Тбилисидаги намойишчилар баррикадада қолмоқда
Тбилисидаги намойишчилар Шота Руставели хиёбонида қолмоқда ва баррикадани кучайтирмоқда, деб хабар қилмоқда гуржи журналистлар.

Фото: AP
30 ноябр, шанба куни эрталаб Тбилисидаги намойишчилар Шота Руставели хиёбонида қолмоқда ва баррикадани мустаҳкамламоқда, деб хабар қилмоқда гуржи журналистлар. Намойишчилар ўт ёқиб, вақти-вақти билан: «Сакартвело!» дея ҳайқирмоқда. Улардан баъзилари Гуржистон ва Европа Иттифоқи байроқларини ҳилпиратмоқда, деб хабар беради BBC Британия медиа компанияси мухбири.
«Полиция кутмоқда. Тўсиқни кучайтириш давом этмоқда ва унинг орқасида сув пуркагичдан яшириниш мумкин, лекин жуда кўп одамлар бор», дея ёзган журналист Владимир Роменский.
Кеча кечаси Гуржистон пойтахтида ўн минглаб одамлар иштирокидаги оммавий мухолифат намойишлари қайта бошланди. Аввалига намойишчиларнинг асосий қисми парламент биноси ёнида шиорлар айтиб, Шота Руставели номидаги марказий хиёбонни тўсиб қўйган, бироқ кейин вазият кескинлашган. Намойишчилар полицияга қарата петарда ва бўёқ бутилкаларини улоқтириб, парламент биноси дарвозасини қўлбола буюмлар билан тақиллатиб, ён дарвозаларни синдиришга урина бошлади.
Гуржистон Ички ишлар вазирлиги намойишчилар инфратузилмага зарар етказгани ва ёнғинлар бошлагани сабабли митинг «қонун доирасидан ташқарига чиққанини» айтди. Парламентнинг кириш эшиклари шикастланган, дейилади Ички ишлар вазирлиги хабарида.
Намойишчиларнинг ҳаракатларига жавобан полиция сув пуркагичлар ва қалампир газидан фойдаланган, қўлга олишлар бошланган. Намойишчилар парламент биносидан сиқиб чиқарилди, бироқ уларнинг бир қисми Руставели проспектида қолмоқда. Улар ўриндиқлар ва чиқинди қутиларидан баррикадалар қуришга ҳаракат қилмоқдалар. Намойишчилар ва хавфсизлик кучлари орасида жабрланганлар бор.
Гуржистонда ЕИ билан музокаралар рад этилишига қарши намойишлар бошланди
28 ноябр куни Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокаралар 2028 йилгача тўхтатилганини эълон қилганидан сўнг, Тбилиси ва Гуржистоннинг бошқа шаҳарларида норозилик намойишлари бошланди. «Руставелидаги норозилик намойиши иштирокчилари сони ортиб бормоқда, намойишчилар парламентнинг темир панжарасини тақиллатмоқда», деб ёзади Paper Kartuli.
Полиция махсус техникаси марказий Озодлик майдонига тортилмоқда, хавфсизлик кучлари етиб келяпти, деб хабар беради нашр мухбири.
Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси билан очиқ тўқнаш келган Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили парламент биноси олдидаги намойишчиларга қўшилди. «Мен бу ерда бўламан. Тугамайдиган қаршилик кўрсатиш бошланяпти, биз янги сайловларга эришишимиз керак, бу мамлакат ичидаги ҳам, ташқарисидаги ҳам мақсад», деди президент.
Аввалроқ, худди шу куни, 28 ноябрда Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе Гуржистон Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокаралардан, шунингдек, кейинги тўрт йилга ЕИнинг барча грант ва кредитларидан чиқишини маълум қилганди. Кобахидзе бу ҳақда Европарламент Гуржистондаги ўтган парламент сайловларини кенг кўламли қонунбузарликлар туфайли тан олмаган ва бир йил ичида янги сайловлар ўтказилишини талаб қилувчи резолюцияни қабул қилганидан бир неча соат ўтиб айтди.
Мавзуга оид

10:11 / 28.03.2025
Исроилда ҳукуматга қарши намойишлар қайта бошланди

09:30 / 28.03.2025
Туркиядаги норозилик намойишлари: 1900 га яқин киши қўлга олинди

09:34 / 25.03.2025
Туркиядаги намойишлар: 1100 дан ортиқ киши қўлга олинди

15:06 / 08.02.2025