Жаҳон | 10:09 / 14.05.2022
9365
4 дақиқада ўқилади

Илон Маск Twitter’ни сотиб олиш жараёнини тўхтатди

Бизнесмен ижтимоий тармоқдаги сохта ва спам аккаунтлар сони бўйича ҳисоб-китоблар муносабати билан Twitter’ни сотиб олиш бўйича келишув «вақтинча тўхтатиб қўйилганини» айтди.

Фото: Reuters

Бизнесмен ва миллиардер Илон Маск Twitter компаниясини сотиб олишни вақтинча тўхтатиб, биржада чалкашликларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқ сохта ва спам аккаунтлар сонини қандай ҳисоблаши ҳақидаги тафсилотлар аниқ бўлмагунча келишув вақтинчалик тўхтатиб турилади, деб ёзди Маск 13 май, жума куни Twitter’да. Бироз вақт ўтгач, у ҳали ҳам онлайн сервисни сотиб олиш ниятида эканлигини эълон қилди. 

Маск ҳисоб-китобларни тасдиқловчи тафсилотлар олинмагунча битимнинг вақтинчалик тўхтатиб қўйилишини тушунтирди. Унга кўра, спам учун ишлатиладиган сохта аккаунтлар «ҳақиқатан ҳам барча фойдаланувчиларнинг беш фоиздан камроғини ташкил қилади». 

Премаркет савдоларида Twitter акциялари тахминан 25 фоизга тушиб кетди. Бироқ Маскнинг ҳали ҳам Twitter’ни сотиб олмоқчи экани тўғрисидаги навбатдаги твитидан сўнг, тахминан икки соат ўтгач компания акциялари бироз ўсди ва натижада 9,7 фоизга арзонлашди. 

Апрель ойида Маск Twitter’ни қарийб 44 миллиард долларга (42 миллиард евро) сотиб олмоқчи эканлигини маълум қилди. Компания директорлар кенгаши дастлаб бунга қарши чиқди, аммо кейин келишувни маъқуллади. 

Жума куни Twitter бош директори Параг Агравал Маскнинг твитлари туфайли юзага келган ноаниқлик бўйича фикрлари билан ўртоқлашди. «Мен келишув амалга ошади деб ўйласам-да, биз барча сценарийларга тайёр бўлишимиз ва ҳар доим Twitter учун тўғри бўлган нарсани қилишимиз керак, деб ҳисоблайман», деди Агравал. 

Twitter’даги спам ва сохта аккаунтлар сони, бошқа нарсалар қатори, рекламани жалб қилиш учун ҳам муҳимдир. Компания яқинда ижтимоий тармоқнинг ўртача 229 миллион кунлик фойдаланувчилари «монетизация қилинадиган», яъни рекламага реакция билдирадиган кишилар эканини эълон қилди. Twitter ҳисоб-китобларига кўра, улар орасида спам ва сохта аккаунтларнинг улуши беш фоиздан кам бўлган. 

Маскнинг ўзи апрель ойи охирида хариддан сўнг Twitter’ни «ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ» қилиш ниятида эканлигини айтди. Бунинг учун у янги функцияларни таклиф қилиш ва сервис алгоритмларини оммага эълон қилиш, натижада фойдаланувчилар томонидан Twitter’га «ишончни оширишга» эришмоқчи эканини билдирди. Шунингдек, у аккаунтлар ҳақиқийлигини текшириш, ижтимоий тармоқни спам-ботлардан тозалаш ниятида.

Маскнинг ўзи ҳам Twitter’нинг фаол фойдаланувчиси ҳисобланади. Унинг аккаунтига деярли 93 миллион киши обуна бўлган. У бир неча бор микроблоглар сервисини сўз эркинлигини чеклашда айблаб, компания сотиб олинса, цензурага қарши курашишга ваъда берган. 

Танқидчилар, агар Маск Twitter’ни сотиб олса, нафрат ва фейк маълумотлар каби потенциал хавфли контентнинг модерациясини чеклаши мумкинлигидан хавотирда. Фаоллар гуруҳлари, агар Маск ҳақоратли хабарлар ёки нотўғри маълумотларга эшикни очиб берса, реклама берувчиларни платформани бойкот қилишга чақирди. 

Мавзуга оид