Сўнгги ойларда бу сўзлар Украинадаги уруш туфайли яна кенг истеъмолга қайтди. Россия ҳукумати 24 феврал куни Украинага бостириб киришдан аввал бу мамлакатни ҳокимият тепасига келган «нацистлардан тозалаш ва қуролсизлантириш» (денацификация ва демилитаризация)ни мақсад қилганини баён этган эди.

Украина ултраўнг националистлари. liveinternet.ru

Украинлар ҳам рус қўшинлари тупроқларига бостириб киргач, уларни «фашистлар», деб атай бошлашди. Руслар ҳам уларни шундай айблашмоқда. Хуллас, гўёки ҳар икки томонда «фашистлар» ҳам, «нацистлар» ҳам бордек. Кўпчилик бу сўзларнинг моҳиятига эътибор бермасдан бот-бот ишлатмоқда.

Таниқли рус блогери Илья Варламов фашизм ва нацизм ибораларининг фарқига аниқлик киритувчи видео тайёрлади. Бу қўрқинчли сўзларнинг фарқини билиш кўпчилик учун фойдали бўлишини англаган ҳолда, уни эътиборингизга таржима қилиб тақдим этамиз.

Фашизм нима?

Бу сўзнинг маъносини билиш учун Википедияга мурожаат қиламиз.

«Фашизм — авторитар милитаристик ултранационализм доирасидаги мафкура ва жамоатчилик сиёсий ҳаракати ва шунга монанд тарзда жамият ва иқтисодиётнинг қаттиқ тартибда бошқариш шакли» — Википедия.

Бу таърифдан бирор нарсани англаб олиш қийин. Умуман олганда, «фашизм» сўзи италянча «fascio» (фашио) — «иттифоқ» сўзидан келиб чиққан. У эса қадимий лотинча «fasci» — «боғлам» сўзига бориб тақалади. Қадимги Римда боғлам ҳокимият рамзи саналган. У жипс қилиб боғланган новдалар шаклида бўлган. Ўз-ўзидан, «фашизм» қандайдир бирлик ва жамоавийлик билан боғлиқлиги юзага чиқади.

Фашизмнинг асосий ғоявий раҳнамоси — фашистлар Италиясини 1922 йилдан 1943 йилгача бошқарган Бенито Муссолини бўлган. У «XIX аср индивидуалистлар асри бўлган, XX аср эса коллектив ва давлат асри бўлади», деган эди. Келиб чиқадики, фашизмда давлат индивиддан устун бўлади, коллектив эса шахсдан муҳимроқ. Айнан ҳаётнинг кўплаб жабҳаларида давлатнинг тартибга солувчи роли фашизмнинг бош фарқли жиҳати, дейишади: ўша қадимги Рим новдаларидек ҳамма бир хилда, бир-бирига ўхшаш бўлмоғи керак.