Бугун, 4 май куни Тошкентдаги “Hilton” меҳмонхонасида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА, русча НАЭСМИ)нинг умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Расмий релизга кўра, йиғилишда ассоциация фаолиятини ислоҳ қилиб, унинг номини Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси деб ўзгартиришга қарор қилинган.
“Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси сифатида майдонга чиқаётган янги тузилма сўз ва овоз аҳли учун янги платформа сифатида вужудга келади”, – дейилади ташкилот ахборотида.
Таъкидланишича, бугун дунё медиа оламида катта ўзгаришлар юз беряпти, соҳада трансформация юз беряпти, анъанавий журналистикадан замонавий, креатив, тезкор журналистикага ўтилмоқда. “Табиийки, бу мураккаб шароит Ўзбекистон медиасига ҳам катта масъулият юкламоқда. Бу халқимизга рост сўзни сифатли, таҳлилий контент орқали етказиш масъулиятидир”, – дейилади расмий релизда.

Қайд этилишича, ЎзЭОАВМА республикадаги нодавлат телерадиоканаллар, кабел телевидениеси студияларини қамраб олган энг йирик нодавлат-нотижорат медиа ташкилоти ҳисобланади. Бугунги кунда ЎзЭОАВМА 18 та нодавлат телеканал, 19 та радиоканал, Ўзбекистон кабел телевидениесига аъзо бўлган 100 та электрон ОАВ (шундан 52 таси хорижий каналлар)ни ўз ичига олади.
Йиғилишда сўз олган ассоциация бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзларига кўра, янги платформа ўз сафига яна кўплаб янги аъзоларни қабул қилади, медиа вакилларининг мулоқот қиладиган, ўзаро фикр алмашадиган, таъбир жоиз бўлса, синергия майдонига айланади.
“Тўғри, йиллар давомида муаммолардан чарчаган, юрагида гапи тўпланиб қолган одамларнинг гапириб олишлари учун майдон керак эди. Ва сўнгги беш йилда нодавлат теле ва радиоканаллар, босма матбуот, интернет сайтлари бу майдон вазифасини бажариб келмоқда. Навбатдаги босқич медиаконтент тайёрлашда меъдага тега бошлаган кўнгилочар дастурлардан таҳлилий, мушоҳада қилишга ундайдиган кўрсатувларга ўтишимиз, одамларда ҳам шунга меҳр уйғотишимиз керак”, – дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

Йиғилишда ассоциация бошқаруви раисининг ўринбосари – бош директор лавозимига сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Аброржон Пўлатов тайинланди.

















