Трамп жамоасини шакллантирмоқда. Сўнгги тайинловлардан унинг иккинчи муддати қандай бўлишини билиш мумкинми?
Сайловлардаги ғалабасидан бир ҳафта ўтиб, Доналд Трампнинг Оқ уйдаги иккинчи муддатининг контурлари кўзга ташлана бошлади.
Сайланган президент аллақачон ўндан ортиқ тайинловларни амалга ошириб бўлди ва бу Оқ уй ҳамда ҳукуматнинг муҳим идоралари штатини шакллантириш бўйича дастлабки қадамдир. Трамп оммавий ахборот воситалари ҳамда ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида билдирган баёнотларида январ ойида лавозимга киришганидан кейинги устувор йўналишларини белгилаб, иммиграция ва ташқи сиёсатга урғу қаратган.
Биринчи муддатидаги хаотик бошланишдан фарқли ўлароқ, Трамп бу сафар аниқроқ режа ҳамда уни амалга оширишга тайёр бўлган одамлар билан кейинги маъмурияти учун пойдевор қўймоқда.
BBC шарҳловчиси Энтони Зуркер ҳозиргача нималар маълумлиги ҳақида фикр юритди.
Иммиграция бўйича қаттиққўл жамоа
Трампанинг сўнгги тайинловларидан айримлари сайланган президентнинг сайловдан олдин АҚШда яшовчи миллионлаб ноқонуний мигрантларни депортация қилиш ҳақида айтган сўзлари муболаға эмаслигини кўрсатмоқда.
2015 йилдан буён Трампнинг яқин маслаҳатчиси ҳамда спичрайтери ҳисобланадиган Стивен Миллер Оқ уй маъмурияти раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари сифатида танланди. У, катта эҳтимол билан, оммавий депортация бўйича режаларни тузади ҳамда ноқонуний иммиграцияни ҳам, қонуний иммиграцияни ҳам қисқартириш билан шуғлланади. Трампнинг олдинги президентлиги даврида Миллер маъмуриятнинг энг қатъий миграция сиёатини ишлаб чиқишда иштирок этганди.
Трампнинг биринчи муддатида Иммиграция ва божхона назорати агентлиги директори вазифасини бажарган Том Ҳоман президентнинг АҚШ ва Мексика чегарасида қўлга олинган муҳожир оилаларни ажратиш тўғрисидаги сиёсатини (болалар ота-оналаридан тортиб олинган ва махсус изоляторларга юборилган – таҳр.) қўллаб-қувватлаган. Энди у ҳам ишга қайтди ва Трампнинг «чегара ҳукмдори» сифатида янада кенгроқ ваколатларга эга бўлади.
«Мен бу мамлакат тарихидаги энг кенг кўламли депортацияга раҳбарлик қиламан», — деган Ҳоман консерваторларнинг июл ойидаги конференциясида.
Танқидчилар Трампнинг оммавий депортацияси 300 миллиард доллардан ортиққа тушиши муминлигидан огоҳлантирган. Аммо ўтган ҳафтада NBC News учун берган интервюсида сайланган президент харажат муаммо бўлмаслигини айтди.
«Қотиллик қилган одамлар, ўз мамлакатини вайрон қилган наркобаронлар энди ўша ерларга қайтишади, чунки бу ерда қолишмайди. Ва бунинг нархи йўқ», — деган у.
Қирғийлар парози
Кўплаб консерватив сиёсатчилар Хитойни АҚШнинг иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан глобал ҳукмронлиги учун асосий ва ягона таҳдид деб билади. Трампнинг ўзи бу масалага нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндашиб, Хитойга ҳужумларининг асосий қисмини савдо соҳасида уюштирган бўлса-да, у ўз ташқи сиёсат жамоасини Хитойнинг ашаддий танқидчиларидан тузмоқда.
Сайланган президент флоридалик конгрессмен, истеъфодаги полковник Майкл Уолтцни ўзининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими учун танлади — бу Оқ уйда ташқи сиёсат соҳасидаги муҳим лавозимдир. Уолтц АҚШ Хитой билан совуқ уруш ҳолатида эканини айтган ва АҚШни Пекиндаги 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларини бойкот қилишга чақирган биринчи конгрессменлардан бири бўлганди.
