Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурхондарёда бир йилда 30 та маҳалланинг электр таъминоти дастур асосида яхшиланади
2022 йилда Сурхондарё вилоятидаги 30 та маҳалла фуқаролар йиғини “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига киритилган. Айнан ушбу маҳаллаларда электр таъминотини ҳам яхшилаш режалаштирилган бўлиб, 110,8 км электр тармоқлари ва 30 дона трансформатор пунктларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Ҳозирги кунга қадар жамият томонидан Музработ, Олтинсой, Термиз, Шўрчи туманлари ва Термиз шаҳри истеъмолчиларининг электр таъминотини яхшилаш бўйича реконструкция ва янги қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳукумат қарорлари ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан белгиланган қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш мақсадида, “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ таркибий бўлимлари томонидан электр тармоқларида модернизация ва реконструкция ишларини бажариш учун зарур эҳтиёт қисмлар ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан тортиб лойиҳалаштириш, қурилиш ва эксплуатация жараёнларини ўз ичига олган кластер тизими ташкил этилган.
Бугунги кунда жамият тасарруфида ишлаб чиқариш қуввати бир йилда 27 456 дона бўлган темир-бетон таянч ишлаб чиқариш заводи қурилиши якунланиб, 23 та янги иш ўрин яратилди. Натижада белгиланган реконструкция ишлари учун таянч ишлаб чиқариш ишлари йўлга қўйилди ва 2021 йилда қарийб 11,2 млрд сўм маблағ тежаб қолинди.
Шу билан биргаликда реконструкция ва янгидан қуриш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш учун махсус гувоҳнома олиниб, жамият қошида ташкил этилган лойиҳа бўлими томонидан 0,4-6-10 кВли ва 35-110 кВли кучланишдаги электр қурилмани лойиҳалаштириш ишлари давом этмоқда.
Натижада 2021 йилда 1067 км тармоқ ва 284 дона трансформатор пунктларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш орқали 8,1 млрд сўм маблағни тежаб қолишга эришилди.
Очиғини айтиш керак, тизимга бундай ёндашув ўз самарасини бермоқда. Биргина лойиҳалаштириш ва қурилиш бўлимлари томонидан жорий йил бошидан бери 110/35/10-6 кВли “Шарқ” подстанцияси РП-4 ва 110/35/6 кВли “Термиз” подстанцияси РП-2 тарқатиш пунктларидаги 6 кВли жисмонан эскирган мойли ўчиргичлар замонавий ўчиргичларга алмаштирилди. Шунингдек, Денов туманини комплекс ривожлантириш қарорига асосан, 35/10 кВли “Бунёдкор” подстанциясида қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилди.
Авваллари, махсус автомашиналар бўлмаган. Охирги 2 йил ичида 16 та “Ямабур” ва бошқа зарур техникалар ҳамда эксплуатация ишларини ташкиллаштириш учун 11 дона “Газел” махсус бригада машинаси ва 1 дона кабел лабораторияси қурилиш-таъмирлаш ишларига жалб этилмоқда.
Шунингдек, жамият қошида истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўғрисидаги савол ва мурожаатларини қабул қилиш ҳамда уларга тезкор ахборот бериш мақсадида қисқа 1154 рақамли “Call markaz” фаолият олиб бормоқда. Ушбу қулайлик ҳам электр таъминоти сифатининг ошишига самарали хизмат қилмоқда.
“Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ матбуот хизмати Ⓣ