Жаҳон | 08:48 / 19.05.2022
6639
4 дақиқада ўқилади

Тбилисида журналистлар мухолифат телеканали бош директорининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди 

«Биз Мтавари учун курашамиз» шиори остида оммавий ахборот воситаларининг бирдамлик марши 1500 кишини жамлади. Йўналиш ўзгартирилган бўлса-да, акция ортиқча ҳодисаларсиз ўтди.

Фото: DW

18 май, чоршанба куни кечқурун Грузия ОАВ журналистлари «Мтавари архи» таниқли мухолифат телеканали бош директори, уч ярим йилга озодликдан маҳрум этилган Николоз (Нико) Гварамия билан бирдамлик рамзи сифатида Тбилиси марказидаги Республика майдонида Руставели проспекти бўйлаб парламент биноси томон юриш учун йиғилди.

Журналистлар ҳукмни сиёсий сабабларга кўра чиқарилган деб ҳисоблаб, буни оммавий ахборот воситалари эркинлигига ҳужум сифатида баҳолади ва Гварамиянинг ўзини сиёсий қасос қурбони деб атади, сабаби у ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси ва унинг асосчиси, олигарх Бидзина Иванишвилини қаттиқ танқид қилган.

Юриш сиёсий партиялар рамзлари ва байроқларсиз ўтди, журналистлар қўлларида фақат матбуот эркинлигини талаб қилувчи қўлбола плакатларини кўтариб олди. Парламент биноси яқинида митинг ўтказишнинг иложи бўлмаган, чунки у ерда бир вақтнинг ўзида иккита пикет кузатилган - Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлаш ва ковидга эмлашга қарши. Полиция акцияларни зич кордонлар орқали ажратиб қўйди.

Журналистлар тўғридан тўғри йўлда экспромт мунозара майдончаларини ўрнатди, нодавлат ташкилот фаолларидан бири эса файерлар ёқди, айрим одамлар «Мтавари Архи» офисига юришларини давом эттирди. Грузия расмийларининг хатти-ҳаракати мамлакатнинг Европадаги келажагини шубҳа остига қўйиши борасида хавотирлар янгради, сабаби июнь ойи охирида Тбилиси Еврокомиссиядан Грузиянинг Европа иттифоқига тезлаштирилган аъзолик бўйича аризасига жавоб кутмоқда. 

Николоз Гварамияни ҳамкасблари ҳокимиятдаги партияга қаршилик кўрсатиш рамзи деб атаб, унга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича айбловлар унинг «Рустави-2» телеканали бош директори лавозимида ишлаган 2014 йилдан 2019 йилгача бўлган даврга тегишли эканини эслатган. Бу иш деярли уч йил давом этди ва Гварамия ҳар доим босим остида бўлган, Грузия омбудсман офиси эса бошиданоқ жиноий жараёнда тижорат даъволарини кўриб чиқиш шубҳали эканлигини таъкидлаб келган.

Ўтган душанба, 16 май куни медиа-менежер биринчи инстанция судининг ҳукми асосида қамоққа олинди. У Руставидаги собиқ амалдорлар учун 12-сонли жазони ижро этиш муассасасига жойлаштирилди, чунки аввал бош прокурор ўринбосари ва адлия вазири лавозимларида ишлаган. Бу Михаил Саакашвили клиникага кўчирилгунга қадар сақланган қамоқхона ҳисобланади. Николоз Гварамиянинг юристи Михаил Саакашвилининг ҳам адвокати саналади.

Айблов томони у ўз дўстларининг реклама фирмасига кўп миллионли фойда келтириши учун шароит яратиб, «Рустави 2» телекомпаниясига зарар етказган деб ҳисобламоқда. Бироқ у фақат битта ҳолат учун қамоқ жазосини олди – 2019 йилнинг февраль ойидан буён у хусусий корхона балансида бўлган 76,7 минг евролик Porsche автомобилидан шахсий мақсадларида фойдаланган. Машинанинг пули телеканалга реклама жойлаштириш орқали тўланган. 

Журналистлар таъқиблар сабабини бошқа нарсада кўрмоқда. «Рустави-2» телеканали 2003 йил ноябрида рўй берган «Атиргуллар инқилоби» даврида ҳал қилувчи роль ўйнаган ва узоқ вақтдан бери янги Грузия оммавий ахборот воситаларининг рамзи бўлиб келган. Кейин таҳририят Михаил Саакашвилини ва у асос солган «Бирлашган миллий ҳаракат» партиясини қўллаб-қувватлади. 2013 йилдан бери, «Грузия орзуси» ҳокимиятга келганидан сўнг, канал мухолифатга айланди. 

Ҳокимиятдаги янги партия телекомпания ўзига яқин бизнесмен қўлига ўтишига суд орқали ҳаракат қилди. Натижада, Николоз Гварамия 2019 йил июль ойида каналдан ишдан бўшатилди, бироқ бир ой ўтиб у «Мтавари архи» номли янги телекомпанияни ташкил қилди ва расмийларни танқид қилишда давом этди. Кейин, 2019 йил ноябрь ойида Грузия Бош прокуратураси унга қарши «Рустави-2»дан пул ўмарганлик бўйича айблов қўйди. 

Мавзуга оид