлаб бориши йўлга қўйилади;

в) 2022 йил 1 сентябрга қадар барча кўзи ожизлар кутубхоналари ва марказий кутубхоналар, хорижий кутубхоналар билан муқобил форматдаги китоб ва материалларни ўзаро қулай тарзда электрон алмашиш имконини берувчи ҳамда аудио- ва видеокитоблар тарқатишга ихтисослашган ягона онлайн платформани жорий этади.

Бунда, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Оммабоп китоблар консорциуми доирасида “китоб сервиси” – муқобил форматдаги китоблар глобал онлайн архиви базасига кўзи ожизлар кутубхоналари интеграция қилинади;

г) 2023 йил 1 сентябрга қадар Марказий кўзи ожизлар кутубхонасида тифло-шарҳлаш ва аудиокитоблар базасини ташкил этиш мақсадида овоз ёзиш студиясини ташкил этади ва мазкур студияни малакали мутахассислар ҳамда зарурий ускуналар билан таъминлайди;

д) 2023 йил якунига қадар ягона каталогга киритилган барча материалларни рақамли шакллардаги муқобил форматларига ўтказилишини ҳамда барча кўзи ожизлар кутубхоналарига етказилишини таъминлайди;

е) 2023 йил 1 сентябрга қадар аудиокитоблар ва аудиотеатрлар маълумотлари базасига эга бўлган “Китобхон” мобил иловаси ишлаб чиқилади ҳамда кўзи ожиз китобхонлар ўртасида оммалаштириш чоралари кўрилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

а) республика марказий кўзи ожизлар кутубхонаси Маданият вазирлиги тизимидаги барча маданият ва санъат муассасаларидаги кутубхоналарни зарур адабиётлар билан таъминлаш, кутубхоначи мутахассислар малакасини оширишда амалий-методик ёрдам кўрсатувчи муассаса ҳисобланади;

б) бир туман ёки шаҳар миқёсида 150 нафардан ортиқ кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун кўзи ожизлар кутубхонаси филиали ташкил этилади;

в) 2022 – 2023 йиллар давомида ногиронлиги бўлган шахслар учун китобларни яшаш манзилига ўз вақтида ва сифатли етказиш мақсадида кутубхоналар учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий ихчам жами 70 та “библиоскутер”лар ташкил этилиб, қатнови йўлга қўйилади;

г) Марказий кўзи ожизлар кутубхонаси ва унинг ҳудудий кўзи ожизлар кутубхоналари барча ходимлари лавозим маошларини меҳнатга ҳақ тўлаш базавий лавозим маошлари миқдорига ҳамда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш тасдиқланган разрядларига асосан белгилашда тариф коэффициентлари миқдори давлат бюджети ҳисобидан 1,5 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

Мактабгача таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрига қадар кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар таркибида штат жадвалларига мувофиқ чекланган ходимлар доирасида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш чораларини кўради ҳамда унда 3 ёшдан кўзи ожиз тарбияланувчиларни қабул қилишни ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид