Жаҳон | 08:20 / 19.05.2022
5105
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Финландия ва Швециянинг НАТОга киришига ишонч билдирди 

Туркиянинг НАТО кенгайиши ҳақидаги хавотирлари охир-оқибат ҳал қилинади, деди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси.

Фото: MAGO

АҚШ маъмурияти Туркиянинг Финландия ва Швециянинг НАТОга қўшилишига қаршилигини енгиб ўтиш мумкинлигига ишончи комил. 18 май, чоршанба куни Вашингтонда бўлиб ўтган брифингда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан «охир-оқибат Финландия ва Швеция Шимолий Атлантика альянсига қўшилишига ва Туркиянинг хавотирлари бартараф этилишига ишончимиз комил», деди.

Швеция ва Финландия 18 май куни НАТОга аъзо бўлиш учун расмий ариза топширди. Илгари ҳарбий бетарафлик сиёсатини олиб борган икки давлатнинг бу қарорига сабаб, уларнинг расмийлари бир неча бор таъкидлаганидек, Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузи фонида юзага келган хавфсизликка таҳдиддир. Айни пайтда НАТО аъзоси бўлган Туркия Финландия ва Швециянинг иттифоққа қабул қилинишига вето қўйиш билан таҳдид қилмоқда.

Кескинликни камайтириш мақсадида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен шу куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан учрашди. Чавушўғли бу учрашувда Туркия Финландия ва Швециянинг хавфсизлик бўйича ташвишини тушуниши ҳақида айтиб ўтган. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Туркиянинг хавотирларини ҳам ҳисобга олиш керак. Анқара келишмовчиликларни «мулоқот ва дипломатия» асосида бартараф этишга интилади, деди Туркия ТИВ раҳбари.

Блинкен, ўз навбатида, Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши жараёнида альянсга аъзо давлатлар «иттифоқчи ва ҳамкор» сифатида иш олиб боришини айтди. Чавушўғли музокараларни «ўта ижобий» деб атади. Вазирнинг сўзларига кўра, Блинкен уни Вашингтон Туркия хавотирларини бартараф этиш учун керакли хабарларни етказишига ишонтирган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 18 май куни Анқара НАТОнинг кенгайишига рози бўлмаслиги мумкинлигини яна бир бор маълум қилди. У Финландия ва Швецияни курд жангариларига нисбатан аниқ позицияга эга эмасликда, шунингдек, Туркияга қарши санкциялар жорий этишда айблади.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг аввалроқ Анқаранинг талабларини инобатга олишга чақирган эди. «Туркия қимматли иттифоқчи ва ҳар қандай хавфсизлик муаммоси инобатга олиниши керак. Ушбу тарихий дақиқада биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», деди бош котиб.

Мавзуга оид