АҚШ Хитой ва Тайванга нисбатан сиёсатини ўзгартирмаслиги маълум қилинди
Байденнинг Тайванга Пекин томонидан ҳужум қилинган тақдирда ёрдам бериш ҳақидаги ваъдасини изоҳлар экан, АҚШ мудофаа вазири Остин Ллойд Қўшма Штатлар ягона Хитой сиёсатини давом эттиришини таъкидлади.
Вашингтон Хитой ва Тайванга нисбатан сиёсатини ўзгартирмади, дея маълум қилди 23 май, душанба куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин. Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден, агар Хитой Тайванга қарши қуролли тажовуз қилса, мамлакат унга ҳарбий ёрдам кўрсатишига ваъда берган эди.
Токиода Япония бош вазири Фумио Кисида билан учрашув чоғида журналистнинг АҚШ Тайван Пекин томонидан ҳужумга учраган тақдирда унга «ҳарбий ёрдам кўрсатиши» ҳақидаги саволига Байден «Ҳа», деб жавоб берди. «Бу биз олган мажбурият», дея қўшимча қилди у.
«Бизнинг сиёсатимиз ўзгармади, - деди Остин 23 май куни кечқурун АҚШ раҳбарининг баёнотларини шарҳлар экан. - Президент айтганидек, бизнинг «ягона Хитой» сиёсатимиз ўз кучида қолади».
Ҳозирча АҚШ Тайванга нисбатан «стратегик ноаниқлик» тамойилига амал қилган. Бир томондан Вашингтон Тайванга мудофаа қобилиятини ривожлантиришга ёрдам берди. Бошқа томондан, у уруш бўлса, унга ёрдам кўрсатиш борасида аниқ ваъда бермаган.
Пекин Тайванни ўзининг ажралиб чиққан провинцияси, деб ҳисоблайди, у материк билан – керак бўлса, ҳарбий куч ёрдамида бирлаштирилиши керак. АҚШ 1979 йилдан бери Пекин раҳбариятини Хитойнинг ягона ҳукумати сифатида тан олади. Бироқ, Байден 23 май куни таъкидлаганидек, бу Хитой Тайванни куч билан эгаллаши мумкин, дегани эмас.
Байденнинг сўзларига муносабат билдирган Пекин расмийлари «миллий манфаатларни ҳимоя қилиш» ҳақида баёнот берди. «Хитой халқининг суверенитет ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишдаги қатъияти, иродаси ва қобилиятини эътибордан четда қолдирмаслик керак», - деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин.