Жамият | 14:59 / 21.04.2022
30444
5 дақиқада ўқилади

Рамазонда қандай амаллар қилишга тарғиб қилинган?

Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими билан ҳамкорликда муборак Рамазон ойи, хусусан, рўза тутишга доир энг муҳим саволларга жавоблар тақдим қилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Савол: Рамазон ойида рўзадан ташқари яна қандай амаллар қилишга тарғиб қилинган?

Жавоб:

Рамазон – Қуръон ойидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга тўлиқ ўқиб берар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар.

У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди. Рамазон ойида бошқа нафл ибодатларни қўйиб, фақат Қуръон билан машғул бўлганлар. Имом Зуҳрий Рамазон кирса: “Бу ой фақат Қуръон ўқиш ва (ифторда) очларни тўйдириш ойидир”, – дердилар.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойи кирса, ҳадис дарсларини тўхтатиб, Қуръон билан машғул бўлар эдилар. Шунингдек, Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ҳам Рамазон ойи келса, барча нафл ибодатларни қўйиб, Қуръонга юзланар эдилар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида ҳар куни бир марта хатм қилар эдилар. Таровиҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эдилар (“Тариху Бағдод”).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича, машҳур тобеин Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ Рамазонда тунларини ибодат билан ўтказар экан.

“Сияру аъламун-Нубала” китобида нақл қилинишича, “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса – уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди”.

Рамазон ойи – нафсни тарбиялаш ойидир. Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таоло кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўза тутиш орқали инсон гуноҳлардан сақланади, шаҳвати синади ва гуноҳга ундовчи омиллар заифлашади. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда баён қилинган:

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойининг биринчи кечасида, шайтонлар ва ёмон жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирортаси очилмайди. Жаннат эшиклари очилиб, улар ёпилмайди. “Эй яхшиликни хоҳловчи, бу ёққа кел! Эй ёмонлик истовчи, бу ишдан тўхта!” деб нидо қилинади. Бу кечада Аллоҳ таоло кўпчиликни дўзахдан озод қилади. Мана шу ҳар куни такрорланади”, – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Рамазон – ибодат ойидир. Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишганидан, ҳатто ойлар давомида “Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!” дея Яратганга илтижо қилишган. Унинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, савоблар тўплашга қизиқишган. Тиловат, зикр, истиғфорда бардавом бўлишган. Бу яхшиликни оила аъзоларига ҳам илинган.

“Саҳиҳи Муслим”да келган ҳадисда: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзолари ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар”, дейилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

Уч кишининг дуоси рад этилмайди: отанинг (фарзанд ҳаққига) дуоси, рўзадор ва мусофирнинг дуоси” (Имом Байҳақий ва Имом Зиё ал-Мақдисий ривоят қилган).

Рамазон – саховат ойидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойни алоҳида эътибор билан ўтказар эдилар. Бу ҳақда шундай дейилади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг саховатли ҳолатлари Рамазонда – Жаброил билан учрашган вақтда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазоннинг ҳар тунида учрашар эди ва Қуръонни дарс қилишар эди. Ҳақиқатда шу кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар” (Муттафақун алайҳ).

Мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли экспертиза хулосаси асосида чоп этилмоқда.

Мавзуга оид