16-17 май кунлари фронтда жиддий ўзгариш кузатилди. Дастлаб Россия пропагандачи сайтлари ва телеканалларида «Азовстал»дан яраланган ҳарбийлар олиб чиқила бошлагани хабар қилинди. Кўп ўтмай Украина Мудофаа вазирлиги бу маълумотни тасдиқлади. Президент Зеленский одатий кечки мурожаатида ҳам эвакуация ҳақида маълумот берди.

RUSSIAN DEFENCE MINISTRY/REUTERS

Украина бош штаби Мариупол ҳимоячиларига энди фақат тирик қолиш топшириғи берилганини маълум қилди. «Азовстал» стратегик муҳим бўлган Азов денгизи бўйидаги Мариупол шаҳрининг омон қолган ягона қалъаси эди. Айнан шу ерда украиналик аскарлар, хусусан, «Азов» полкининг жиддий қаршилигига учраган рус ҳарбийлари кўп вақт ва аскар йўқотишди. Хўш, завод ертўлаларидаги барча аскарлар чиқиб кетса, Мариупол тўлиқ Россия назоратига ўтган бўладими?

Энг кўп қийналган шаҳар қалъаси

24 феврал куни Россия армияси Украинага бостириб киргандан буён кўп минглаб украинлар ҳалок бўлди. Энг оғири шуки, украиналиклар қанча одам ўлганини ҳисоблаб ҳам чиқолмаяпти, чунки қурбонлар сони жуда кўп бўлгани айтилаётган ҳудудларнинг аксари ҳамон Россия армияси назоратида. Вафот этганларни дафн этиш ҳам муаммога айланган.

Тинч аҳоли вакиллари энг кўп эзилган шаҳарлардан бири Мариупол бўлди. Бу шаҳарда деярли бутун бино қолмаган. Шаҳарда 20-25 минг атрофида одам қурбон бўлгани айтилмоқда. 24 феврал куни Россия босқини бошланган бўлса, 25 февралдан «Азовстал» ертўлаларида бомбапанагоҳлар ташкил этилиб, тинч аҳоли вакиллари шундай жойларда яшай бошлади. Бир неча қаватли ертўлалардан иборат завод ҳудудида эса жами 12 минг киши бомбалардан сақланиши мумкинлиги айтилган.

«Азовстал» доимий равишда россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилган

18 мартдан бошлаб россиялик ҳарбийлар заводга штурм уюштириб, уни эгаллашга ҳаракат бошлади. Аммо ҳалигача бу ишнинг уддасидан чиқа олишгани йўқ. Путин 21 апрел куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга «Азовстал»ни штурм қилишни бас қилишни, у ердаги ертўлаларда эмаклаб юриш шарт эмаслиги бўйича топшириқ берди. «Ҳудудни блокланг, шундай қилингки, пашша ҳам учиб ўта олмасин», деди Россия президенти. Аммо бу буйруқдан кейин ҳам завод ҳудудида отишмалар тўхтамади.