Трамп томонидан АҚШнинг БМТдаги доимий вакили сифатида танланган конгрессвуман Элиз Стефаник октябр ойида Хитой томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳакерлар собиқ президентнинг телефонидаги маълумотларни юклаб олишга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабарлар фонида ушбу мамлакатни «сайловга очиқчасига ва ғаразли мақсадда аралашиш»да айблади.
Трамп ҳали давлат котиби лавозими учун номзодини расман эълон қилмаган бўлса-да, Хитой масаласидаги яна бир яна бир «қирғий» саналган флоридалик сенатор Марко Рубио — ушбу энг юқори дипломатик лавозим учун асосий даъвогар. 2020 йилда Рубио Ҳонгконгдаги демократия тарафдорлари намойишлари бостирилгани учун Хитойни жазолашни таклиф қилгани ортидан Пекиндаги ҳукумат томонидан санкцияларга йўлиққанди.
Трампнинг олдинги президентлиги даврида АҚШ ва Хитой муносабатлари савдо бўйича келишмовчиликлар ҳамда коронавирус пандемияси туфайли тез-тез ёмонлашиб турарди. Жо Байден маъмурияти Трамп томонидан Хитойга нисбатан жорий этилган божларнинг кўпчилигини сақлаб қолгани, шунингдек, айрим янгиларини жорий этгани эса табиийки вазиятни юмшатмади.
Афтидан, Трампнинг янги маъмурияти унинг биринчи муддати сўнггида тўхтаган жойидан давом этади.
Маскнинг янги роли
Трампнинг сиёсий тайинловлари рўйхати кенгайгани сари яна бир гуруҳ ҳосил бўлмоқда — катта эмас, аммо ниҳоятда катта таъсирга эга.
Дунёдаги энг бадавлат одам бўлган Илон Маск доимо Трампнинг Мар-а-Лагодаги қароргоҳида (бу ер ўтиш даври ҳукумати штаб-квартирасига айлантирилган) бўлиб турибди. ОАВдаги хабарларга кўра, у сайланган президентга вазирлик лавозимига номзодлар борасида маслаҳатлар бермоқда ва ҳатто Трампнинг Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтган ҳафтада ўтказилган телефон мулоқотига ҳам қўшилган.
Сешанба куни кечқурун Трамп Маскка технологиялар соҳасидаги тадбиркор, республикачилар праймеризида президентликка номзод сифатида курашган Вивек Рамасвами билан Ҳукумат самарадорлиги департаментида (DOGE) ҳамкорликда ишлашни топширганини маълум қилди. Ушбу жуфтликка бюджетдаги янги қисқартиришлар амалга оширилиши мумкин бўлган соҳаларни аниқлаш топширилган.
Маск ўзига тегишли бўлган X медиа платформаси орқали мунтазам равишда ўзининг сиёсий қарашларини билдириб келган. Хусусан, у флоридалик сенатор Рик Скоттнинг Сенатдаги кўпчилик раҳбари бўлишга интилишларини қўллаб-қувватлаган.
Маск томонидан тузилган сиёсий ҳаракатлар қўмитаси Трампнинг президентлик кампаниясига 200 миллион доллар атрофида маблағ сарфлади ва миллиардер янги президентнинг кун тартибини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки йилдан кейин Конгресс учун ўтказиладиган оралиқ сайловларда Республикачилар партияси номзодларига ёрдам кўрсатиш учун қўмита фаолиятини молиялаштиришни давом эттиришга ваъда берган.
Бу вақтда эса яна бир муҳим фигура — кичик Роберт Кеннеди қандай лавозим олиши ҳозирча номаълум.
Трамп сайловда мустақил номзод сифатида иштирок этишдан воз кечиб, республикачилар номзодини қўллашга қарор қилган собиқ демократ ва антиваксерга соғлиқни сақлаш тизимидан иш топиб беришни мўлжаллаган, у тизимда «Американи яна соғлом қиламиз» шиори остида ҳаракат қилади.
«У нимадир қилишни истайди ва биз унга бунинг учун имкон берамиз», — деганди Трамп сайловлардаги ғалабасини эълон қилган нутқида.
Президент ҳокимияти Конгрессга зарар етказиш ҳисобига мустаҳкамланадими?
Трамп лавозимига киришган чоғда, республикачилар Сенатда ҳам, Вакиллар палатасида ҳам кўпчиликни ташкил этади. Аммо сайланган президентнинг дастлабки қадамлари у қонунчилар билан ишлашдан кўра ўзининг президентлик ҳокимиятини кучайтиришга эътибор қаратганини кўрсатади.
