Иқтисодиёт | 22:26 / 05.05.2022
23419
2 дақиқада ўқилади

НКМК ва ОКМКнинг давлат бюджети даромадларидаги улуши 31 фоизга етиши кутилмоқда

Молия вазирлиги “Фуқаролар учун бюджет – 2022” нашрини эълон қилди.

Маълум бўлишича, жорий йилда Давлат бюджети даромадларининг салкам учдан бир қисми ОКМК ва НКМК ҳиссасига тўғри келиши кутилмоқда. Мазкур икки комбинатнинг бюджет шаклланишидаги ўрни 31,33 фоизга етиши прогноз қилинган.

2022 йилда Давлат бюджети даромадлари 200,0 трлн сўм, харажатлари 214,8 трлн бўлиши мумкин. Бироқ қайд этиш лозим, бу Украинадаги урушдан аввалги ҳисоб-китоблардир.

Даромадлар қисмида қўшилган қиймат солиғи ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ асосий ўрин тутади. Харажатларнинг 49 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Бюджет даромадларнинг ўсиши умумий солиқ юкининг сезиларсиз (1,4 фоиз) ўсиши фонида прогноз қилинмоқда.

2020-2021 йилларда COVID-19 пандемиясига қарши курашиш шароитида ҳукумат бюджет харажатларини тасдиқланган параметрларга нисбатан оширган. Натижада, 2021 йил якуни бўйича консолидациялашган бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 5,8 фоизни ташкил этган.

2022 йилда Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 25,5 трлн сўм миқдорида прогноз қилинган (ЯИМга нисбатан 3,0 фоиз). Бироқ эслатиб ўтамиз, мазкур ҳисоб-китоблар Украинадаги урушдан аввалги рақамлардир.

Қабул қилинган қонунга мувофиқ, 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг тақчиллиги ЯИМ йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги белгиланган.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид