Қизил Хочнинг Донецк областидаги гуманитар миссиясида ишловчи уч украиналик ўққа тутиш оқибатида ҳалок бўлди, яна икки киши яраланган. Бу ҳақда Украина ҳукумати хабар берган ва маълумот Қизил Хоч халқаро қўмитаси томонидан тасдиқланган. Улар фронт яқинидаги қишлоқларда уйларни иситиш учун ишлатиладиган брикет маҳсулотларини олиб кетаётганди. Россиялик ҳарбийлар зарба ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирмади.

Украина президенти Володимир Зеленский пайшанба куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали россиялик ҳарбийлар Донецк областида Қизил Хоч халқаро қўмитаси гуманитар миссияси машиналарига ҳужум қилгани ҳақида маълум қилди.

«Афсуски, уч киши Россиянинг бу зарбаси қурбони бўлди. Бу урушда барчаси равшан: Россия ёвузлик қилмоқда, Украина инсонлар ҳаётини ҳимояламоқда», — дея ёзган Зеленский ижтимоий тармоқлар орқали.

Бунга қадар област ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкин пайшанба тонгида россиялик ҳарбийлар Веролюбовка қишлоғига артиллерия зарбаси йўллагани, бунинг натижасида уч киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди.

Донецк прокуратураси аниқлик киритишича, «Қизил Хоч халқаро қўмитаси ходимлари мазкур аҳоли яшаш пунктига маҳаллий аҳоли уйларини иситиши учун ёнилғи брикетлари келтирганди». «Ўққа тутиш вақтида улар етказилган ёрдамни тушираётганди», — дейилган хабарда.

Ҳужум оқибатида воқеа жойида 40, 41 ва 48 ёшли кишилар ҳалок бўлган, дейилади прокуратура хабарида, яна икки киши осколка санчилиши ва портлаш зарбаси оқибатида яраланган. Зарба оқибатида юк машинаси ҳамда яна бир енгил автомобил ёниб кетган.

Веролюбовка фронт чизиғидан тахминан 8 км масофада жойлашган. Россиялик ҳарбийлар қишлоқ бўйлаб берилган зарба ҳамда Қизил Хоч ходимлари ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни изоҳламаган.

Қизил Хоч ўққа тутиш оқибатида ташкилотнинг уч ходими ҳалок бўлганини, яна икки ходим яраланганини тасдиқлаган. Ташкилот сайтида жойлаштирилган баёнотда зарба гуманитар ёрдам тарқатилиши мўлжалланган нуқтага қарата берилгани айтилган.

Ёрдам тарқатилиши ҳали бошланмаганди, шу туфайли маҳаллий аҳоли вакиллари жабрланмаган, дея аниқлик киритилган ташкилот баёнотида.

Донецк области прокуратураси ўққа тутиш оқибатлари акс этган фотоларни улашган

Қизил Хоч мазкур ҳужум ортида ким турганини кўрсатмаган, аммо инсонпарварлик ёрдами тарқатиладиган пункт ўққа тутилишини «виждонсизлик» деб атаган.