Жамият | 14:38 / 20.05.2022
9924
3 дақиқада ўқилади

“Ўғлимдан айрилдим, энди икки қизим оғир дардга чалинди” — кўргиликлар чангалида яшаётган она қисмати 

Марғуба Ашрапова уч фарзанднинг онаси эди. Афсуски тўнғич фарзанди – ёлғиз ўғли автоҳалокат туфайли эрта оламдан ўтди. Аммо шу билан онанинг синовлари тугамади: катта қизида 12 йил аввал қандли диабет хасталиги аниқланган. Уни даволатиш учун елиб-югураётган онага яна бир қаттиқ зарба келди – кичик фарзандга ҳам оғир касаллик ташхиси қўйилди ва ҳозир Ҳиндистонда даволанмоқда. 

Наманганлик Марҳаматхон ая кексалик гаштини сурадиган паллада фарзанди бошига тушган кўргиликлар сабаб ёрдам истаб нажот ахтармоқда. Аянинг қизи Марғубахон ва набираси Муҳсинахона айни пайтда Ҳиндистонда.

“Менинг ёшимда одамлар Ҳаж, Умра сафарлари ҳақида ўйлашади. Лекин менда қийин вазият.

Қизим икки фарзанди билан уйимга қайтиб келган. Ўзимнинг турмуш ўртоғим тўшакка михланиб қолганига 19 йил бўляпти. Буларнинг ҳаммасига сабр қиламан. Лекин 17 яшар набирам қандли диабет билан оғрийди. Ҳар ойда унинг муолажалари учун анчагина маблағ керак бўлади.

Бунинг устига, 7 ёшга тўлаётган кенжа набирам эса тўсатдан дардга чалинди. Озода-саришта неварам на орқа пешобини, на олди пешобини тута олмайдиган бўлиб қолди. Қўллари қалтираб, баъзида шу қадар ёмон қайт қиладики, болага раҳмингиз келади”, — дейди беморнинг бувиси.

Муҳсинахоннинг дарддан фориғ бўлиши учун унга хорижда ўтказиладиган операция тавсия қилинган. Аммо оила аъзолари ҳар қанча уринмасин, бу маблағни топиш муаммо бўляпти. Ҳозирда қизалоқ онаси билан Ҳиндистондаги клиникада навбатдаги операцияни ўтказишган. Аммо кейинги муолажалар ва ватанга қайтиш учун уларда имкон йўқ.

“Биз шу йўл билан синаляпмиз. Уйимдаги иккита ногирон учун ҳам бунчалик куйинмагандим. Бу неварамникига чидолмаяпман. Энди иродам етмаяпти. Икки боласининг ҳам ногирон бўлиб қолганини кўтаролмаган онасининг ҳам саломатлиги яхши эмас”, — фарзанди ва невараларининг кўргиликларидан изтиробга тушади ая.

Биз хасталиклар билан курашаётган тақдирларга деярли ҳар куни дуч келамиз. Аммо бу қадар аянчли ҳаёт синовлари бошидан кечаётган инсонлар ҳаётининг ҳар дақиқаси қанчалик оғирлигини ҳис қилиш учун уларнинг ҳасратини эшитиш кифоя. Шуни ҳис қилганларнинг савоблари кўпайишига тилакдошмиз.

Муҳсина Ашраповага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0610 0786 2161 бувиси Марҳамат Акрамова номида

Ҳумо: 9860 1601 0725 1581 бувиси Марҳамат Акрамова номида

Мавзуга оид