Жаҳон | 19:13 / 19.05.2022
76524
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов Ирина Винер билан ажрашмоқда

Фото: РИА Новости

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов 30 йиллик никоҳдан кейин турмуш ўртоғи Ирина Винер билан ажрашмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берган.

Манбада айтилишича, Москвадаги тинчлик суди Усмонов даъвогар сифатида қайд этилган ажрим ишини 7 июн куни кўриб чиқади. Бу маълумотни суд ахборот хизмати «РИА Новости»га тасдиқлаган.

Ажримнинг сабаблари ҳақида айтилмаган. Усмонов ва Винер 1992 йилда турмуш қурган.

Алишер Усмонов 1953 йил Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида туғилган. 2021 йил унинг бойлиги 16 миллиард доллардан кўпроққа баҳоланган ва Россиянинг энг бой одамларидан бири ҳисобланади. Украинада уруш бошлангач, Ғарб санкцияларига учради.

Ирина Винер 1948 йил Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида туғилган. Бадиий гимнастика бўйича машҳур мураббий ҳисобланади. Ёшлигида қиличбозлик билан шуғулланган Усмонов ва бадиий гимнастика билан шуғулланган Ирина Винер Тошкентда танишишган. Кейинчалик Москвада қайта учрашган жуфтлик 1992 йилда турмуш қурган. Уларнинг фарзанди йўқ.

Мавзуга оид