Мана, кетма-кет учинчи мавсумдирки, «Заковат»да қизлар жамоаси муносиб иштирок этиб, бошқа жамоалар билан тенгма-тенг беллашиб келмоқда. Баҳорги мавсумнинг 4-ўйинида ҳам худди шу ҳолат такрорланди. Жамоанинг финал учун даъвогарлик қилиб, вабанк олишга журъат қилгани сўзимизнинг исботидир.

Жамоа аъзолари:

  • Мадина Мирзараҳматова - Ўзбекистон миллий университети 3-босқич талабаси (жамоа сардори);
  • Майсара Очилова - Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассиси;
  • Назокат Абдусаитова - Тошкент давлат педагогика университети 3-босқич талабаси;
  • Нодира Турғунова - Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 4-босқич талабаси;
  • Нодира Баҳромова - Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 4-босқич талабаси;
  • Муаззам Шоумарова - менежер.

Ўтган ўйинда Фаррух Рафиқов жамоасининг 6:3 ҳисобида ғалаба қозонгани кейинги жамоаларга босим юклаши муқаррар эди. Қизлар ҳам ана шу юкни елкаларига олиб ўйинни бошлагани сезилди.

1-раундда жамоа ўтган ўйиндаги жамоанинг хатосини такрорлаб, тўғри вариантни ўтказиб юборди. Оқ-қизил ҳасса кимлар учун мўлжаллангани ҳақидаги саволга жамоа нотўғри вариантни танлади. Ҳисоб – 0:1.

2-раундда шамол генераторлари – шамолдан электр энергияси ҳосил қилувчи мосламаларнинг маълум вақтларда табиатга зарар етказиши мумкинлиги ҳақидаги савол ўйналди. Ушбу раундга келиб жамоа ўзини тезда ўнглаб олгани муҳокама анча жонли бўлганидан сезилди. Тўғри вариант ҳам илк сонияларданоқ янгради. Муҳокама якунида жамоа сардори тўғри вариантни бериб, тарози палласини тенглаштирди – 1:1.

Ҳисоб 1:1 бўлиб турганида бошловчининг жамоа сардорига «Ўйин қандай ҳисоб билан якунланади деб ўйлайсиз?» деган саволига, Мадина Мирзараҳматова оптимистик руҳда «6:1» дея жавоб берди. Қизлардаги ўзига бўлган ишончни кўриш қувонарли! Кўрамиз, ҳисоб ростдан ҳам 6:1 бўлармикан.

3-раунд саволи АҚШнинг фақат маълум бир ҳудудида ўрнатиладиган йўл белгиси ҳақида бўлди. Бу саволда ҳам жамоада тўғри вариант чиққан бўлса-да, яна 1-раунддагидек нотўғри вариант танланди. Ҳисоб – 1:2, томошабинлар фойдасига. 6:1 ҳисобидаги ғалаба режаси чиппакка чиқди, эҳ афсус…

4-раундда «Заковат» сандиқчаси олиб чиқилди. 100 йиллар аввал олинган турли инсонлар сурати ҳақидаги савол жамоа учун ўйиндаги энг қийини бўлди, дейиш мумкин. Жамоа тўғри вариантнинг яқинига ҳам йўламагани бунинг исботи бўлди. Ҳисоб 1:3. Ростдан ҳам ҳар қандай жамоани қийнаб қўядиган савол!