Мутахассислар баҳоларига кўра, Украинадаги урушда советлар қуролли кучлари кўрсатмалари ва уставлари бўйича ҳаракатланаётган Россия армияси янгича типдаги армияга қарши туришига тўғри келмоқда. Украина қуролли кучлари нисбатан мослашувчан тактика ва ташкилотчиликни ишлаб чиқишга муваффақ бўлган, эндиликда, Киевдагилар уларга янада замонавий ва такомиллашган қуроллар керак деб ҳисобламоқда. Аммо янги қуроллар етказиб берилиши украиналиклар қаршисида янги муаммоларни келтириб чиқармоқда – бундай қуроллардан фойдаланишни ҳам ўрганиш керак.

«Агар Украина ҳамкорларимизда мавжуд, Россия томонидан қўлланаётган қуроллар билан таққослаш мумкин бўлган барча қуроллардан фойдалана олганида эди, биз бу урушни аллақачон якунлаган бўлардик», деганди президент Володимир Зеленский апрел ойи охиридаги мурожаатларидан бирида.

Украинага қурол етказиб бериш урушдан аввалроқ бошланганди, аммо урушга қадар ва урушнинг илк кунларида Ғарб асосан пиёдалар учун қуролларни жўнатган – танкка қарши қўлда олиб юрилувчи ракеталар ва зенит ракета мажмуалари, шунингдек турли ҳарбий юклар – асосан, ўқ-дорилар, амуниция (аскарнинг кийим ва қуролдан бошқа анжомлари), тиббий тўпламлар, тунги кўриш воситалари. Бу жўнатмалар урушнинг дастлабки даврида россияликлар юришини тўхтатишга ёрдам берди.

Урушнинг кейинги ҳафталарида, айниқса россиялик ҳарбийлар Киевни эгаллай олмагач, бу йўналишдан чекиниб, асосий кучларни Донбасс ва Украинанинг жанубий ҳудудларига йўналтирганидан кейин Украина Ғарбдан нисбатан оғир қуроллар сўрай бошлади.

Энди Украинага реактив ва стволли артиллерия, юқори аниқликдаги снарядлар, зирҳли техника ва ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуалари, учувчисиз учиш қурилмалари, кемаларга қарши ракеталар керак эди. Бундан ташқари, экспертлар фикрича, Украина ҳарбий ҳаво кучларига жанговар самолётлар ва вертолётлар ҳам керак.

Умуман олганда, украинлар армияси Россия кучларига бутун фронт бўйлаб эмас, муҳим нишонларга аниқ зарбалар бериш орқали мослашувчан тактика билан қарши туришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса россиялик ҳарбийларнинг жойлашуви ва ҳаракатлари тўғрисида энг сўнгги маълумотлардан хабардорликни талаб этади.

Javelin ракеталари Украинага урушдан анча олдинроқ кела бошлаганди. Фото: Getty Images

Айнан шунинг учун украинлар разведка ва нишонни белгилаш воситалари – радарлар, батареяга қарши уруш воситалари, дронлар ва сунъий йўлдош маълумотларига муҳтож.