Ўзбекистон | 18:58 / 08.05.2022
10130
3 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО «Бойсун баҳори» халқаро фолклор фестивалини ўз шафелигига олди

Бу ҳақда ташкилот раҳбари номидан Туризм ва маданий мерос вазири номига хат жўнатилган.

Фото: KUN.UZ

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоеванинг Kun.uz мухбирига хабар беришича, «Бойсун баҳори» халқаро фолклор фестивалини БМТнинг маориф, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти – ЮНЕСКО ўз шафелигига олган.

Бу ҳақда ЮНЕСКО бош директори Одре Азуледан Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов номига хат келган. Бундан буён «Бойсун баҳори» халқаро фолклор фестивали ЮНЕСКО шафелиги остида ҳар икки йилда бир бор ўтказилиши белгиланган.

Шунингдек, фестивал давомида Бойсун тумани туризм тумани деб эълон қилинган. Бойсун тумани ҳокими Асқарали Жўраевга Туризм ва маданий мерос вазирлиги оммавий тадбирлар бошқармаси бошлиғи Зарина Абдуллаева вазир Азиз Абдуҳакимов номидан рамзий калит топширган.

Маълумот учун, жорий йил 7-8 май кунлари тоғли Бойсун туманидаги Паданг қишлоғида «Бойсун баҳори» очиқ фолклор фестивали бўлиб ўтди. Фестивалда мамлакатимизда фаолият юритаётган фолклор жамоалар билан бир қаторда бир қанча хорижий давлатлардан келган фолклор жамоалар қатнашди.

Фестивалда миллий кураш мусобақаси, этноспорт, веломарафон, улоқ-кўпкари, варрак учириш, арқон тортиш, чиллак ва бошқа халқ ўйинларига кенг ўрин ажратилган. Фестивал якунида энг яхши фолклор-этнографик ва энг яхши ўтов-уй ўрнатган жамоалар, спорт ва халқ ўйинлари ғолиблари муносиб тақдирланди.

Жумладан, фолклор йўналишида:

1-ўрин. «Бойсун» фолклор ансанбли (Сурхондарё вилояти);

2-ўрин. «Жўралар» фолклор ансанбли (Хоразм вилояти);

2-ўрин. «Бибиҳо» фолклор ансанбли (Тожикистон Республикаси);

3-ўрин. «Оқ мачит» фолклор ансанбли (Қорақолпоғистон Республикаси)

3-ўрин. «Ибрат» фолклор ансанбли (Қирғизистон Республикаси)

3-ўрин. «Навоий» фолклор ансанбли (Навоий вилояти)

Маълумот учун, Бойсун – ЮНЕСКО томонидан «Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси» дурдонаси сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда ЮНЕСКОнинг «Инсониятнинг номоддий маданий мерос» репрезентатив рўйхатига киритилган. 

Мавзуга оид