Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин унинг асосий ғолиби бўлган СССР бу уруш билан боғлиқ тарихни ўзи хоҳлаганидай турли ёлғонлар билан талқин қилган. Мактабларда, олий таълимда ўша ёлғонлар ўқитилган, илмий ишлар ёзилган.

Ана шу ёлғонлардан бири СССР Иккинчи жаҳон урушига 1941 йил 22 июнда Гитлер Германияси бу давлатга бостириб кирганидан кейин қўшилгани ҳақидаги гаплар. Аслида эса советлар урушига Германия билан имзоланган махфий келишувга мувофиқ 1939 йил 17 сентябр куни қўшилган эди.

1939 йил 23 август куни Москвада Германия ва совет иттифоқи ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида шартнома имзоланади.

Имзоланган шартноманинг махфий қисми ҳам бор эди ва унда томонлар Шарқий Европани ўзаро тақсимлаб олишни келишиб олишганди.

Иккинчи жаҳон уруши бошлангунча (1939 йил 1 сентябр) Европадаги вазият

1933 йилда Германияда ҳокимият тепасига немис миллий-социалистик ишчилар партияси вакили Адольф Ҳитлер келади. Ўша йили Германия Женевада қабул қилинган қуролсизланиш бўйича конференцияни тарк этади.

Орадан бир йил ўтиб Ҳитлер ўзини фюрер деб эълон қилади ва мамлакат қуролли кучлари бош қўмондонига айланади. Шундан сўнг Германия зўр бериб қуроллана бошлайди.

Ҳитлер немислар олий ирқ эканини, бошқа миллатлар уларга тобе бўлиши ва хизмат қилиши лозимлиги ҳақидаги даъволарни илгари суради. Шу тариқа Германияда фашизм ғоялари тарғиб қилина бошланади.

1936 йилдан бошлаб Германия ўз қўшнилари Полша, Чехословакия Австрия каби давлатларга ҳудуд даъволари билан чиқади. 1938 йилга бориб немис қўшинлари Австрияни босиб олади ва унинг Германияга қўшилгани эълон қилинади.

Бироз ўтиб Чехословакиянинг Судет вилояти босиб олинади. Кейинроқ 1939 йил март ойида немислар Чехословакияни бир нечта ярим вассал ҳудудларга бўлиб ташлайди.

1939 йил сентябрда Германия ва СССР Полшани босиб олиб, бу давлат тугатилганини эълон қилишади. Шу тариқа, немисларнинг Полшага бостириб кирган санаси – 1939 йил 1 сентябр Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши сифатида қайд этилади.

Молотов-Риббентроп пакти

Немислар Шарқий Европа давлатларини босиб олишни мақсад қилар экан, бунда уларга қўллов керак эди. Ўша пайтда Германия ташқи ишлар вазирлиги Франция, Буюк Британия ҳукумати билан музокаралар олиб боради. Аммо улар Германиянинг босқинчилик сиёсатига мутлақо қарши чиқишади.