Ўтган ҳафтада у ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Сенатдаги республикачилар раҳбарияти келгусида президентлик тайинловлари монеликсиз амалга оширилишга замин ҳозирлаши лозимлигини айтди, бу унга Конгресс мажлисини ўтказмасдан, Сенат розилигисиз ҳам юқори даражадаги маъмурий лавозимларни тақсимлашга имкон беради.
Бу қадам Капитолий тепалигидагиларнинг сиёсий тайинловларни муҳокама қилиш ва номзодларни маъқуллашдаги конституциявий ролига путур етказиб, президентлик ҳокимиятини мустаҳкамлайди.
Маъмурий лавозимларга ўтаётган сенаторлар ўзлари мансуб бўлган штатлардаги губернатор лавозимига янги номзодни тайинлаш орқали тезда алмаштирилиши мумкин. Аммо Вакиллар палатасидаги ҳар қандай вакансия – масалан, Стефаник (БМТдаги доимий вакилликка) ва Уолтц (президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига номзод) кетиши натижасида юзага келади – махсус сайловларни талаб қилади, уларни режалаштириш учун эса ойлар кетиши мумкин.
Трампнинг айрим маслаҳатчилари, жумладан Маск, агар икки партиядан ҳам керагидан ортиқ республикачилар маъмурий тайинловлар учун олиб кетилса, у ўз қонунчилик дастурини хавф остида қолдириши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Конгрессда ҳатто энг яхши шароитларда ҳам қонунларни қабул қилиш вақт, куч ва муросани талаб қилади. Янги иммиграция назорати чораларини жорий этиш каби ижро ҳужжатлари эса президент ручкасини бир қимирлатиши орқали жорий этилиши мумкин.
Трампнинг сўнгги ҳаракатлари шуни кўрсатмоқдаки, у ҳеч бўлмаганда ҳозирги паллада иккинчи ҳолатга кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Садоқат учун мукофот
Трамп янги президентлик маъмурияти келиши билан яратиладиган минглаб вакансияларни тўлдиришни эндигина бошлади, у юқори мартабали бюрократларни ҳам алмаштиришни ният қилган.
2016 йилда, у ҳали сиёсатда янгилигида муҳим позициялар учун Америка истеблишментидаги республикачиларга кўпроқ таянишига тўғри келганди. Бу сафар унинг ихтиёрида унга ўз содиқлигини исботлаган кўплаб салоҳиятли номзодлар мавжуд. Бундан ташқари, ўтган саккиз йил давомида истеблишментдаги республикачиларнинг ҳам кўпчилиги унинг содиқ тарафдорларига айланишди.
Сешанба куни Трамп Жанубий Дакота губернатори Кристи Ноэм ички хавфсизлик вазири, Fox News телебошловчиси ҳамда консерватив муаллиф Пит Ҳегсет — мудофаа вазири бўлишини эълон қилди. Уларнинг иккиси ҳам доимо Трампнинг ёрқин тарафдорлари бўлишган.
Рубио ва Стефаник кабилар президентлик кампанияси бошида Трампни танқид қилишган, аммо кейин бир неча йилни ўзининг бундай сўзлари ўтмишда қолганини намойиш этишга сарфлашган.
Амм 2016 йилда партия праймеризида президентликка номзод бўлиш учун Трамп билан курашган Марко Рубиода ҳали ҳам Оқ уй эгаси бўлиш амбициялари бўлиши мумкин. Трамп олдинги президентлигида тез-тез ўзидан кўра кўпроқ жамоатчилик эътибори марказида турибди деб ҳисоблаган одамларидан ғазабланар ва энг илиқ муносабатлар ҳам бузиларди.
Дастлабки тайинловларига қараганда, Трамп содиқликни биринчи ўринга қўяётган бўлиши мумкин, аммо фақатгина мамлакатни бошқариш босимига қанчалик дош бера олиш қобилияти унинг иккинчи муддати олдингисидан фарқ қилиши ёки қилмаслигини чинакамига кўрсатиб беради.
Мавзуга оид
08:38
FT: Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди
09:55 / 20.12.2024
Шолц ва Трамп телефон орқали Украинадаги урушни муҳокама қилди
17:34 / 18.12.2024
Трамп дастлаб миллион мигрантни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
11:05 / 17.12.2024